Модарихон мақбараси (ўзбекча: хоннинг онаси; шунингдек, Ҳазира Модарихон, Дахмаи Модарихон) – ўзбек давлатчилигида ҳукмрон сулола вакилларидан бўлмиш оқсуяк аёллар дафн этилган илк мақбаралардан бири. Мақбара 1825-йил Нодира томонидан қурдирилган бўлиб, Қўқонда жойлашган. 2017-йилдан бошлаб эса Қўқон маданияти тарихи музейи таркибига киритилган[1]. Мақбара, шунингдек, Даҳмаи шоҳон мажмуасининг бир парчасидир[2][3].

Модарихон мақбараси
حزیره مادرخان

Модарихон мақбарасининг олд кўриниши
Умумий маълумот
Манзили Фарғона вилояти
Шаҳар Қўқон
Мамлакат Ўзбекистон
Қурилиши тугаган 1825
Баландлиги
Айлана узунлиги 7,5Х8,7 м
Бинонинг ички майдони хонақоҳ, чиллахона, қорихона, хилхона, ошхона
Дизайн ва конструксия
Меъмор Ҳасанбой гилкор

Тарихи

Ҳазира Модарихон мақбарасининг қурилиши Нодира номи билан боғлиқ. Нодира қайнонаси Минг Ойим шарафига бағишлаб унинг қабри устидан мақбара қуришни буюрган. Қурилиш Нодирабегим буйруғи билан бошланиб, бош меъмор этиб уста Ҳасанбой гилкор тайинланган. Ҳасанбой гилкор тириклигида дахманинг анча қисми қуриб битказилган. Унинг вафотидан сўнг қурилишни шогирдлари давом эттирган. Мақбара кейинчалик хон авлодидан ёки ҳарамидан бўлган оқсуяк аёллар дафн этиладиган мақбарага айланган. „Ҳазира-Модарихон“ номи эса мақбара мажмуининг бунёд қилиниши тарихини очиб беради. „Модарихон“ ўзбек тилида „Хоннинг онаси“ маъносини англатади. Ушбу тарихий обиданинг қурилиши 1825-йилда якунланган. Ислом дини қабрлар атрофини тош ёки ғишт билан ўраш, ёдгорлик қуриш, мусулмонларни қабр тепасида ибодат қилишини ёқламайди. Шунга қарамай, Фарғона водийсида қадимдан қолган анъаналарга биноан қабрлар атрофида турли хил мураккаб меъморий мажмуалар – „Ҳазира“лар қуриш одати бўлган. Бундай мажмуалар асоси атрофи тўсиқлар билан ўралган қабр бўлиб, унга яқин жойга хотирлаш учун масжид-зиёратхоналар бунёд этилган[4][5]. 1850–1851-йилларда мақбара Худоёрхон томонидан таъмирланган.

Архитектураси

Архитектура мажмуаси гумбазли пештоқли бинони, масжид ва ҳовлини ўз ичига олган. Дахма қурилган даврда хонақоҳ, чиллахона, қорихона, хилхона ва ошхона каби таркибий қисмлардан иборат бўлган. Бироқ кейинги ўтган 2 аср мобайнида мақбарадан фақат кириш пештоқи сақланиб қолган. Дахмаи шаҳон мажмуасидан фарқли равишда бу мажмуа кириш қисмида нозик нақшлардан фойдаланилган бўлиб, нақшли кошин ва ганчли сталактитларлар билан тўлдирилган геометрик тасвирлар нозик, юпқа гулли нақшлар билан уйғунлаштирилган. Кириш қисмининг ўнг томонидаги олти қиррали кошинлардан бирида сирли меъмор томонидан мақбара қуриб битказилган 1825-йил қайд этиб қўйилган[6].

Тавсифи

Мақбара гумбази ички қисми спирал-қовурғасимон ганчли тасвирлар билан безатилган. Пастқам кириш жойи ва нозик гулли кошин нақшлар билан безатилган асосий йўлак бинони чиройли ва мутаносиблигини таъминлаб туради. Асосий кириш қисмидаги эгилган бурчак шифти оппоқ ганчли сталактитлар билан безатилган.

Кириш қисмининг орқа қисмида мовий гумбаз қад ростлаган, унинг ички қисмига спирал шаклида қовурғасимон ганч билан ишлов берилган. Ундан кейин жаноза намозларини адо этиш учун мўлжалланган масжид бўлган. Масжид бугунги кунга қадар сақланиб қолмаган. Мажмуани безатишда кошинлардан фойдаланилган. Кошинлар ёрдамида гулли нақшлар ҳосил қилинган. Масжиднинг чиқиш қисми ҳовлига қараган, у атрофи тўсиқлар билан ўраглан сағаналар томон олиб чиқади. Катта бўлмаган пештоқ, баланд бўлмаган гумбаз, маёликали майин ўсимлик нақшли эшиклар бино чиройини янада очган. Асосий кириш қисмидаги чўққи оппоқ ганждан қилинган каскадли ўймакорлик билан ишланган. Ўнг томондаги олти қиррали плиткаларнинг бирида мақбаранинг қурилганлик санаси – 1241 ҳижрий йили, яъни 1825 йилда кўрсатилган. Манбаларга кўра, Модарихон мақбарасини қурилиши ва безатилишда Риштон тумани кулоллари ва ганж ўймакорларидан иборат маҳаллий усталар иштирок этган. Мақбара ганч ўймакорлигининг ажойиб намунаси сифатида ҳам э’тироф этиб келинади[7].

Реконструксияси

Дахмадаги пештоқ билан гумбаз (7,5Х8,7 м) ҳамда бош фасад бурчакларига ишланган қиррадор икки минора бугунги кунга қадар сақланиб қолган[8]. 2021-йил 3-март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган „Моддий маданий мерос обектлари ва ЙУНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида Модарихон мақбараси реконструксия қилиниши керак бўлган маданий мерос обектлари рўйхатига киритилган[9]. 2024-йил 1-январ куни қабул қилинган „Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Вазирлар Маҳкамасининг яна бир қарори асосида Модарихон мақбараси реконструксияси учун 5 млн сўм ажратилди[10].

Сан’атда

Хонанда Канизанинг „Марварид“ номли қўшиғида „Нодирабегим уйқу топган Модарихон“ деган сатрлар мавжуд[11].

Галерея


Изоҳлар

Модарихон мақбараси Қўқон шаҳар, Янги Чорсу даҳаси, „Нонвойлик гузар“ МФЙ, Катта қабристон ҳудудида жойлашган.

Манбалар

  1. ↑ Қўқон, музейи „“Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси таркибига нималар киради?“. Соcиэтй.уз. ҳттпс://соcиэтй.уз/уз/неwс/детаил/неwс/735.+Қаралди: 15-октабр 2024-йил.
  2. ↑ Мавзолей, Модарихон „Туры в Узбекистан“. Анур Тоур. Анур Тоур. Қаралди: 23-октабр 2024-йил.
  3. ↑ Мавзолей, Модари-хан „«Модари-хан»“. БоокА Тоур. Қаралди: 23-октабр 2024-йил.
  4. ↑ Модарихон, мақбараси „Модарихон“. Мерос.уз. Қаралди: 15-октабр 2024-йил.
  5. ↑ Мамадалиев Хушнудбек, Исломжонович. МОНОГРАФИЙА, 2022, Тошкент шаҳри, А.Навоий кўчаси, 30 уй: «Фан зиёси» нашриёти, 23.10.2024 — 35-бет. ИСБН 978-9943-747-45-. 
  6. ↑ Модарихон, дахмаси „Дахмаи Модарихон аёллар - хон сулоласи вакиллари дафн этилган мақбара“. Ферганатоурисм.уз. ҳттпс://ферганатоурисм.уз/коканд-2/албум/кҳазира-модарикҳан.+Қаралди: 15-октабр 2024-йил.
  7. ↑ Модарихон, мақбараси „Ўзбекистоннинг анъанавий меъморчилик безаклари“. Ҳамкорлар. Қаралди: 23-октабр 2024-йил.
  8. ↑ Тарихий, ёдгорликлар „ЎЗБЕКИСТОННИНГ МЕ’МОРИЙ ЙОДГОРЛИКЛАРИ ТАРИХИ ФАНИДАН ЎҚУВ УСЛУБИЙ МАЖМУА“. ренессанс-эду.уз. ҳттпс://ренессанс-эду.уз/филес/боокс/2023-11-13-07-23-09_438789а07654а653ccд6б5э4бб811321.пдф.+Қаралди: 15-октабр 2024-йил.
  9. ↑ Маданий мерос, обектлари „Моддий маданий мерос обектлари ва ЙУНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида“. лех.уз. лех.уз. Қаралди: 15-октабр 2024-йил.
  10. ↑ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, 12.01.2024 йилдаги ПҚ-20-сон „Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“. лех.уз. ҳттпс://лех.уз/доcс/-6759699.+Қаралди: 15-октабр 2024-йил.
  11. ↑ Каниза „Марварид“. УЗЛЙРИCС. Қаралди: 23-октабр 2024-йил.