Муҳаммад Кабир Сайидхонович (Сайидхон ўғли) Баҳодирхонов (1941-йил 17-август, Ғулжа шаҳри, ХХР — 2021-йил 19-август, Тошкент, Ўзбекистон) — ўзбекистонлик физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, академик (2017), физика-математика фанлари доктори (1982), профессор.

Муҳаммад Кабир Сайидхонович (Сайидхон ўғли) Баҳодирхонов
Таваллуди 17-август 1941-йил
Ғулжа, ХХР
Вафоти 19-август 2021-йил(2021-08-19)
(80 ёшда)
Тошкент, Ўзбекистон
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Касби физик олим
Соҳаси яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси
Таълими Тошкент давлат университети
Илмий даражаси физика-математика фанлари доктори
Илмий унвони академик

Биографияси

Муҳаммад Кабир Баҳодирхонов 1941-йил 17-августда Ғулжа шаҳрида туғилган[1][2]. 1959-йилда Тошкент давлат университети физика факултетига ўқишга кириб, 1965-йилда яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси мутахассислиги бўйича тамомлайди. 1971—1985-йиллари Тошкент давлат университети „Яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси“ кафедраси мудири, 1985—1991-йиллари Тошкент политехника институти „Физикавий электроника“ кафедраси мудири, 1991—1992-йиллари Тошкент давлат техника университети илмий ишлар бўйича проректори, 1996—2003-йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раисининг биринчи ўринбосари, 2004—2012-йиллари Тошкент давлат техника университети „Электроника ва микроэлектроника“ кафедраси мудири[3], 2012—2021-йилларда Тошкент давлат техника университетининг „Рақамли электроника ва микроэлектроника“ кафедраси профессори бўлиб фаолият юритган[4].

Оиласи

Муҳаммад Кабир Баҳодирхоновнинг уч ўғил ва бир қизи бор[3].

Вафоти

Муҳаммад Кабир Баҳодирхонов 2021-йил 19-августда Тошкент шаҳрида 80 ёшида вафот этган[1][4][5].

Илмий фаолияти

1965-йилда Россия Фанлар академияси Абрам Фёдорович Иоффе номидаги физика-техника институти аспирантурасига ўқишга киради. Олим Борис Иосифович Болтакс илмий раҳбарлигида яримўтказгичлар физикаси бўйича номзодлик ишини 1971-йилда ҳимоя қилиб, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини, 1982-йили эса докторлик диссертациясини ёқлаб, физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олади. 2017-йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси академиги[6]. Олим „Яримўтказгич материалларда диффузион жараёнлар“, „Киришма атомлар билан компенсацияланган кремний материалининг электрофизик, фотоэлектрик, оптик ва галваномагнит хусусиятларини ўрганиш“ илмий мактабларига асос солган. Муҳаммад Кабир Баҳодирхонов Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб саноат-технологик тизимидан иборат илмий лаборатория ташкил этиш ва ушбу лабораторияда наноструктурали кремний олиш технологиясини яратишга муваффақ бўлган[2]. Олим 10 та монография, 16 та дарслик, 20 та ихтиролар, 300 дан ортиқ илмий мақолалар муалллифидир[3]. 100 дан ортиқ мақолалари АҚШ, Германия, Россия, Корея, Хитой ва бошқа давлатларнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилган[1].

Унвон ва мукофотлари

  • Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1992)[4];
  • Хинжианг университети фахрий порфессори (2003);
  • Нукус давлат университети фахрий порфессори (2012)[3];
  • „Дўстлик“ ордени (2020)[2];
  • „Меҳнат фахрийси“ кўкрак нишони (2021)[7].

Манбалар

Андоза:ЎТОЭ