Мошкичири – мош солиб тайёрланадиган қуюқ таом[1].

Этимологияси

Мошкичири

Бу от ,,дуккакли ўсимликнинг юмалоқ, тўқ яшил рангли дони" маъносини англатадиган тожикча мош оти билан „мош билан гуручдан тайёрланадиган қуюқ овқат“ маъносини англатадиган ўзбекча кичири отидан тузилган бўлиб, шундай таомнинг номи сифатида ишлатилади. Бу бирлик „оқ-қора аралаш“ маъносини ҳам англатиб, мошкичири соқол бирикмаси таркибида ҳам ишлатилади[2].

Турлари

Қиймали мошкичири, пўстдумбали мошкичири, пиёздоғли мошкичири, сабзавотли мошкичири, мошкичири-мухашшир (моши алоҳида қайнатилиб пўсти ажратиб олинган мошдан) ва бошқа турлари бор[1].

Тайёрланиши

Пиёзли мошкичири

Мошкичири, аслида мош-гуруч, қадимий таом, Ўзбекистоннинг деярли ҳамма жойида тайёрланади. Пиёзли мошкичири мошли таомлар орасида энг содда рецептлиси бўлиб, гўшциз тайёрланади. Ёғни доғлаб, ҳалқа-ҳалқа қилиб тўғралган пиёзни солиб қизаргунча қовурилади. Қовурилган пиёзнинг ярми олиб қўйилади. Қозонда қолганига сув қўшиб, ювиб тайёрлаб қўйилган мошни солиб, то очилгунча қайнатилади, тузи ростланади. Сўнгра ювиб тайёрлаб қўйилган гуручни солиб, то юмшагунча ковлаб-ковлаб пиширилади. Моши ҳам, гуручи ҳам юмшаганда ёғоч чўмичнинг орқаси билан мошкичирини қозоннинг деворларига ишлаб эзилади, токи моши ҳам, гуручи ҳам эзилиб атала ҳолига келсин. Шундан кейин қопқоғини ёпиб 10-12 минут дам едирилади ва лаганга ясси қилиб сузилади. Дастурхонга тортишда юзига олиб қўйилган қовурилган пиёзни солиб келтирилади.

Сабзавотли мошкичири

Мошкичирининг бу варианти қадимий ва унутилган бўлиб, бунга сабзи ва лавлаги солиб пиширилган. Сабзи солишдан мақсад ҳажмини кўпайтириш бўлса, қизил лавлаги (қизилча) қўшиб таомнинг рангини чиройли қилиш кўзда тутилади. Мош ва гуручни ювиб, алоҳида ивитилади (мошни совуқ сувга, гуручни иссиқ сувга ивитиб қўйилади. Гўштни лўнда-лўнда, пиёзни ҳалқа-ҳалқа, сабзини гуручга монанд сомонча усулда, лавлагини эса мошга монанд майда кубик қилиб тўғраймиз. Қозонда ёғни доғлаб, пиёзни солиб, бир-икки аралаштиргач, гўштни ташлаймиз ва ҳар иккала масаллиқ қизаргунча қовурамиз. Сўнгра қозонга сув қуйиб, мошни солиб милтиратиб қайнатамиз, мошнинг пўсти ёрилиб очилганда лавлаги билан сабзини соламиз, яна қайнаб чиққанда гуручни солиб, барча масаллиқлар ўртача оловда тўла пишгандан сўнггина тузини ростлаймиз. Қалампирни эса бутунлигича сабзавотлар билан бирга соламиз. Туйилган қалампир ёки мурч таом дастурхонга тортилганда келтириб қўйилади. Тайёр мошкичири олови ўчирилиб, 15-20 минут дамланиб қўйилади. Дастурхонга тортишда бир аралаштириб юбориб, лаганга ясси қилиб соламиз. Ўртасига суякли гўштларни, бутун қалампирни қўямиз, юзига қирқилган кўк пиёз сепамиз.

Қиймали мошкичири

Мошкичирининг бу тури қийма билан тайёрланади. Бунинг учун керакли ёғнинг ярмини доғлаб, пиёзнинг ҳам ярмини қовурамиз ва майда (мош катталигида) қилиб тўғралган лавлагини солиб, бир-икки ковлагач, сув қуямиз-да, ҳали қайнаб чиқмасдан аввал ювиб қўйилган мошни соламиз. Паст оловда то очилгунча қайнатамиз. Мош тўла очилганда гуручни соламиз, вақт-вақти билан аралаштириб, ҳар иккала дон тўла пишгунча қайнатаверамиз. Охирида тузини ростлаймиз. Бошқа идишда ёғнинг қолган қисмини доғлаб, пиёзни жазлаймиз ва қиймани солиб қовурасиз. Қиймаси эса қуйидагича тайёрланади: ёғлироқ мол гўштидан олиб, чопилади ёки қиймалагичдан ўтказилади, бунга пича пиёз қўшиб ҳам юборилади. Қовурганда помидор, чучук гармдори солиш ҳам мумкин. Гўшт ва помидорнинг сели чиққач, сув қуйиб оловини суст қилиб қўямиз, суви томоман буғланганда пишган ҳисобланади. Таомни дастурхонга тортишда яхшилаб аралаштириб лаганга ясси қилиб сузамиз ва устига қатлам қилиб қиймасини соламиз, юзига мурч ва қирқилган ошкўклардан сепиб келтирамиз. Алоҳида идишда узум сиркаси қўйилади.

Пўстдумбали мошкичири

Ушбу тансиқ таом Тошкентда баҳор, куз ва қишнинг совуқ кунларида тайёрланади, сабаби жуда кучли каллориялидир. Ушбу мошкичири азиз меҳмон дастурхонига аталиб, бир неча кун аввал қўй пўстдумбаси махсус сур қилинади. Яъни ёғли томонига қалин туз сепиб айлантириб ўраб, канопда боғлаб салқин жойда сақланади. Унутилган таомлардан бири. Пўстдумбани тузидан ювиб юборгач, кабобга гўшт тўғрагандек, яъни бош бармоқнинг биринчи бўғини катталигида тўғралади. Пиёзни ҳалқа-ҳалқа, сабзини эса худди паловга тўғрагандек сомонча қилиб тўғраймиз. Қозонда ёғни доғлаб пиёзни ташлаймиз, у ҳали рангини ўзгартирмасдан туриб пўстдумбани соламиз. Буни бир-икки аралаштириб, сабзини соламиз ва сув қуямиз. Қайнаб чиқмасдан туриб ювиб тайёрлаб қўйилган мошни соламиз-да, оловини пастлатиб, 1 соат давомида милтиратиб қайнатамиз. Қанча узоқ қайнаса, шунча лаззатли чиқади. Оз-оздан қайноқ сув қуйиб турамиз. Моши очилиб, пўстдумбаси пишганда ювилган гуручни соламиз, тузини ростлаймиз, бутун қалампир ташлаб пиширишни охирига етказамиз. Дастурхонга тортишдан 15-20 минут олдин дамлаб қўямиз. Лаганга ясси қилиб солиб қирқилган кўк пиёз, қишда бўлса, майин тўғралган бош пиёз сепиб келтирамиз. Сирка алоҳида берилади[3][4].

Шифобахшлиги

Халқ табобатида мош, нўхат ва ловиядан тайёрланган таомлар ўпка ва нафас аъзолари учун фойдалилиги таъкидланади. Яна шуни айтиб ўтиш ҳам зарурки, ушбу дуккакли донларда ҳужайра моддаси – таом тивитлари ҳам мўл бўлиб, ҳазмланишга ижобий таъсир кўрсатади.

Мошнинг таркибида 45-50 фоизгача крахмал, 25 дан 30 фоизгача оқсил моддаси бўлиб, у гўштдан қолишмайди. Шу сабабли мошли таомлар жуда лаззатли ва тўқтутар бўлади. Мошда яна 2-4 фоизгача ёғ моддаси, турли маъдан тузлар ҳамда баъзи дармондорилар мавжуддир.

Мошли таомларга, одатда, гуруч ҳам қўшилади. Гуручнинг кимёвий таркибида энг кўп неъмат – кархмал бўлиб, миқдори 88 фоизгача боради, яна оқсил моддаси ҳам бор: 7 дан 8 фоизгача, шакар ва клетчатка моддалари 0,5 фоизни ташкил этади. Гуруч таркибида 0,8 фоиздан 1 фоизгача ёғ ва 0,5 фоиздан кўпроқ сув ҳам бўлади. Гуруч дармондорилар ва маъдан моддаларидан ҳам холи эмас. Замонавий диэтолог врачларнинг таъкидлашларига кўра гуручдан тайёрланган таомларнинг ҳазмланиши 98 фоизни ташкил қилади. Гуручнинг бундай парҳезлик ҳосияти Б2 дармондориси – рибофлавин билан холинга боғлиқ. Агар аъзоларимизда Б2 дармондориси етишмаса, жигарда глюкоза камайиб кетади ва оқсил аминокислоталарнинг ҳазмланиш жараёни бузилади. Бундан ташқари, Б2 дармондориси марказий нерв системасининг бир маромда ишлаб туриши учун ҳам зарурий неъматдир. Гуручдаги холин моддаси модда алмашинуви учун энг яхши воситалардан ҳисобланиб, ички аъзолар ёғ босишининг олдини олади[5].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилиинг этимологик луғати. 3-жилд — 142-бет. 
  3. ↑ Маҳмудов К. Ўзбек тансиқ таомлари, 1989 — 197-бет. 
  4. ↑ „Мошкичири“. Қаралди: 2023-йил 29-май.
  5. ↑ Маҳмудов К. Ўзбек тансиқ таомлари, 1989 — 162-бет.