Mixail Lermontov
Михаил Юревич Лермонтов (русча: Михаи́л Ю́рьевич Ле́рмонтов) [1814.3(15).10, Москва — 1841.15(27).7, Пятигорск)— рус шоири.
| Михаил Юревич Лермонтов | |
|---|---|
| Михаи́л Ю́рьевич Ле́рмонтов | |
|
| |
| Имзоси | |
|
|
Биографияси
Болалик чоғлари Пенза губернясидаги Тархан (ҳозирги Лермонтов) қишлоғида кечган. 1827-йилда бувиси Елизавета Алексеевна Арсенева билан бирга Москвага кўчиб борган ва 1828-йилда Москва университети қошидаги пансионнинг 4-курсига ўқишга кирган. Дастлабки шеърлари, „Черкеслар“ (1828-йил) ва „Кавказ асири“ (1829-йил) достонлари шу ерда ёзилган. Лермонтов пансиондаги 2 йиллик таҳсилидан сўнг 1830-йилда университетнинг маънавий-сиёсий бўлимига ўқишга киради. Лермонтов талабалик йилларида қатор лирик шеърлар, достон ва драмалар ёзган („Одамлар ва эҳтирослар“, 1830 ва бошқалар). 1832-йилда уйини тарк этган ва Петербургга бориб, гвардия подпрапоршчиклари ва кавалерия юнкерлари мактабига ўқишга кирган. Мазкур мактабни тугатгач, Лермонтов Сарское Селода жойлашган гусарлар полкига юборилган (1834).
Навқирон гусар кўп вақтини аслзодаларнинг кўнгилочар давраларида ўтказиб, шу давралардан олган таассуротлари асосида „Маскарад“ драмаси, „Ҳожи Абрек“ романтик достони (1835) ва бошқа асарларини ёзади. Лермонтов 1837-йилда А. С. Пушкиннинг фожиали ўлимига бағишлаб „Шоирнинг ўлимига“ шеърини ёзади. Лермонтов бу шеърда шоирнинг ўлимида айбдор саналган ҳукмрон кучларни кескин қоралагани учун Кавказга сургун қилинган. Лермонтовнинг Кавказда бўлиши унинг шоир ва рассом сифатидаги ижодига самарали таъсир кўрсатди. Кавказ табиати ва томи элатлар фолклорига меҳр қўйган. Шоир шу ерда „Ошиқ Ғариб“ (1837) шарқ эртаги, „Замонамиз қаҳрамони“ (1840) романи ва кўплаб рангтасвир асарларини яратган. Елизавета Алексеевна Арсенева ва шоир В. А. Жуковскийнинг саъй-ҳаракатлари билан афв этилган Лермонтов 1838-йилнинг январида Петербургга ва апрел ойида эса Сарское Селода жойлашган гусар полкига кайтиб келади. Петурбургдаги қизғин адабий ҳаёт 30-йиллар охирида Михаил Лермонтов ижодида эрксеварлик йўналишининг кенг қанот ёзишига имконият туғдиради. „Ўйлар“, „Шоир“, „Ўзингга ишонма…“, „Пайғамбар“, „Алвидо, Русия, эй нопок макон“ каби шеърлари, „Мсири“, „Демон“ („Иблис“) каби достонлари, „Бела“ қиссаси (ҳаммаси 1839) Лермонтов ижодининг камолот босқичига кўтарилганидан шаҳодат беради. Шу кезларда Франсия элчисининг ўғли Эрнест-Себастен Брюже де Барант билан бўлиб ўтган дуэл Лермонтовнинг иккинчи марта Кавказга сургун қилинишига сабабчи бўлади. У Кавказдаги пиёдалар полки таркибида бир неча ҳарбий юришларда иштирок этади. Октябр „Отечественниэ записки“ журналидада эълон қилган шеър ва достонлари Петербургда катта акс-садо берган. Бундан фойдаланган Е. А.Арсенева набирасининг Петербургга таътилга келишига эришади (1841, феврал). Аммо расмий доиралардаги ўзига бўлган совуқ муносабатни кўрган Лермонтов 1841-йил 13-майда Пятигорскка қайтиб келади. Шу вақтда бу ерларда истироҳат қилаётган бир гуруҳ ёшлар Лермонтов билан зобит Н. С. Мартинов ўртасида жанжал чиқишига эришадилар. 13-июл куни шоир дуэлда вафот этади. Лермонтовнинг хоки Тархан қишлоғига олиб келиниб, Арсеневлар хилхонасида дафн этилган (1842-йил 23-апрел).
Лермонтов шоир, носир ва рассом сифатида рус маданияти тарихида фахрий ўринлардан бирини эгаллайди. У ўзининг энг яхши асарларида эрксеварлик ва ватанпарварлик ғояларини баланд пардаларда куйлади, мустамлакачилик сиёсати улуғ рус шовинизмининг авж олишига сабаб бўлиши ҳақида рус жамиятини огоҳлантирди, юксак фуқаролик идеалларини тасдиқлади. Лермонтов ижоди Ўзбекистонда катта эътибор қозонган. Шоир ҳаётининг йирик саналари (1941, 1954, 1964, 1989) муносабати билан ўзбек матбуоти, театри ва жамоат ташкилотлари Лермонтов ижодига кўп бор мурожаат этдилар. Асарлари Ойбек, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носир, Асқад Мухтор ва бошқа томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Лермонтовнинг „Маскарад“ драмаси Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Тошкент ва бошқа шаҳарларда Лермонтов номи билан аталган мактаб ва кўчалар бор. Ас: Асарлар, 1—2 ж.лар, Т., 1955; Собрание сочинений, т. 1—4. М., 1964—65. Ад.: Герштейн Э. Г., Судба Лермонтова, М, 1964; М.Ю. Лермонтов в воспоминаниях современников, М., 1964; Умарбекова 3., Лермонтов и ўзбекская поэзия, Т., 1973. Наим Каримов[1]..
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |