Modal soʻzlar
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Модал сўзлар (лотинча: модалис — „ўлчов“, „усул“) — сўзловчининг ўз фикрига турлича муносабатини англатадиган ва фикрнинг аниқлиги, ростлиги, гумонли, ёки шартлилигини ифодалаш учун хизмат қиладиган сўзлар; шаклан ўзгармаслиги билан тавсифланади, гап бўлаги вазифасида келмайди, гапнинг бошқа бўлаклари билан синтактик алоқага киришмайди; бутун фикрга, ёки унинг бирор қисмига тааллуқли бўлиб, одатда, кириш сўз бўлиб келади. Модал сўзлар 2 катта гуруҳга бўлинади: фикрнинг аниқлигини ифодаловчи модал сўзлар, буларга ростлик, тасдиқ-ишонч, қатъийликни билдирувчи сўзлар (дарҳақиқат, ҳақиқатан; албатта, шубҳасиз, сўзсиз ва шаксиз.) киради. Фикрнинг ноаниқлигини ифодаловчи модал сўзлар, буларга тахмин, гумон, тусмол каби маъноларни ифодаловчи сўзлар (шекилли, чоғи, чамаси; эҳтимол, балки, афтидан ва бошқалар) киради. Модал сўзлар нутқда пауза, ёзувда вергул билан ажратилади. Модал сўзлар такрор қўлланса, ёки эмоционал мазмунли сўз билан бирга келса, маъно кучаяди. Сўзлашув нутқида бирдан оптик модал сўз қўлланиши мумкин. Модал сўзларни фикрнинг ўзаро муносабати (хуллас, демак, бинобарин, қисқаси, умуман, масалан, чунончи, жумладан, аксинча, аввало, авваламбор, ниҳоят), эътиборни тортиш (айтгандай, айтмоқчи, зотан, дарвоқе), таъкид (хусусан, айниқса), эмоционал маъно (кошки, зора, яхшиямки, хайрият, аттанг, афсуски, ажабо) кабиларни англатувчи модал маъноли сўзлардан фарқлаш керак. Модал сўзлар ва модал маъноли сўзлар ўзаро яқин бўлиб, уларнинг ҳар бирига хос белги-хусусиятларни аниқлаш функсионал грамматиканинг долзарб вазифаларидандир.[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |