Minorai Kalon
Минорайи Калон, Арслонхон минораси — Бухородаги меъморий ёдгорлик. Пойи Калон меъморий ансамблининг бир қисми. Эски Бухоронинг энг баланд иншооти, баландлиги 47.5метр. Мазкур иншоот меъмор Уста Бақол лойиҳаси асосида қорахоний ҳукмдор Арслонхон топшириғига биноан 1127-йилда бунёд этилган[1]. Ҳозирги кунда минора Ўзбекистон моддий ва маданий меъросининг кўчмас мулк обектлари миллий рўйхатига киритилган.
| Минораи Калон | |
|---|---|
Арслонхон минораси | |
| Муқобил номлари |
Минораи Калон Арслонхон минораси |
| Умумий маълумот | |
| Мақоми | Тарихий обида |
| Тури | тоқ |
| Шаҳар | Бухоро |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| Қурилиши бошланган | 1127-йил |
| Техник ҳолати | |
| Материал | пишган ғишт, ганч |



Тарихи
Мазкур минора ўрнида аввал ҳам минора бўлган. Эски минора қулаб тушгач унинг ўрнига мустаҳкам қилиб Арслонхон минораси қурилган[1]. Миноранинг асосий вазифаларидан бири мусулмонларни азон айтиб намозга чақиришдан иборат бўлган. Миноралар асосан бирор масжид олдида ёки жоме масжиди қаршисида бунёд этилган. Миноранинг яна бир вазифаси бўлиб, нотинч ва уруш пайтида душманни кузатиш учун керак бўлган. Ўз вақтида Минораи Калон юқоридан кузатиш ва дин ишлари, хусусан, аҳолини Пойи Калон масжидига байрам намозларига ва жума намозларга чақириш учун хизмат қилган. Минора баъзи шаҳарда қуриладиган иморатлар учун ўлчов вазифасини ҳам бажарган[2] . Баъзи манбаларда Бухоро амирлиги даврида бу ер томошавий қатл жойи бўлган деган фаразлар ҳам учрайди.Лекин бу аслида ҳақиқатга то'г'ри келмайди, чунки, бу минорадан улоқтириб юбориш билан бог'лиқ оммавий қатиллар ҳақида ҳеч қандай тарихий исбот ва ёки ҳужжатлар топилмаган шу сабабдан шунчаки халқ орасида тарқалган чо'пчак бо'лиш эҳтимоли катта. Бу улуғ иншоот бунёд бо'лиши билан боғлиқ кўплаб афсоналар келтирилган. Улардан бирида айтилишича, туя сути ва алебастр қоришмасидан миноранинг пойдеворини тиклаган уста-қурувчи бирдан ғойиб бўлган ва икки йилдан кейин, пойдевор пишиқ ва мустаҳкам бўлгандан сўнг қайтиб келиб, иншоотни ғиштдан кўтариш ишларини бошлаган. Муҳандис ва меъмор Бақо лойиҳаси асосида Қорахонийлар сулоласидан Арслонхон Муҳаммад 1127-йилда қурдирган. Пойдевори тош ва махсус қир қоришмасидан терилган. 1920-йил Фрунзе бошчилигидаги қизил армия босқини натижасида Минораи Калон қаттиқ шикастланган. Ҳозирги кунда шикастланган жойларининг минорада излари мавжуд[3]. Минораи Калон пойдевори ўлкашунос С. Н. Юренов томонидан 1950-йилларда очиб ўрганилган аммо у сизот сув чиқаётганлиги сабабли шаҳарнинг қадимий қатламига етиб бора олмаган[4]. 1976-йилги Газли зилзиласидан ҳам Минораи Калон шикастланган. Шарқшунос олим Ғулом Каримий ўзининг „Арслонхон минораси“ номли тарихий китобида мазкур иншоотни Минораи Калон эмас, балки Арслонхон минораси эканлигини исботлаб берган[5]. Мазкур минора Пои Калон мажмуасида жойлашган. Мажмуага Масжиди Калон, Минораи Калон, Мири Араб ва Амир Олимхон мадрасаси киради. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабов фикрига кўра Минораи Калон Туркистон минтақасидаги энг баланд ва йирик миноралардан бири ҳисобланади.
Меъморчилиги
Минораи Калон ер сатҳидан 10м чуқур, баландлиги 47,5м, курсиси қиррадор, танаси ғўласимон, тепаси гумбазли давра қафаса-кўшк билан боғланган. Минора юқорига ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Қафасасидаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 105 пиллапоя айланма зина орқали чиқилади. Масжиди Калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча мавжуд. Минораи Калоннинг ўзаги ҳам, безаги ҳам чорси ғишт (27х27х4х5 см) ганчхок лойида терилган. Безак ғишти ўрнига қараб турли шаклда, сирти силлиқ пардозланган.Устма-уст жойлашган турли хил ҳандасавий шаклдаги бежирим безакли ҳалқалари ғиштин данданалар билан ҳошияланган.Минорадаги безаклар орасида тарихий ва диний мазмундаги куфий ёзувлар учрайди.Муқарнас остидаги мовий ранг сиркор ҳалқаларнинг ҳар бири турли хил ҳандасавий шаклда безатилган (кейинчалик тўкилиб кетган). Минораи Калон шу турдаги қадимий иншоотлар орасида алоҳида ўрин тутади. Шаклларнинг ўзаро монандлиги ва мутаносиблиги, ҳандасавий уйғунлик, ажойиб кўрк ва маҳобатлилик Минораи Калонга чинакам гўзаллик бағишлайди. Минора 900 йилдан буён ўзининг мустаҳкамлиги билан ажралиб туради. Минораи Калон белбўғида 20 дан ортиқ нақшинкор халқалар мавжуд[2].
Яқин ўтмишда
1924-йил Танаси ва муқарнаслари таъмир этилган. 1960-йил Ер остидаги асоси (курсиси) уста Очил Бобомуродов томонидан очиб таъмирланган. 1997-йил Бухоронинг 2500-йиллиги муносабати билан Минораи Калонда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Минораи Калон Бухоро шаҳрининг ноёб ва кўҳна ёдгорликлари қаторидан асосий ўрин эгаллаган[6].
Адабиётлар
Илмий адабиётлар
- Ражабов Қ, Иноятов С.. Бухоро тарихи. Тошкент: Тафаккур нашриёти, 2016 — 460-бет. ИСБН 978-9943-24-119-0.
- Азизхўжаев А Масъул муҳаррир. Бухоро шарқ дурдонаси. Тошкент: Шарқ нашриёти, 1997 — 232-бет.
- Бобожонов Ш. Шариф шаҳар ёдгорликлари (Бухоро тарихий обидаларига саёҳат). Бухоро: Бухоро нашриёти, 2017 — 310-бет.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- ↑ 1,0 1,1 Ражабов 2016, с. 162.
- ↑ 2,0 2,1 Бобожонов 2017, с. 58.
- ↑ Бобожонов 2017, с. 60.
- ↑ Бухоро шарқ дурдонаси 1997, с. 1=21.
- ↑ Ражабов 2016, с. 163.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил