Milliy boylik
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Миллий бойлик — мамлакатнинг товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва кишилар ҳаётини таъминлаш шароитларини белгиловчи ресурслари мажмуи. Умуман, мамлакатнинг мулкий ҳолатини тавсифлашда қўлланиладиган Миллий бойлик кўрсатикичи турли шаклда жамғарилган кишилар меҳнат маҳсуллари натижалари билан бирга иқтисодий муомалага киритилган табиат ресуреларини, шунингдек, хориждаги молиявий активлар ва ҳисобкитоблар салдосини ҳам ўз ичига олади. Миллий бойликни ҳисоблаш миллий ҳисоблар тизими консепсиясига асосланади, Миллий бойлик ҳар бир мамлакат халқи ҳаёти ва тараққиётида катта аҳамиятга эга бўлиб, умумий ҳаёт даражасини, мамлакатнинг салоҳиятини ифодалайдиган жуда муҳим макроиқтисодий ва умумиқтисодий кўрсаткичдир. Миллий бойлик биринчи марта инглиз иқтисодчиси У. Петти (1623—1687) томонидан 1664-йилда ҳисобланган эди, Франсияда Миллий бойликни биринчи марта ба-ҳолаш 1789-йилда, АҚШда 1805-йилда, Россияда 1864-йилда амалга оширилган эди. У. Петти "меҳнат — бойликнинг отаси, ер — унинг онаси", — деган ва умумий бойликни ишлаб чикарилган маҳсулотлардан иборат, деб тушунган. Миллий бойликни ҳисоблашда қишилик жами-яти ҳаёти ва тараққиётининг моддий асоси, биринчи, навбатда, моддий табиат эканлигини унутмаган ҳолда, энг аввало табиий бойликлар — ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўрмонлар ва бошқа аниқ ва тўғри ҳисобга олиниши лозим. Сўнгра улар воситасида инсон меҳнати билан ишлаб чиқарилган ва жамғарилган моддий бойликлар тўла-тўкис ҳисобга киритилиши керак: 1) моддий ишлаб чиқариш соҳасидаги моддий фондлар; асосий фондлар; моддий айланма воситалар; уларнинг резервлари; 2) ноишлаб чиқариш соҳасидаги моддий фондлар; асосий фондлар, шу жумладан, турар жой фонди; бошқа моддий бойликлар; 3) аҳоли уй-рўзғор хўжалигидаги узоқ муддатли фойдаланиладиган моддий неъматлар; 4) турли хил резерв фондлар. Бу фондларни яна икки фондга бўлиш мумкин: 1) унумли (ишлаб чиқариш) фондлари; 2) бевосита истеъмолбоп фондлар. Миллий бойликни мулкчилик шакллари бўйича таснифлашнинг аҳамияти катта. Шу билан бирга табиий бойликларнинг ва ишлаб чиқариладиган, жамғарилган бойликларнинг ҳар бир муайян даврда кимлар эгалигида ва фойдаланишида эканлигини ҳисобга олиш ҳам муҳим. Мамлакат, жамият Миллий бойликги унинг фақат моддий бойлигидангина иборат эмас. Унинг маънавиймаданий ва бошқа унсурлари ҳам бор. Мамлакат аҳолиси, унинг меҳнатга қобиллилиги, аклий ва жисмоний қобилиятлари, хилма-хил кўникмалари аслида, инсоний нуқтаи назардан ҳар қандай жамиятнинг асосий бойлигидир. Шу сабабли ҳозирги даврда барча мамлакатлар ўз аҳолисини, унинг маънавиятини ва маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳаракат қилади; барча моддий (табиий ва ишлаб чиқарилган) неъматлар, маънавий неъматлар (илм, фан, маданият, санъат бойликлари ва бошқалар) инсонга, кишиларга хизмат қилиши лозим. Иқтисодий адабиётларда инсоннинг иш кучини, аклий ва жисмоний қобилиятларини "инсоний капитал" деб аташ ҳам бор. Ҳозирги даврда дунёда тегишли мутахассислар ва муассасалар турли мамлакатларда инсоний салоҳиятни, табиий бойликларни ва такрор ишлаб чикариладиган бойликларни баҳолаш, уларнинг умумий ҳажмини, йиғиндисини ва аҳоли жон бошига тўгри келадиган миқдорини аниқлаш билан ҳам шуғулланади. Жаҳон банки экспертларининг баҳолашига кура, ХХ аср охирида инсоният 550 трлн. АҚСҲ долларидан ортиқ (ёки аҳоли жон бошига 90 минг долларлик) бойликка эга бўлган; шу жумладан, АҚСҲ энг кўп даражадаги жаъми 120 трлн. доллар (аҳоли жон бошига 460 минг доллар) бойликка эга. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришиши билан мамлакат ҳудудидаги барча бойликлар Миллий бойликка, миллий мулкка айлантирилди. Бу Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Рес-публикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги қонунининг (1991-йил 31 авг.) 7моддасида: "Республика ҳудудидаги ер, ер ости бойликлари, сув ва ўрмонлар, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, табиий ва бошқа ресурслар, республиканинг маънавий бойликлари Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлиги, мулки ҳисобланади", деб кўрсатилган. Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда, мамлакатнинг инсоний салоҳиятини, табиий ва яратилган (ишлаб чикарилган) бойликларни аниқ баҳолаш, уларни бир-бирига таркибий жиҳатдан мувофиқлаштириш, кўпайтириш ва такомиллаштириш энг долзарб вазифаларга киради.
Адабиётлар
- Каримов И. А., Ўзбекистон ХХИ аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Т., 1997; Смит А., Исследование о природе и причинах богацтва народов, М., 1962; Фишер С, Дорбуш Р., Шмалензи Р., Экономика, пер. с англ., М., 1995.
Эрлис Алқулов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |