МОРЕЛЛИ (Мореллй) — „Ақлий коммунизм“ деб аталган оқимнинг собит-қадам вакили. 18-асрда яшаб ижод қилган. Асосий асари: „Табиат кодекси“ (1755). Бу асар жамоа мулки ҳукм сурадиган жамият тамойилларини асослашга бағишланган. Морелли назарий тизимлари ақлга (рационализмга) асосланади. Оқилона ижтимоий тартиботни нооқилона тузумга қарама-қарши қўяди. Ўз замонаси тузумини у нооқилона, янглишлар натижаси деб баҳолайди. Оқилона тузумни Морелли ишлаб чиқаришни ва тақсимотни тартибга соладиган ягона хўжалик коммунаси тарзида тасаввур қилади. Морелли табиат ва ақлнинг амрига мувофиқ келадиган жамиятнинг уч асосий қонунини ифодалаб берган. Улар: 1) Хусусий мулкни бекор қилиш; 2) „Яшаш ҳуқуқи“ ва „меҳнат қилиш ҳуқуқи“; 3) барча фуқароларнинг меҳнат қилишга мажбурлигидир. Морелли қўпол тенглаштириш коммунизмининг типик вакилидир[1].

Манбалар

  1. ↑ Фалсафа қомусий луг'ат. Шарқ-2004 — 79-бет.