Мирзо Муҳаммад Ҳайдар (Муҳаммад Ҳайдар Дуғлот; 1499, Тошкент — 1551, Кашмир) — тарихчи, давлат арбоби. Муҳаммад Ҳусайн кўрагоннинг ўғли, онаси Хуб Нигорхоним Юнусхоннинг кичик қизи, Бобурнинг онаси — Қутлуғ Нигорхонимнинг синглиси эди.

Муҳаммад Ҳайдар Дуғлот
Кашмирдаги Бобурийлар вакили
Мансаб даври
1540 – 1551
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1499
Тошкент
Вафоти 1551
Кашмир
Онаси Хуб Нигорхоним
Отаси Муҳаммад Ҳусайин кўрагон
Дини Ислом

Ҳаёти

1508—1509-йилларда Шайбонийхон буйруғи билан отаси қатл қилингач, ёш Муҳаммад Ҳайдарнинг ҳаёти хавф остида қолади. Муҳаммад Ҳусайннинг ишончли кишиларидан бири Мавлоно Муҳаммад кўп қийинчиликлар билан Муҳаммад Ҳайдарни Бухородан Бадахшонга олиб қочади. 1509-йил Қобулга — Бобур саройига олиб келади. Бобур унга юксак эҳтиром кўрсатади. Мирзо Ҳайдарнинг ёзишича, Бобур унга ота ўрнида оталик қилади. 3 йилдан сўнг Мирзо Ҳайдар Андижонга — Султон Саъидхон ҳузурига кетади ва хоннинг охирги кунигача у билан бирга бўлади. 1514-йил Қашқарда Султон Саъидхон ҳокимияти ўрнатилгач, Мирзо Ҳайдар у билан бирга Қашқарга келади. Хон барча қўшин салоҳияти ва салтанат ишларини унга ишониб топшириб, чекланмаган ҳуқуққа нойил қилади, шунингдек, Султон Саъидхоннинг ўғли — валиахд Абдурашиднинг тарбиясини ҳам унга топширади. Султон Саъидхон даврида Мирзо Ҳайдар Бадахшон, Кофиристон, Тибет, Лодак ва бошқа кўпгина ҳарбий экспедицияларга раҳбарлик қилади. 1533-йилда Султон Саъидхон вафот этгач, тахтга унинг ўғли Абдурашид ўтиради. Аммо, Дуғлотлар хонадонида вужудга келган қарама-қаршиликлар Муҳаммад Ҳайдарни мамлакатни ташлаб кетишга мажбур қидали. Муҳаммад Ҳайдар аввал Бадахшонда саргардонликда юриб, сўнгра Лоҳурга — Бобурнинг ўғли Комрон Мирзо ҳузурига боради. 1539—1540-йилларда Муҳаммад Ҳайдар Аграда Ҳумоюнга қўшилади. 1541-йилда Қашқар забт этилгач, Муҳаммад Ҳайдар бобурийлар номидан Қашқарда ҳукмронлик қилади. Ҳақиқатда эса ўз-ўзига мустақил ҳукмрон эди. Тоғ қабилалари билан бўлган тўқнашувда Муҳаммад Ҳайдар ҳалок бўлган.

Ижодлари

Муҳаммад Ҳайдар машҳур "Тарихи Рашидий" номли асар ва "Жаҳоннома" номли географияга оид туркий шеърий рисола муаллифи. "Тарихи Рашидий" Шарқий Туркистон, Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг 15—16 аср 1-ярмидаги тарихига оид қимматли манбадир. Муҳаммад Ҳайдар бу асарини Кашмирда, бир неча йил мобайнида ёзган. Асар 2 қисм — "дафтарлар" (китоблар)дан иборат. 1қисмда Мўғулистон ва Қашқарда ҳукмронлик қилган чиғатоийлар тарихи — Туғлуқ Темур давридан Абдурашидхон (Рашидхон) давригача изчил баён этилган бўлиб, у 1546-йил, яъни 2-қисмдан кейин ёзилган. 2-қисм 1541—42 йилларда тугатилган, у ҳажм жиҳатдан 1-қисмдан тўрт марта катта бўлиб, муаллифнинг хотираларидан иборат. Бу асар "Бобурнома" каби мемуар адабиётнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Манбалар

  • Мирзо Муҳаммад Хайдар, Тарихи Рашиди (Введение, пер. с перс. А.Урунбаева, Р.П.Джалиловой, Л.М.Епифановой), Т., 1996.

Ҳаволалар