Муҳаммад Сиддиқ Бухорий (тахаллуси Ҳайрат[1], 1878-йил Арусон гузари, Бухоро, Бухоро амирлиги — 1902-йил, Бухоро, Бухоро амирлиги) — бухоролик шоир, зиёли оиладан. Қисқа умр кечирган.

Муҳаммад Сидддиқ Бухорий (Ҳайрат)
Муҳаммад Сиддиқ
Таваллуди 1878-йил
Вафоти 1902-йил
Бухоро, Бухоро амирлиги

Таржимаи ҳоли

Шоир 1878-йилда Бухоронинг Арусон гузарида муаззин оиласида туғилган. Ота-онасидан эрта етим қолади; отаси саккиз ёшида, онаси эса ўн икки ёшлигида вафот этган. Укаси билан ёлғиз қолган. Мерос сифатида уларга бир хонали кичик уй, Сўзангарон ва Муҳаммадали ҳожи мадрасаларидан биттадан ҳужра қолган[2]. Мадрасалардан келадиган оз миқдордаги пулга ўзи ва укасини боққан. Билими билан тенгдошлари орасида ажралиб турган, гузардаги мактабда таълим олган. Садриддин Айнийнинг ва яна бошқа ўша пайтда ижод қилганларнинг ёзишларича Муҳаммад Сиддиқ ўткир зеҳн ва кучли хотирага эга бўлган. Бу ҳақида Садриддин Айний шундай деган:

···устоз танлашга унча аҳамият бермай, биринчи учраган мударрисга фақат расмият учун шогирд бўлиб, аксари дарсларни хусусий мутолаа билан ўзлаштириб олар эди. Расмий устозларидан кунжак домулласи — балхлик мулла Абдукарим, дарсхонадаги домулласи — Ҳомид Араб бўлиб, улардан ҳеч бирининг илмий шуҳрати бўлмаганидек, адабиётга алоқалари ҳам йўқ эди. Ҳайрат мен билан ҳамдарс бўлишига қарамай бирор мударрис олдида бирга ўқиган эмасмиз. Шунга қарамай, у араб сарфу наҳвида ва мантиқда жуда бақувват эди![3]

1893-йил укасини ҳовлисида қолдириб, ўзи ўша давр анъаналарига кўра ҳужрага кўчиб ўтади. Укаси ҳам улғайгач мадрасада муаззин бўлиб ишлай бошлаган. Шоир ҳаёти етишмовчилик ва қийинчиликда ўтган[4]. Ўша давр шоирлари ва замондошлари кўмагида 1898-йил даллол Ашурбекка мирзоликка тайинланади. Аммо шунга қарамай аҳволи ўзгармайди 1901-йил сил касаллигига чалинади ва 1901-йил июлда вафот этади[5]. Шоир Талипоч дарвозаси ташқарисида — Чорбакр томон бориладиган йўл ёқасида дафн этилган.

Ижоди

Шоир 24 йил умр кечирган ва бир қатор ғазал, шеър ва мухаммаслар муаллифи. Шеърлари амир Абдулаҳадхонга қадар етиб борган, халқ орасида машҳур бўлган. Ўз ғазалларини ёзиб борган дафтаридан бири укасида, биттаси Мунзимда кўчирилган эди. Аммо Колесов воқеасидан сўнг нусхалар йўқолган. Шоирнинг бешта ғазали Самандар Воҳидов томонидан таржима қилинган.

Манбалар

  1. ↑ Садриддин Айний & Асарлар 1965, с. 197.
  2. ↑ Охунжон Сафаров & Бухоро адабий ҳаракатчилиги тарихидан лавҳалар 2015, с. 125.
  3. ↑ Садриддин Айний & Асарлар 1965, с. 204.
  4. ↑ Охунжон Сафаров & Бухоро адабий ҳаракатчилиги тарихидан лавҳалар 2015, с. 125-127.
  5. ↑ Охунжон Сафаров & Бухоро адабий ҳаракатчилиги тарихидан лавҳалар 2015, с. 130.

Адабиётлар

  • Садриддин Айний „6-том“, . Асарлар, 1965. 
  • Охунжон Сафаров. Бухоро адабий ҳаракатчилиги тарихидан лавҳалар. Дурдона, 1965 — 578-бет.