1919-йил ноябр ойида урушдан кейин биринчи марта парламентга сайлов ўтказилди. Сайловгача ўнг партиялар «Миллий блок» деб аталувчи иттифоққа бирлашди. Блокни ўта ўнг партиялар — «Миллий республикачилик партияси», Республикачи-демократик партия» — тузган эдилар. Радикаллар ва Республикачилар партиялари уларга қўшилган. Унинг ички ва ташқи сиёсати Версал шартномаси Франсияга жуда катта фойда келтирган бўлса-да, ўта ўнг кучларни у қаноатлантирмас эди. Шунинг учун улар Версал шартномасини Франсия дипломатиясининг муваффақияцизлиги деб ҳисобладилар. Шу боис сайлов олдидан ўта ўнг партиялар мамлакатда миллатчилик ғояларини зўр бериб авж олдирдилар. Айни пайтда улар аҳолининг ма’лум қисмини «болшевизм хавфи» билан ҳам чўчитишга эришдилар. Бу омиллар «Миллий блок»нинг сайловда ғалаба қозонишини та’минлади. Улар Миллат Мажлисидаги жами ўринларнинг учдан икки қисмидан кўпроғини эгаллашга муваффақ бўлдилар. Бу ўнг кучлар ғалабасининг рекорд даражаси эди. «Миллий блок» ҳукуматини А. Милеран (1859—1943) бошқарди. «Миллий блок»нинг ички сиёсатдаги асосий вазифаси мамлакатда инқилоб рўй беришига йўл қўймаслик ва ижтимоий ҳаракат тўлқинини пасайтириш эди. Шунинг учун ҳам у сайловчиларга ишчиларнинг даромадидан ўз улушларини олишларига имконият яратиш, уларга корхоналарни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқини бериш каби чуқур ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга ва’да берди. Бироқ тез орада бошланган жаҳон иқтисодий инқирози бу ва’даларни бажаришга имкон бермади. Аксинча, А. Милеран ҳукумати, йирик капитал хоҳиши ўлароқ, 8 соатлик иш вақти жорий этиш тўғрисидаги қонунни амалда жорий этишга тўсқинлик ҳам қилди. Солиқлар юкини камайтирмади. Иш ҳақи оширилиши ҳақидаги талабларга қаршилик кўрсатди. Бундай сиёсат мамлакатда кучли иш ташлаш ҳаракати авж олишига олиб келди. 1919-йилда бу ҳаракатларда 1,2 млн дан ортиқ ишчи қатнашди. Ўта ўнг партиялар сиёсатига қарши позицияда турадиган йирик сиёсий куч Франсия социалистик партияси (ФСП) эди. Бироқ унинг сафида ҳам бирлик йўқ эди. Бу партияда ўнг, марказ ва сўл қанот деб аталувчи гуруҳлар ўртасида ўзаро ички кураш давом этмоқда эди. 1920-йилнинг декабр ойида ФСПда бўлиниш юз берди. Бўлиниб чиққан қисм янги сиёсий партия — Франсия Коммунистик партиясини (ФКП) тузди. Ижтимоий ҳаракатда ана шундай бўлинишлар, шунингдек, касаба уюшмаларида ҳукумат билан келишишга интилувчи томон кучли мавқега эгалиги ҳукуматни мамлакатда туб ижтимоий ислоҳотларни ўтказишга мажбур этиш имконини бермади. «Миллий блок» ташқи сиёсатида Франсиянинг Европада етакчи давлат бўлиб қолиши учун қўлидан келган барча чораларни кўрди. Чунончи, у Германияни мумкин қадар кучсизлантиришга интилди. 1920—1921-йилларда Франсия та’сири остида Чехословакия — Руминия — Югославия иттифоқи тузилди. У тарихда «Кичик Антанта» номи билан ҳам ма’лум. Бундан ташқари, 1921-йилда ҳам Совет Россияси, ҳам Германияга қарши қаратилган Франсия — Полша ҳарбий иттифоқи тузилди. Бунга жавобан Германия ва Россия 1922-йилда Рапалло шартномаси деб аталган савдо-иқтисодий шартномани имзоладилар. Шартнома ҳар иккала мамлакатнинг халқаро мавқейини мустаҳкамлади. Франсиянинг Европада ўз гегемонлигини бутун чоралар билан қарор топтиришга уриниши унинг Буюк Британия ва АҚСҲ билан муносабатларини совуқлаштирди. Буюк Британия Европада Франсиянинг гегемон бўлишини асло истамас, аксинча, бу мавқега ўзи да’вогарлик қиларди. Халқаро майдонда гегемонликка да’вогар АҚСҲ ҳам Франсиянинг янада кучайиб кетишини хоҳламас эди. Шунинг учун Буюк Британия ва АҚСҲ Германия Франсияга тўлаши лозим бўлган товон миқдорини мумкин қадар камайтиришга интилганлар. Бунинг устига, Германия товонни ҳамиша ҳам вақтида ва белгиланган миқдорда тўлаш қобилиятига эга бўлмаган. Германия товоннинг бир қисмини кўмир билан тўлаш мажбуриятини ҳам олган эди. 1922-йилда Рур вилоятидан Франсияга кўмир юборишни тўхтатди. Бу ҳодиса Франсия металлургия саноати ривожига катта салбий та’сир кўрсатди. Бунинг олдини олиш мақсадида «Миллий блок» ҳукумати (бу вақтда уни ашаддий милитарист ва шовинист Р. Пуанкаре бошқарар эди) 1923-йил январда Рур вилоятига қўшин киритди ва уни босиб олди. Бироқ Франсия ўз мақсадига эриша олмади. Рур кўмир конлари ишчилари (немислар) Германия ҳукуматининг чақириғи билан кўмир қазиб чиқариш ва уни вагонларга ортишдан бош тортдилар. Натижада Франсиянинг ўнлаб металлургия заводларида иш тўхтаб қолди. Айни пайтда истилочи қўшинни сақлаб туриш ҳукуматни ма’носиз катта харажат қилишга мажбур этди. Бу харажат солиқларни янада ошириш эвазига амалга оширилди. Мамлакатда пул қадрсизланди. Бу эса Франсияда ички сиёсий вазиятни кескинлаштириб юборди. Рур истилоси халқаро муносабатларда танглик юз беришига олиб келди. Буюк Британия Германиянинг ёнини ола бошлади. АҚСҲ ва Буюк Британия Франсиянинг Европа қит’асида гегемонлик ўрнатиш хомхаёлини бутунлай чиппакка чиқариш йўлларини қидира бошладилар. Бу йўлни топдилар ҳам. Бу йўл Германия иқтисодиётини тиклаш ва бу билан Германиянинг Европа сиёсий ҳаётидаги ролини оширишга хизмат қилувчи Дауэс режасини ҳаётга татбиқ этиш эди. Шу тариқа Рур истилоси аслида ҳукуматнинг калтабин сиёсати бўлиб чиқди. Бу истило Франсиянинг ички ва ташқи аҳволини ёмонлаштириб юборди. Бу эса охир-оқибатда «Миллий блок»нинг 1924-йилдаги сайловда мағлубиятга учрашига олиб келди.

