Мирза Полвон Алимов — (1889—1926) — Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида фаолият кўрсатган йирик қўрбоши. Мирза Полвон қўрбоши Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатининг фаол иштирокчиси[1].

Мирза Полвон
Мирза Полвон Алимов
Самарқанд шаҳри ва Ургут туманида фаолият кўрсатган йирик қўрбоши
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1889-йил
Фарғона
Вафоти 1926-йил

Таржимайи ҳоли

Мирза Полвон 1889-йилда Самарқанд уезди Янги Қозонариқ волостининг Бешкапа қишлоғида камбағал деҳқон оиласида дунёга келган. 1918-йил қизил армияга қарши Очилбек қўрбоши раҳбарлигида кураш олиб боришни бошлайди. 1923-йил Очилбек қўрбоши вафот этгач, унинг қўшинига Ҳамроқулбек раҳбарлик қилади. Бироқ Мирза Полвон унга бўйсунишни истамайди ва Самарқанд атрофи ва Ургут туманида мустақил ҳаракат қилишни бошлайди. Мирза Полвон мард ва полвон, жасур киши бўлган.

Қўрбошилик фаолияти

Мирза Полвон 1924-йилда Ургутда танилган Оловхон Эшон ёрдами билан Самарқанд вилояти милиция бошқармаси бошлиғи Раҳимбек Азимбековни қўлга олиш режаларини амалга оширган. Мирза Полвон ўзининг бир неча йиллик дўстини Абдуқодир Полвонни ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Мирза Полвоннинг довруғи Туркистонда кундан-кунга ошиб, уни қўлга олиш қийинлашган. Совет ҳокимияти уни қўлга олиш режалари излай бошлаган. Шуллукли Найман қишлоғидаги Мулла Алимбой билан Мирза Полвон жуда яқин эди. Бу ҳолат коммунистларга аён бўлгач, шу орқали Мирза Полвонни қўлга тушурмоқчи бўлишган. 1925-йил 7-апрелда Ургутнинг Шуллукли қишлоғида бўлган жангда мағлубиятга учрагач, бой хонадонида яширинган ва ғафлатда қолиб, тўрт беш йигити билан қизил армия томонидан қамоққа олиниб, отиб ўлдирилган. Шу тариқа Мирза Полвон совет ҳокимиятининг маккорлиги билан қамоққа олинган ва отиб ўлдирилган. Аммо кейинчалик Полвоннинг тириқ қолган йигитлари совет ҳокимияти вакилларидан ўч олишган[2].


Манбалар

  1. ↑ Ражабов Қ. Туркистон қўрбошилари “Ўзбекистон тарихи” журнали. — 2022.
  2. ↑ Ражабов Қ. Туркистон қўрбошилари. Тошкент: „Фан“, 2022 — 400-бет.