Мирзой — ўртапишар сабзи навлари. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида Тошкент вилоятида экиладиган халқ селексияси намуналар негизида якка танлаш усули билан чиқарилган (1946). Сариқ М. ва Қизил М. навлари бор. Сариқ М. сабзисининг барги тўқ яшил. Илдизмева шакли силиндрсимон, уч томони бир оз ингичкалашган, баъзан тўмтоқ, уз. 15—16 см, диаметри 3—3,5 см. Вазни 50—80 г. Туей, эти ва ўзагининг ранги сариқ. Серсув, ширин. Таркибида 9,9—10,6% қуруқ модда, 4,98— 5,08% канд, 40 мг % каротин ва витаминлар мавжуд. Ҳосиддорлиги 140—170 с/га. Унумдор ерларда ва юқори агротехника парваришида ҳосилдорлиги 250—270 с/га гача боради. Ўсув даври 100—110 кун. Қизил М. нисбатан эртароқ пишади. Сабзиси шакли силиндрсимон, уч томонига қараб ингичкалашган, бўйи 13—17 см, диаметри 3,5—4,0 см, вазни 60—80 г. Туей, эти ва ўзагининг ранги қизғиш, серсув, карсиллайди. Таркибида 10,9— 11,8% қуруқ модда, 8—6,1% қанд бор, ҳосилининг 8—9% и ёрилиб кетишга мойил. Ўсув даври 82—92 кун. Сабзилари узоқ вақт яхши сақланади, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида кўп экилади. Озиқ-овқат ва кон-серва саноатида ишлатилади.

Рафша Ғанихўжаева.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил