"Муҳаббат дашти" ёки "То муҳаббат" – Алишер Навоийнинг шу номли ғазалига басталаган қўшиқ[1]. Ушбу ғазал „Чор девон“ асаринининг 2-жилдидаги 496-ғазал ҳисобланади. Қўшиқ илк бора Ўзбекистон халқ артисти Мавлуда Аъзамова томонидан куйланган[2]. Кейинчалик Алишер Файз томонидан янгича мусиқий сайқалда қайта ижро этилган[3].

„Муҳаббат дашти“
Мавлуда Аъзамова ва Алишер Файз қўшиғи
Тил Туркий тил
Жанр Мумтоз
Қўшиқ муаллиф(лар)и Алишер Навоий

Ғазал шарҳи

Ғазалда лирик қаҳрамон – ошиқ, севгининг чексиз саҳросида овора ҳолатда тасвирланади; ишқнинг балолари қаршисида у ожиз ва бечорадир. Байтларда ишқ йўлида ўзликни йўқотиш, сабр ва изтироб билан яшаш, ички кечинмаларни ботиний жароҳат сифатида ҳис этиш каби ҳолатлар ифодаланган. Матнда парвона, булбул, ҳижрон туни каби образлар орқали ошиқнинг кечмишлари рамзий воситалар билан берилади. Шоир ўзини англай олмаётганини, бу ҳолатни бошқалар ҳам тушунолмаслигини айтади. Бу мазмун айрим талқинларда „ўзликни англаш“ ғояси билан боғланса-да, ғазал матни кўпроқ тасаввуфий йўналишдаги „фанолик“, яъни ўзидан воз кечиш ғоясига яқин туради. Ғазал якунида шоир дўстларининг ўлими сабабли қайғуда, бироқ уларнинг ортидан „ит каби“ эргашишини айтади. Бу ибора айримлар учун қолоқ ёки таҳқирли туюлиши мумкин, аммо бу ерда Қур’они Каримдаги Қитмир ҳақидаги ривоятга ишора мавжуд бўлиб, садоқат ва итоат рамзи сифатида талқин қилинади. Асар илоҳий муҳаббат, инсоний ожизлик, ички изтироб ва сўфий тафаккур жиҳатидан бой, мураккаб мазмунга эга бўлиб, мумтоз адабиёт доирасида алоҳида аҳамият касб этади[2].

Манбалар

  1. ↑ Эргаш Очилов. Умрбоқий қўшиқлар, 1-жилд, Тошкент: „Шарқ“ нашриёти, 2013-йил — 456-бет. ИСБН 978-9943-00-878-6. 
  2. ↑ 2,0 2,1 Зуҳриддин Исомиддинов. „Алишер Навоий: Эл нетиб топг’ай мениким… “Дийдор” о’қув-театр студияси мусиқий спектакл“. Хуршид Даврон кутубхонаси (2018-йил 2-июн). Қаралди: 2024-йил 13-ноябр.
  3. ↑ Алишер Файз (2022-10-30), Алишер Файз - То муҳаббат (мусиc версион), қаралди: 2024-11-13

Ҳаволалар