Моллюскалар (лот. Моллусcа) — умуртқасиз ҳайвонлар типи. Гавдаси, одатда, бош, тана ва оёқ бўлимларидан иборат (икки паллалилардан ташкари). Танаси мантия деб аталадиган тери бурмаси билан ўралган. Мантия билан танаси оралиғида мантия бўшлиғи бўлади. Бу бўшлиқда жабралар ва бошқа органлар жойлашган. Айириш, орқа чиқарув ва жинсий тешиклар ҳам мантия бўшлиғига очилади. Мантия тананинг орқа томонида чиғаноқ ҳосил қилади. Чиғаноқ танани ҳимоя қилиб туради. Ҳаракат органи тананинг қорин томонидан ҳосил бўладиган ясси ёки понасимон ягона оёқдан иборат. Иккиламчи тана бўшлиғи ғовак бириктирувчи тўқима билан тўлган; селом ва унинг қолдиғи юраколди халтаси (перикардий)ни ва жинсий безлар атрофидаги бўшлиқни ҳосил қилади. Қон айланиш системаси туташмаган; қон томирлардан, ҳамда тана бўшлиғи қолдиқдари — лакунлар ва синуслар орқали оқиб ўтади. Юраги қоринча ва бўлмача деб аталадиган 2 та ёки 4 та камерадан иборат. Нафас органлари ктенидий деб аталадиган жабралардан, қуруқликда ва кўпчилик чучук сувда яшайдиган М.да ўпкадан иборат. Айириш органи ҳалқали чувалчангларнпнт метанефридийларига ўхшаш тузилган бир жуфт найсимон буйраклардан ташкил топган. Буйраги юраколди халтасидан бошланиб, чиқариш сифони деб аталадиган мантия бўшлиғига очилади. Нерв системаси кўпчилик М.да тананинг турли қисмида жойлашган 3 ёки 5 жуфт нерв тугунларидан иборат. Тубан тузилган М. нерв системаси ҳалқум атрофи нерв ҳалқаси ҳамда тана бўйлаб жойлашган нерв стволларидан тузилган. Айрим М.нинг бош нерв ту-гуни кучли ривожланиб, бош мияни ҳосил қилади (бошоёкдилар). Фаол ҳаёт кечирувчи турларида сезги органлари (кўзлар, пайпаслагичлар) ривожланган. М. айрим жинсли ёки гермафродит (қаранг Гермафродитизм). Денгиз Моллюскалар тухумидан трохофора ёки велигер (елканча) личинкаси чиқади. Бошоёқлилар, қуруқлик ва чучук сув қориноёқлилари метаморфозсиз (ўзгаришсиз) ривожланади.

М. ёнбош нервлилар ва чиғаноқлилар кенжа типига бўлинади. 1-кенжа тип 2 ёки 3 та синфга, 2тип 5 та синфга бўлинади. 130 мингга яқин тури маълум. Ер юзида жуда кенг тарқалган; бир қанча турлари қурукликда ва чучук сувларда; кўпчилик турлари денгизларда ҳаёт кечиради. Кўпчилик М. сув туби (бентос)да яшайди. М. сув ҳайвонлари учун озиқа сифатида катта аҳамиятга эга. Бир қанча турлари (устрицалар, калмарлар, мидиялар, денгиз тароқчалари, ток шиллиғи) истеъмол қилинади. Марвариддорлардан марварид олинади. Марвариддорлар, мидиялар махсус кўпайтирилади (қаранг Аквакултура). Қурукликда тарқалган айрим М. (ток шиллиқ қурти, яланғоч шиллиқ) экинларни еб, катта зиён келтиради. Чучук сув шиллиғи жигар қуртининг оралиқ хўжайини ҳисобланади.

Лд.:Мавлонов О., Хуррамов Ш., Норбоев 3., Умуртқасизлар зоологияси, Т., 2002[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил