Мирзатерак, афғон тераги — терак тури. Ўзбекистонда, айниқса Фарғона водийсида кенг тарқалган, фақат маданий ҳолда ўстирилади. Тахмин қилинишича, унинг ватани Афғонистон ва Ҳимолай тоғлари ҳисобланади. Бу ерларда М. табиий ҳодда ўсади. Шох-шаббаси урчуқсимон, бўйи 40 м гача етади. Танаси ва шохларининг пўстлоғи силлиқ, шохлари ингичка, юқорига қараб ўткир бурчак ҳосил қилиб, танасига ёпишган ҳолда ўсади. Барглари ромбсимон, уз. 5—7 см гача, уч томони қисқа, четлари арра тишли. Иссиқ-севар ва уч томони фототропизм хусусиятига эга, бошқа теракларга қараганда қалин ўстирилади. Уруғчи кучалаларининг уз. 5—7 см, ранги яшил, ғовак, йўғонлиги 1 см атрофида. Чангчи кучалалари эса 5 см гача узунликда. Март—апр. ойларида гуллаб, уруғлари 30—40 кунда пишиб етилади. 1000 дона уруғининг оғирлиги 1 — 1,2 г келади. Илдизи кучли, тошлоқ ерларда ўсишга яхши мослашган. Томорқаларда гектар бошига 10 минг туп ва ундан ҳам қалинроқ қилиб экиш мумкин. М. теракзорларда 3х3 м ёки 2х4 м қилиб экилади. Қаторлаб экилганда кўчатлар ораси 1,0—1,5 м бўлиши керак.

Абдушукур Хоназаров.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил