Мимикрия (инг. мимиcрй, юн. миникос — таклидий) — ҳимоя воситасига эга бўлмаган организмнинг шундай воситага эга бўлган ёки еб бўлмайдиган организмларга такдидий ўхшашлиги; ниқобланиш ранги ва шаклларидан бири. М. ҳайвонларда ҳимоя воситасига эга бўлмаган ҳайвонларнинг атроф муҳитдаги турли нарсаларга, еб бўлмайдиган ёки ҳимоя воситаларига эга бўлган организмларга ўхшашлиги. Масалан, қизилоёқ қуш тухуми ранги ер рангига, шакли тошга ўхшаш бўлади. Игнабаликлар ва денгиз отчаларининг кўриниши сувўтларга ўхшайди. Тропик ўрмонлардаги кўпчилик илонлар ранги ва шакли дарахтларга ўралиб ўсадиган лианаларга ўхшаб кетади. Австралия бутазорларида яшайдиган калтакесаклар танасининг сирти тиканлар билан қопланган. М. ҳайвонлар шаклига ҳам тегишли бўлиши мумкин. Мас, Бразилия дарёларида тарқалган баргбалиқ хазонга, каллима капалаги қуриган баргларга, бешиктерватарлар танасининг ранги ва шакли ўсимликларга ёки қуриган бутоққа ўхшайди. Айрим беозор капалаклар ва иккиқанотлилар заҳарли ариларга, заҳарсиз илонлар ранги заҳарли илонларга тақлид қилади.

Ўсимликларда М. ҳайвонларга ўхшаб бутун организмга эмас, балки айрим органларга тегишли бўлиб, фойдали ҳайвонлар (мас, чанглатувчилар)ни жалб этиш, зараркунандаларни қўрқитиш учун хизмат қилади. Мас, нектарсиз гуллар нектарли гулларга ўхшайди. Ҳашаротлар бу гуллардан шира қидириб, уларни чанглатади. Ҳашаротхўр ўсимликлар тутқич аппарати оқиш рангли гулга ўхшашлиги туфайли ҳашаротларни жалб қилади. Гулга қўнган ҳашаротлар қопқонга тушиб қолади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил