Мир Сарбараҳна, Сайид Шамсиддин Муҳаммад Андижоний (Андижон – 15-аср – Ҳирот) – шайх, мутаваллий, садр[1].

Илм олиш учун Самарқандга келади, толиби илмлар даврасига қўшилади. Ҳиротга келгач, Алишер Навоийнинг инояти ва тарбияти билан камолот касб этиб, катта ҳурмат-эътибор қозонган. Хондамир “Хулосат ул-ахбор” асарида:

“Феълининг хушлиги, сўзларининг мулойимлиги, фаҳмининг тезлиги ҳамда зеҳнининг ўткирлиги билан замон фозиллари ва давроннинг зийрак кишилари орасида тамом ажралиб туради. Ҳаммавақт сўзлари ширин ва маъноли ҳикоятлари, гўзал, суҳбатлари ажойиб ва ғаройибдир”, деб унинг таърифини келтиради[2].

Илми ва хулқи билан Ҳусайн Бойқарога ҳам маъқул келади ва садрлик мансабига кўтарилади. Йигирма йилга яқин Шайх Луқмон мозорида шайх ва мутаваллий бўлади. Кейин ўз ихтиёри билан истеъфо беради.

“Мажолис ун-нафоис”да Навоий Мир Сарбараҳна ўз вазифасини сидқидилдан, ҳалол адо этгани, бирор киши унинг ишидан айб топа олмаганини қайд этади. Унга кўра, Мир Сарбараҳна тирзиқ – бир-бирига муносабациз равишда бириккан сўзлар, воситасиз боғланган шеър айтмоқ қоидасини кашф қилган. Баъзи-баъзида яхши тирзиқлар ҳам ижод қилади деб, бир маъракада айтган қуйидаги рубоийсини келтиради:

Онан, ки парастандаи хуршид-у маҳанд,

Аз чашми ту дар орзўйи як нигаҳанд.

Кунгур агар ин аст, ки ман мебинам,

Хубони дигар питанги таълимгаҳанд[3].

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий: Қомусий луғат. 
  2. ↑ Хондамир. Хулосат ул-ахбор. 
  3. ↑ Алишер Навоий. Нажолис ун-нафоис.