Mironshoh
Мироншоҳ Мирзо — Амир Темурнинг учинчи ўғли. 1366-йилда туғилган. Унинг онаси — Менглибек Оғойи Жон Қурбонидир. Мироншоҳ 1380-йилда 14 ёшидаёқ Темурнинг Хуросон юришида қатнашган. Темур ана шу юриш олдидан ҳали қўлга киритилмаган Хуросонга Мироншоҳни ҳукмдор қилиб тайинлаган эди. Бинобарин, Хуросон Темур томонидан забт этилгач, Мироншоҳ Ҳиротга келиб ўрнашади. 1393-йилда эса Темур Шимолий Эрон, Ироқ ва Кавказортидек улкан мамлакатни (собиқ Ҳулагухонга қарашли) идора қилишни Мироншоҳга топширади.
| Мироншоҳ |
|---|
Мироншоҳ ёшлигиданоқ ҳарбий санъатдан маълум даражада хабардор, жасур ва ёвга нисбатан шафқациз жангчи сифатида ном таратган эди. Шунингдек, ўта маккор, майхўрлик ва маишатга берилган киши эди. Тарихий манбаларда нақл қилинишича: Самарқандда бир зиёфат асносида Ҳиротнинг собиқ ҳукмдорининг ўғли Пирмуҳаммаднинг калласини кулиб туриб, қилич билан узиб ташлаган. Кейинчалик ўзининг бу қилмишини "мастлик“ка йўйган.
1376-йилда Жаҳонгир Мирзо вафот этгач, унинг катта беваси Хонзода (Севин бека) бегим 1382-йилда Темур тарафидан Мироншоҳга никоҳлаб берилган. Мироншоҳ Ўзбекхоннинг набираси Хонзода бегимга уйлангач, отаси Темур каби „Кўрагон“ деган лақабга мушарраф бўлган.
Мироншоҳ Мирзо ўз пойтахти сифатида Озарбайжоннинг Султония шаҳрини танлаган эди. У кейинги пайтларда маишатга берилиб, тез-тез овга чиқарди. 1396-йил кузида навбатдаги овлардан бирида отдан йиқилиб шикастланади. Ана шу жароҳатдан сўнг унда бир оз миянинг чалғиш аломатлари вужудга келган, аммо Клавихонинг ёзишича, у Мироншоҳда ҳеч қандай савдойилик аломатини кўрмаган. Аксинча, Мироншоҳ кастилиялик элчиларни ўз замонасининг қонун-қоидаларига мувофиқ тарзда қабул қилган ва қиролнинг соғлигини сўраган.
У шар’ий ва ношар’ий хотинлар олишни кўпайтиради. Узлуксиз давом этган базмлар ва ҳар хил кўнгилочар ўйинлар хазинага сезиларли равишда зарба беради. Бундан ташқари, Султония шаҳрида энг чиройли ва ҳашаматли бинолардан бирини буздиради. Шунингдек, Табриз шаҳридаги машҳур тарихчи Рашидиддиннинг мақбарасини буздириб, марҳумнинг суякларини йиғдириб, шаҳардаги яҳудийлар қабристонига олиб кўмишни буюради. Ўзининг бундай хатти-ҳаракатига тарихчи Рашидиддиннинг яҳудий мазҳабига мансуб эканлигини асосий сабаб қилиб кўрсатди.
Мироншоҳ ўз ҳарамидаги хотинларига ҳам ҳар хил туҳмат ва бўҳтонлар қилиб, жабр-зулмни ҳаддан оширади. Ниҳоят, 1399-йилда Мироншоҳнинг катта хотини Хонзода бегим эридан яшириқча Самарқандга-қайнотаси Темурнинг ҳузурига бориб, Мироншоҳнинг кирдикорларидан шикоят қилади. Темур севикли келинидан бу аҳволни эшитиб, қаттиқ изтиробга тушади. Уша давр тарихчиларининг ёзишича, Темур бир ҳафта давомида йиғлаб, ҳеч кимга кўриниш ҳеч бермаган. Ниҳоят, Темур машҳур етти йиллик юришга бел боғлаб, йўл-йўлакай, қўққисдан Озарбайжонга бостириб киради. Темур Султонияга киргач, дарҳол Мироншоҳ ва унинг ҳамтовоқлари — аркони давлатини тутдириб, зиндонга ташлатади.