Блокнинг қулаши

Социалистик партия билан орани очиқ қилган Радикаллар партияси ўнглар билан ҳамкорлик йўлига ўтди. Ўнг кучлар радикаллар билан коалицион ҳукумат туздилар. Бу ҳукумат «Миллий блок» ҳукумати деб аталди ва унга яна Р. Пуанкаре (1860 — 1934) бошчилик қилди. Парламент Р. Пуанкарега молиявий ислоҳот учун чекланмаган ваколатлар берди. Чунончи, ҳукумат солиқларни 9 млрд франкка кўпайтирди. Давлат харажатларини қисқартирди. Уруш ногиронларига тўланадиган нафақалар камайтирилди. 1926-йилда франкнинг барқарорлашувига эришилди (1 доллар аввалги 47 франк ўрнига 24,8 франкка тенг бўлди). Инфлациядан энг кўп зарар кўрган майда мулкдорлар Р. Пуанкарега франк халоскори деб қарай бошлади. Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида давлат буджети даромадлари илк бор урушдан кейинги харажатлардан ортиқ бўлди. Молиявий барқарорлик, ўз навбатида, иқтисодиётнинг умумий юксалиши бошланганини англатар эди. Франсия саноати маҳсулоти ҳажми биринчи бор урушдан олдинги даражадан ортиқ бўлди. 1930-йилга келганда Франсияда икки жаҳон уруши оралиғидаги энг юқори саноат ишлаб чиқаришига ва савдо айланмасига эришилди. У саноат тараққиётининг ўсиш сурати бўйича Буюк Британия ва Германияни ортда қолдирди. Иқтисодиётда давом этган барқарор тараққиёт аҳоли турмуш даражаси ўсишига ҳам ижобий та’сир кўрсатди. Чунончи, 1926-йилдан бошлаб ишсизлик, кексалик нафақалари ҳамда касаллик, ногиронлик ва ҳомиладорлик ёрдам пуллари жорий этилди.

Адабиётлар

[1]

Манбалар

  1. ↑ Ш А'замов. Жаҳон урушлари тарихи. Тошкент-2010 — 345-346-бет.