Milliy daromad
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Миллий даромад - 1) мамлакатдаги миллий иқтисодиётнинг хўжалик юритувчи субектлари томонидан муайян бир даврда (одатда бир йилда) моддий ишлаб чиқариш тармоқларида яратилган соф маҳсулот; ялпи маҳсулот ҳажмидан уни ишлаб чиқариш учун сарфланадиган меҳнат воситалари ва буюмларини қоплайдиган маҳсулот миқдорини — қоплаш фондини чегириб ташлангандан кейин қоладиган маҳсулот; 2) Ғарб мамлакатлари иқтисодчилари талқинида мамлакатдаги меҳнат, капитал ва ер эгаларининг бир йилда олган иш ҳақи, фойда, фоиз ва рента каби даромадлари йиғиндиси.
Йил давомида яратилган ялпи маҳсулот қиймати 2 қисмдан иборат: илгари яратилган ва сарфланган ишлаб чиқариш воситаларининг маҳсулотга кўчирилган қиймати; янгидан яратилган қиймат. Янгидан яратилган қиймат соф маҳсулотнинг (Миллий даромаднинг) қийматидир. Миллий даромад моддий ишлаб чиқариш тармоқларидаги корхоналар соф маҳсулотларининг йиғиндиси сифатида ҳисобланади. Айрим тармоқ ёки корхоналарнинг соф маҳсулоти унинг ялпи маҳсулоти ва моддий ишлаб чиқариш сарфлари ўртасидаги фарқ (қолдиқ) сифатида аниқланади. Хизмат кўрсатувчи фирманинг ялпи пул тушумидан хизмат кўрсатиш бўйича моддий сарфлар чегирилиб, хизмат кўрсатувчи фирманинг (корхонанинг) пул шаклидаги ялпи даромади аниқланади.
Ўзбекистон Республикасида Миллий даромадни моддий ишлаб чиқариш соҳасида яратилган соф маҳсулот сифатида ҳисоблаш бўйича катта тажрибалар тўпланган. Чунки яқин ўтмишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва фойдаланилган Миллий даромад соф маҳсулот сифатида ҳисобланган. Бундай қоиданинг ҳозирги пайтда ҳам амал қилиши жуда катта ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эгадир, чунки бу усул ишлаб чиқариладиган маҳсулотни, қоплаш фондини ва соф маҳсулотни ҳисоблаш, истеъмолни ва жамғаришни оптималлаштириш сиёсатини ўтказишга имкон беради. Соф маҳсулотнинг муттасил кўпайиши, ўсиши эса ишлаб чиқариш соҳасида ва бошқа соҳаларда банд кишилар, корхоналар ва ташкилотлар моддий таъминланишини янада оширади.
Жамиятда олинадиган иш ҳақи, фойда, рента, фоиз каби даромадлар йиғиндиси — бирламчи пул даромадлари ва уларни қайта тақсимлашлар (шу жумладан, хизматлар, ижара, прокат, қарз, солиқ кабилар орқали қайта тақсимлашлар) натижасида ҳосил бўладиган иккиламчи ва ҳоказо пул даромадлар йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам муомаладаги пул массаси ҳам, иш ҳақи, фойда, рента ва фоиз шаклида олинган пул даромадлари йиғиндиси ҳам жамиятнинг ҳақиқий Миллий даромад бўла олмайди, чунки қоғоз пуллар ва пул даромадлари ҳақиқий, реал даромад эмас, уларнинг миқдорига ва харид кучига кўп омиллар таъсир этади.
Ҳар қандай мамлакатда, жамиятда моддий ишлаб чиқариш соҳаси тармоқларида яратилган соф маҳсулотлардан иборат Миллий даромадгина бошқа шарт-шароитлар тенг ва ўзгармас бўлганда, бутун халқ истеъмолини ва мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг, ҳар бир шахс ва барча аҳоли реал даромадларини оширишнинг жуда муҳим моддий асосидир. Миллий даромад моддий ишлаб чиқариш соҳасида яратилган соф маҳсулотнигина қамраб олади. Шунинг учун ҳам миллий ҳисоблар тизимита ўтиш муносабати билан халқаро ҳисобкитоблар учун БМТнинг тавсиясига биноан, Миллий даромад ўрнига ялпи миллий маҳсулот, 1993-йилдан эса ялпи миллий даромад кўрсаткичи қўлланила бошлади.
Адабиёт
- Смит А., Исследование о природе и причинах богацтва народов, М., 1962; Рикардо Д., Соч. Т. И. Начала политической экономики и налогового обложения, М., 1955.
Эрлис Ашқулов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |