МИЛЛИЙ ПАРТИЙА — ҳудудий, чегараларда эмас, бутун давлат миқиёсида амал қилувчи партия бўлиб, у парламентга сайловлар мобайнида (ба‘зан президентликка тўғридан-тўғри сайловлар мобайнида) доимий равишда муайян фоиз овоз олади (одатда 2-3 фоиздан кам бўлмаган), ўз низоми, дастурига эга, рўйхатдан ўтган, муайян миқдорда аъзоларга эга (мас., Мексикада 1947-йил қонунига кўра штатларнинг ярмидан 65 мингдан кам бўлмаган а‘золар сони). Миллий деб эътироф этилган партиялар (одатда бу — марказий сайлов қўмитаси томонидан қилинади) сайловларда бир қатор устунликка эга бўлади. Улар учун ушбу партия номзодларини қувватловчи имзолар йиғиш шарт эмас. Миллий партиялар консепсияси сайлов тизимини бир мунча соддалаштириш, ортиқча ҳаракат ва сарфлардан қочиш, вақтни тежаш имконини беради. Ба‘зи мамлакатларда партияларни миллий деб тан олиниши икки босқичга эга. Биринчи босқичда партия умуммиллий сайловларда белгиланган миқдорда овоз олиши керак. (мас., Мексикада 1,5 фоиз). Шунда у миллий партия сифатида шартли равишда рўйҳатдан ўтади. Кейинги умуммиллий сайловларда қатнашиб, шу партия яна белгиланган овозлар миқдорини олса, у умуммиллий, деб эътироф этилади.

Адабиётлар

  1. Б. Т. Атаханов, М. Б. Исабаев ФУҚАРОЛИК ЖАМИЙАТИ ФАНИДАН АТАМАЛАР ЛУҒАТИ китобидан.