Эртаси кун Темур ўзининг энг нуфузли кишиларини тўплаб, Мироншоҳ масаласини ўртага ташлайди. Улуғ девонга йиғилган амалдорлардан Мироншоҳ ва унинг ҳамтовоқларига берилажак жазо нимадан иборат бўлиши кераклигини айтишларини талаб қилади. Бироқ йиғилганлардан садо чиқмайди. Ниҳоят Темурнинг ўзи Мироншоҳ ва унинг аркони давлатига ўлим жазосини эълон қилади. Темурнинг диний раҳнамоси, пири Сайид Барака ва айрим амалдорлар бу ҳукмга қатъиян қарши турадилар. Лекин Темур ўз сўзида маҳкам туравергач, амир Шоҳ Малик ўрнидан туриб, „Ўз ўғлингиз-ку, давлатпаноҳ“-дейди. Темур тортишиб утиришни ёктирмасди бинобарин, ғазаби қайнаб кетади ва ўрнидан туриб, амир Шох Маликка ғазаб билан тикилади. Шоҳ Малик эса яна „шаҳзода сизнинг фарзанди аржумандингиз эрур, давлатпанох, қатл қилдирсангиз Ислом қиличига фарзандкушлик исноди доғ болиб тушмоғи муқаррардур“,- дейди. Темурнинг янада ғазаби авжга чиқаркан, „Мен аҳкоми шариатда эмас, ўз салтанатимда тартиб ўрнатмоғим лозим!“ — дейди. Шунда Сайид Барака ўрнидан туриб. — „Барибир, ҳар бир ишдан Аллох-таоло воқифдур, ҳукмдор“,- дейди. Шундан сўнг Темур ўзи бир қарорга келади-да, ғазабдан тушиб ўз ўрнига ўтиргач, кенгаш тугаганлигини маълум қилади.
Эртаси шаҳар фуқаросини катта майдонга йиғиб, Мироншоҳ бошлик унинг барча амир ва амалдорларини қўллари боғлиқ ҳолда зиндондан чиқариб, шаҳар майдонига олиб келадилар. Майдон ўртасида турган жаллод Темурнинг сўнгги буйруғини кутарди. Ниҳоят, Темур қатлни бошлашга ижозат беради. Жаллод Мироншоҳнинг ўнга яқин бек ва амалдорларини бирин кетин қатл қилгач, навбат Мироншоҳга келади. Шу аснода Сайид Барака бошлиқ барча амир ва беклар ҳамда шаҳзодалар ўртага тушиб, Мироншоҳнинг гуноҳидан отишни Темурдан илтижо қилиб, ёлворадилар. Шундан сўнггина, Мироншоҳ банддан озод қилиниб, гуноҳи кечирилади. Қатл қилинган бек ва амалдорларнинг тўплаган мол-мулки мусодара қилиниб, хазинага қайтарилади.
Мироншоҳнинг ҳарамидаги хотинлари ва канизакларидан фақат болаликларинигина қолдирилиб, боласизлари эса ҳарамдан чиқарилиб, ҳайдалади. Мироншоҳни эса ҳокимиятдан азл қилиб ўрнига унинг иккинчи ўғли Умар Мирзони тайинлайди. Мироншоҳнинг катта ўғли Абубакр Мирзо отаси Мироншоҳни бундан буён ози билан бирга қолишини бобоси Темурдан илтимос қилади. Абубакр Мирзонинг илтимоси қондирилгач, у отаси Мироншоҳни олиб, ўз ҳукмида болган Бағдодга жўнайди. 1408-йил 21 апрелда Мироншоҳ Озарбайжоннинг Сардруд мавзесида туркман Қора Юсуф билан болган жангда ўлдирилади ва Сурҳоб туманига дафн қилинади. Бир неча муддат ўтгач, Шамс Ғурий номли шахс дарвеш кийимида Сурхобга бориб, яширинча Мироншоҳнинг суякларини олиб. Мовароуннаҳрга келтиради ва Шахрисабзда темурийлар мақбарасига дафн қилинади. Кейинчалик, кимнингдур ташаббуси билан Мироншоҳнинг хоки Шахрисабздан Самарқандга келтирилиб, Гури Амирда Темурнинг ёнига дафн эттирилади. Арҳеолог, тарихчи, шарқшунос Микҳаил Евгеневич Массон, ҳар ҳолда Мироншоҳнинг хоки Шаҳрисабздан Самарқандга келтирилиб, Гўри Амирга дафн қилиниши Султон Абусайид Мирзонинг ҳукмронлик даврида амалга ошган бўлса керак, деб тахмин қилади.
Мироншоҳдан олти ўғил ва бир неча қиз қолган. Энг катта ўғли Абубакр Мирзо, иккинчиси Умар Мирзо, учинчиси Халил Султон Мирзо, тўртинчиси Суюрғатмиш Мирзо, бешинчиси Ийжал Мирзо ва олтинчиси Султон Муҳаммад Мирзодир.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Турғун Файзиев.