Мирсаид Шомирбоев (1901-йилда Наманганда туғилган – 1938-йил) – қатағонга учраган ўзбек ҳарбий кадрларидан бири. 19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясини бошқарган[1].

Мирсаид Шомирбоев
Таваллуди 1901-йил
Вафоти 1938-йил
Фуқаролиги Ўзбек
Касби Ҳарбий
Унвони Капитан

Таржимайи ҳоли

Мирсаид Шомирбоев 1901-йил Наманганда савдогар оиласида туғилган. Отаси тужжор бўлишига қарамай, ўрта мактабни тамомлагач, шўроларнинг сиёсий ҳаётида фаол шахсга айланади. 1927—1937-йилларда ВКП(б) нинг аъзоси бўлган. 1937-йил 10-сентябргача 19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси 42-отлиқ полки мактабининг раҳбари бўлган. Ҳарбий унвони – капитан. М.Шомирбоев 1937-йил 11-сентябрда Ўрта Осиё ҳарбий округи Ички ишлар Халқ комиссарлиги (НКВД) махсус бўлими томонидан миллий аксилсовет ташкилотига аъзо сифатида гумон қилиниб, қамоққа олинган.

1937-йилнинг 29-декабрда бўлиб ўтган сўроқ пайтида Шомирбоев ўзига қўйилган барча айбллар ва кўрсатмаларни рад этади. 1938-йил 11-февралда 19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг собиқ қўмондони Миркомил Миршаропов билан юзлаштирилганда, Миршаропов 1933-йилда Шомирбоевни дивизиядаги миллий аксилинқилобий ташкилотга жалб этганлиги ҳақида кўрсатма берган. Лекин Миршароповнинг бу кўрсатмаси Шомирбоев томонидан рад этилган. 1938-йилнинг 3-октябрда бўлган сўроқ жараёнида Шомирбоев 19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси таркибида ҳеч қандай миллий аксилинқилобий ташкилотни билмаслиги тўғрисида кўрсатма берган ва бошқа сўроққа чақирилмаган. 1938-йилнинг 10-октябр куни СССР Олий Суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр сессиясида Мирсаид Шомирбоевнинг иши кўриб чиқилади. Уни 19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг кўплаб аъзоларига қўйилган ЎзССР Жиноят кодексининг 57-2, 64 ва 67-моддалари бўйича айбдор деб топилиб отувга ҳукм қилинган[2].

19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг бир қатор таниқли ҳарбий кадрлари „халқ душмани“ сифатида ноҳақ қамоққа олингач, улар билан фаолият юритган бошқа ҳарбий ҳамкасблари ҳам терговга жалб қилинган.

Оқланиши

Мирсаид Шомирбоевнинг тергов иши 1956-йилда қайта кўриб чиқилади. 1956-йилнинг 31-июлида Туркистон ҳарбий округи прокурори Шомирбоевнинг фаолиятида жиноят унсурлари йўқлиги ва унинг иши ҳаракатдан тўхтатилганлиги тўғрисидаги хулосани бош прокурорга юборган[3].

Манбалар

  1. ↑ Эркин Ражабов „Ўзбек миллий ҳарбийларининг қатағон қилиниши ёхуд бир асрлик фожиа тафсилотлари“. уза.уз. Қаралди: 18-июн 2023-йил.
  2. ↑ Тарихнинг номаълум саҳифалари. Бешинчи китоб. Тошкент-2016: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи — 58-бет. ИСБН 978-9943-03-748-9. 
  3. ↑ „19-ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси вакили — капитан Мирсаид Шомирбоев“. эпиcубе.су. 2023-йил 18-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 18-июн 2023-йил.