Мисбоҳ ёки Мисбоҳиддин Бурҳонов (1905-йил, Бухоро — 1937-йил, Тошкент) — Жадидчилик ҳаракати аъзоларидан бири. Ўзбекистон Республикаси Мадҳиясининг бастакори Мутал Бурҳоновнинг акаси. Қатағон қурбони бўлган.

Мисбоҳ Бурҳонов
Таваллуди 1905-йил
Вафоти 1937-йил
Тошкент
Фуқаролиги Бухоро амирлиги, Бухоро Халқ Совет Республикаси, СССР
Таълими Москва давлат университети

Биографияси

Мисбоҳ Бурҳонов 1905-йилнинг 26-декабрида Бухоро амирлиги пойтахти Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бурҳонлар сулоласи илк ўрта асрлардан бошлаб Бухородаги бадавлат хонадон саналади. ХХ аср бошларидан бошлаб сулола вакиллари Бухородаги жадидчилик ҳаракатида муҳим ўрин тута бошлаганлар. Онаси сомонийлар сулоласининг энг сўнгги вакиласи бўлган. Мисбоҳлар оилада беш фарзанд бўлган: акаси Минжоҳиддин, опаси Моҳида, синглиси Фотима ва укаси Мутаваккил. Илк таълимни отаси Музаиниддин Бурҳонов қўлида олган. Музаиниддин Бурҳонов Бухоронинг машҳур мударрисларидан, билими чуқур, фикри очиқ, жаҳолат ва мутаассибликни жинидан баттар ёмон кўрган, ижтимоий ҳаётдаги илғор ҳаракатларга, жумладан, жадидчиликка хайрихоҳ одам бўлган[1].

Зиёли хонадонда ўсган Мисбоҳиддин жадид мактаблари ва замонавий таълим даргоҳларида ўқиб ўз даврининг илғор фикрли ёшларидан бирига айланди. Мисбоҳ Бурҳонов 14 ёшга кирганда Бухоро амири Олимхон томонидан отаси Музаин билан биргаликда зиндонга ташланади. 1919-йил отаси вафот этгач, Бурҳонов Бухородан чиқиб кетади. Мисбоҳ Бурҳонов Самарқанд, Тошкент билим юртларида ўқишини давом эттиради. Шундан кейин Москва давлат университетининг Журналистика факултетига ўқишга қабул қилинади. 1928-йилда олий маълумотли деган диплом олгач, бир муддат Самарқанд шаҳрига, шундан сўнг Тожикистоннинг пойтахти Сталинобод (ҳозирги Душанбе) шаҳрига кўчиб кетади. 1933-йилгача „Тожикистони сурх“ рўзномасининг бош муҳаррири бўлган. Айни пайтда ёш ёзувчи сифатида ўзининг ўткир қалами билан халқ ва ижод аҳли орасида танила бошлайди. Мисбоҳ Бурҳонов Тожикистон ёзувчилар уюшмаси аъзосига қабул қилинган. Бироқ, 1933-йилнинг 11-октабрида чақув сабабли аксилинқилобчи деган айблов билан ҳибсга олиниб, ўша йилнинг 2-ноябрида 5 йилга қамоққа ҳукм қилинади[2]. 1937-йилнинг 1-сентабрда Мисбоҳ Бурҳоновга яна бир карра ЎзССР Жиноят Кодексининг 60-, 67-моддаларига асосан айблов эълон қилинади. 1937-йил 11-октабрда қамоққа олинган Мисбоҳ Бурҳонов қамоқхонанинг оғир шароити сабабли бутунлай соғлиғидан айрилади, заиф ва касалманд ҳолга тушади. Чунки уйқусизлик, очлик, руҳий босимлар унга катта таъсир қилади. Унинг шахсий варақасида оила аъзолари сифатида талаба укаси Мутал (20 ёш) ҳамда Самарқандда уй бекаси бўлган синглиси Фотима (23 ёш)ларнинг номлари келтирилган. Мисбоҳ билан деярли сўроқ ҳам, юзлаштиришлар ҳам ўтказилмайди. Ҳеч бир гуноҳини англамаган зеҳнли Мисбоҳ ҳали оила қуриб улгурмай, 1937-йил 25-октабр куни амакилари Мазҳар, Мукаммил ва Муҳаммир Бурҳоновлар билан бирга отиб ташланади. Мисбоҳ Бурҳонов 1958-йил 16-январда оқланган. Укаси Мутал Бурҳонов машҳур композитор бўлиб етишади. Синглиси Фотима Бурҳонова Абдурауф Фитратга турмушга чиққан.

Вафоти

Мисбоҳ Бурҳонов 1937-йилнинг 25-октабрда ўлимга ҳукм қилинган.

Манбалар