Муҳаммад Салим охунд (1820-йил, Гурлан – 1916-йил, Хива) – мударрис, йирик диний олим. Хива шаҳрининг бош қозиси.

Муҳаммад Салим Охунд
Таваллуди 1820-йил
Гурлан беклиги
Вафоти 1916-йил
Хива
Таълими Оллоқулихон мадрасаси
Кўкалдош мадрасаси
Касби мударрис, шайхулислом, раис, қозикалон
Фаолият йиллари 1870—1910
Болалари 6

Таржимайи ҳоли

Муҳаммад Салим охунд 1820-йилда Гурланда туғилган. Ота томонидан аждодлари найман бўлган. Хива шаҳрида Оллоқулихон мадрасасида таҳсил олган. Мадраса таълимини тугатгандан сўнг, халқ орасида Муҳаммад Салим охунд сифатида ном қозонади. Бироқ, бироз вақт Бухорода яшайди. Бухородалигида ўзига муносиб иш тополмай, ҳамроҳи билан мардикор бозорига чиқади ва бир бадавлат одам томонидан фарзандларини ўқитиш учун муаллимликка ёлланади. Бироз пул жамғаргандан кейин, Кўкалдош мадрасасидан ҳужра олиб, мадрасада ўқий бошлайди. Мадраса мударрислар жамоасига таҳсил имтиҳонини аъло топширган Муҳаммад Салим охунд кейинчалик Кўкалдош мадрасасида мударрис сифатида фаолият юритади.

1860-йилларнинг охирларида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз Бухоро амири саройига ташриф буюради ва юртига қайтишда Муҳаммад Салим охундни ҳам ўзи билан бирга олиб қайтади. Муҳаммад Салим Гурланга қайтганда ота-онаси вафот этиб кетишган эди. Уни аммаси ва жияни Юсуфбой қарши олади. Кейинчалик Юсуфбой жияни Муҳаммад Салим охунднинг Гурлан беклигидаги ерларида иш бошқарувчи вазифасини бажаради.

Муҳаммад Салим охунд 1870-йилда Хивага келганда Муҳаммад Раҳимхон уни Хива шаҳри раиси лавозимига тайинлайди. У ижарада яшаб, Хивада шариат қонун-қоидалари, диний расм-русумлар, ибодатлар ижросини адолат билан назорат қилади. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг ўз вақтида мактабга қатнаши, талабаларнинг аҳволи, Хива бозорларида савдогарлар харидорларни алдамаслиги учун доимий равишда тош-тарозини назорат қилиб боради. Кейинчалик, ақл-заковати туфайли хон уни янги лавозимга тайинлайди. Салим охунд 30 ёшда эканлигида Хива шаҳрининг бош қозиси мансабига тайинланади. Шундан кейин ўзининг кучли илми ва иқтидори туфайли умрининг сўнггигача узоқ пайт бу мансабда фаолият кўрсатган.

1873-йилги подшо Россиясининг Хива юриши натижасида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон урушда фон Кауфман қўшинларидан енгилади. Шу вақтда Муҳаммад Салим охунднинг Кауфман билан олиб борган музокаралари натижасида Константин Кауфман ва Муҳаммад Раҳимхон ИИ ўртасида Гандимиён шартномаси имзоланади[1].

1905-йилда Хива шаҳрида Қозикалон мадрасасини қурдиради. Ичан қал’а музей-қўриқхонаси ёдгорликлари таркибига киради. Мадраса қурилишида таниқли хоразм усталари Худайберган ҳожи, Қаландар Кўчум, Матжон Қулимов, Бағбек Абдураҳмонов, Ваис Кулол ва бошқалар қатнашган[2].

Муҳаммад Салим охунд 1916-йилда, Хивада вафот этади. Уни Шоҳи Мардон қабристонига дафн этишади. Муҳаммад Салим охунддан олти фарзанд қолган. Катта ўғли Бобоохун Салимов Хоразм Халқ Совет Республикасининг биринчи адлия вазири (нозир) бўлган[3].

Манбалар

  1. ↑ Ирзоев, Баҳром „Мардикорликдан қозикалонликкача – қирқ йил хонга эмас, халққа хизмат қилган Муҳаммад Салим охунд“ (ўзбекча). ойина.уз (2022-йил 1-август). Қаралди: 19-октабр 2023-йил.
  2. ↑ „Кҳива-Қози Калон мадраса“ (инглизча). туркестантравел.cом. Қаралди: 13-октабр 2023-йил.
  3. ↑ „Бобоохун Салимов (1874-1929)“. зиёуз.уз. Қаралди: 19-октабр 2023-йил.