Имод ал-Ҳасаний томонидан имзоланган албом варағи, милодий тахминан 1600-йил
Мир Имоднинг чалипа панели
Ал-Фотиҳа[1].

Мир Имод (туғилган вақтдаги исми Имод ал-Мулк Қазвиний Ҳасаний (форсча: میرعماد حسنی قزوینی‎‎),‎ 1554 – 1615-йил 15-август) энг машҳур форс хаттотларидан бири. У Эроннинг Қазвин шаҳрида туғилган. Настаълиқ услуби Мир Имод асарларида ўзининг энг юксак нафислик даражасига етган, деб ҳисобланади[2]. Бу асарлар настаълиқ хаттотлигининг энг нозик намуналаридан саналади ва дунёдаги бир неча музейларда сақланади.

Ҳаёти ва таълими

Мир Имод Қазвинда туғилган ва илк таълимни ҳам шу ерда олган. Мир Имоднинг оиласи Сафавийлар саройида кутубхоначи ва ҳисобчи лавозимларида ишлаган. У хаттотликни аввал Исо Рангкар, сўнг Малик Дейламийдан ўрганган. Кейинчалик Мир Имод Табризга кўчиб, Муҳаммад Ҳуссайн Табризийдан таҳсил олган. Шундан сўнг у Усмонли Туркияси, Бағдод, Ҳалаб ва Ҳижозга саёҳат қилган. У Семнонга қайтиб, Шоҳ Аббоснинг кутубхонасида котиб бўлиб ишлаган, кейинроқ эса Исфаҳон пойтахтидаги саройида хизмат қилган.

Али Ризо Аббосий билан рақобат

Шоҳ Аббос саройида Мир Имод ягона хаттот эмас эди. Яна бир машҳур хаттот – Али Ризо Аббосий Табризий ҳам шоҳ ҳомийлигида бўлган. Али Ризо Аббосий ҳам Муҳаммад Ҳусайн Табризийнинг (Мир Имод устозининг) шогирди эди ва кейинчалик Мир Имоднинг рақибига айланган.

Вафоти

Кейинчалик Мир Имод исломнинг бир йўналиши бўлган суннийликда айбланган, Сафавийлар даврида бу йўналишга тоқат қилинмас эди ва Шоҳ Аббос томонидан билвосита ўлимга ҳукм қилинган. Бир кеча у ҳаммомга кетаётганда Масъуд Бейк Месгар Қазвиний томонидан ўлдирилган ва бир неча кун давомида ҳеч ким унинг жасадини дафн этишга журъат қилмаган. Ниҳоят, унинг шогирди Абу Тураб Хаттот Исфаҳоний уни Мақсудбей масжидига дафн қилган. Мир Имод учун мақбара қуришга рухсат берилмаган.

Асарлари ва мероси

Қалам билан чиройли ёзиш ҳақида рисола бўлган „Адаб ал-Масқ“ Мир Имодга нисбат берилади. Мир Имоднинг қизи Гоҳаршод ҳам моҳир хаттот бўлган. Унинг эри Мир Муҳаммад Али ҳамда ўғиллари Мир Рашид, Мир Абдураззоқ ва Мир Яҳё ҳам шундай эди. Мир Имоднинг ўғли Мирзо Иброҳим ҳам хаттот сифатида танилган. Мирзо Иброҳимнинг ўғли Муҳаммад Амин ҳам шундай.

Манбалар

  1. ↑ ал-Ҳасани ал-Катиб, 'Имад. „Сафинаҳ Фрагмент“ (Арабиc). Wорлд Дигитал Либрарй (1600). 2021-йил 20-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2013-йил 30-июн.
  2. ↑ „ҲИСТОРИC ПЕРСИАН CАЛЛИГРАПҲЙ АРТИСТС“. Қаралди: 2013-йил 19-июн.