Ҳожа Муҳаммад Мавлоноий Зоҳид — ХВ- ХВИ асрларда яшаб ўтган[1] (1460—1530) ўз даврининг етук олими, тасаввуф тариқатининг фидоийси, аллома ва авлиё. „Тажвизи турки“ (Туркий қироат қоидалари) китоби муаллифи. Бу китобда Қур’они каримнинг қироати, талаффузи ва имло қоидалари ёритилган. Муҳаммад Зоҳид номлари Муҳаммад алайҳиссалом суннатларини қайта тирилтиришда салмоқли ҳисса қўшган нақшбандия тариқати пирларининг „силсилаи шариф“ида Убайдуллоҳ Аҳрордан кейин йигирманчи ўринда қайд этилган[2].

Авлиё

Исм

Муҳаммад Зоҳид

Таваллуди

1460-йил

Вафоти

1530-йил

Фалсафа мактаби

Асосий қизиқишлари

Ислом тариқати

Таваллуди

Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманининг Вахшивор мавзейида, таҳминан 1460-йилда таваллуд топган. Унинг шажараси Мирзо Улуғбек замонида Самарқанд мадрасасида мударрис сифатида фаолият юритган Ҳожа Муҳаммад Балҳийга бориб тақалади[3]. У киши фалакиёт ва риёзиёт илмларидан ҳам ҳабардор бўлган. Мирзо Улуғбекнинг содиқ замондошларидан бўлган Балҳий тахтни бошқа ҳукмдор эгаллаганидан сўнг бошқа олимлар қатори Самарқандни тарк этган ва Чағониёнга кўчиб борган. Муҳаммад Зоҳид Муҳаммад Балҳийнинг невараси ҳисобланиб, Ҳожа Муҳаммад Балҳийнинг фарзанди Ҳожа Муҳаммад Иброҳим, унинг ўгли эса Ҳожа Муҳаммад Зоҳид бўлган. Садриддин Салим Бухорийда ёзилишича, Ҳожа Муҳаммад Зоҳид Яъқуб Чархий синглисининг ўгли бўлган. Яқуб Чархий ҳам нақшбандия тариқати пирларининг „Силсилаи шариф“и да ўн саккизинчи ўринда турган ва Ҳожа Алоуддин Атторнинг буйруғига кўра ўша вақтда Чағониён деб аталган юртга келган. Анча йил бу ерда яшаган ва фаолият олиб борган. Шундай экан, Муҳаммад Зоҳиднинг насаби ҳар икки томондан ҳам машҳур сулолаларга боғланган[4].

Ҳаёти

Муҳаммад Зоҳид болалигидан тоғаси Мавлоно Яъқуб Чархий ҳалифа(шогирд) лари билан доимий суҳбатда бўлган. Ёшлигидан диний ва дунёвий илмларни эгаллаб, тариқатга амал қилган. Зуҳду тақвода замонасида унга етадиган киши бўлмаган. Ҳаётининг бир неча йилларини узлатда ўтказиб, ўз нафсини риёзотлар билан жиловлаш ва дунёвий ушлардан узоқ бўлиш билан шуғулланган.

Кейинчалик, ғайбий ишора билан ўша даврда қутби замон деб улуғланган Ҳазрат Ҳожа Аҳрор ҳузурига йўлга чиққан. Унинг келаётганини эшитган Ҳожа Аҳрор Валий ҳам отга миниб, Ҳожа Муҳаммад Зоҳидни кутиб олишга чиққан. Бир-бирлари билан юзма-юз келганларида бир дарахт соясида ўтиришади ва Ҳожа Муҳаммад Зоҳид улуғ пири муршид ҳисобланган Ҳожа Аҳрорга мурид бўлган ва Ҳожа Аҳрордан тариқат сирларидан дарс олади. Ҳожа Аҳрор туфайли ҳам улуғ даража ва мақомга эришганлиги ҳақида ривоятлар мавжуд.

„Туҳфат аз-зоирин“даги ривоятларда ёзилишича, улар илк бор учрашган кун Хожа Аҳрор сукр ҳолатида (яъни Аллоҳнинг ишқидан маст) туриб қолади ва аср намози қазо бўла бошлайди. У ўз ҳолига келиб қараса кўкдаги қуёш ботаётган вақт эди. Шунда Ҳазрат Хожа Аҳрор қуёшга: „Эй, қуёш, ботмай тур!“- деб ҳитоб қилади. Улар аср намозини ўқиб олгунларича қуёш осмонда порлаб туради. Намоздан сўнг қуёш зудлик билан ботиб, оламни қоронғулик чулғайди[5].

Ҳазрат Муҳаммад Зоҳид устози Хожа Аҳрорнинг қуйидаги ўгитларига ҳар доим амал қилган: „Худойи таолонинг ҳаққини сақлағил, то Ҳақ таоло сани ўз ҳифзу ҳимоятида сақлағай. Ва осонлик ва хурсандлик вақтида ўзингни Аллоҳ таолога ошно қил, то қаттиғлик ва душворлик чоғида санга дастгирлик қилғай ва ҳар вақтеки, бир ҳожатинг тушса, Аллоҳ таоло даргоҳида йиғлагил ва ёримандлик (кўмак)ни андин ўзгадин тилама ва яқин билгилки, агар ҳама халқ хоҳласаларки, бир манфаатеким санга тақдир бўлмабдур, санга еткурамен, десалар, еткуролмаслар. Ва агар хоҳласаларким бир зарареки пешонангга битилмабдур, санга ёпуштирсалар, ёпуштира олмаслар“[4].

Ижоди

Мавлоноий Зоҳид ҳаёти давомида кўплаб илмий асарлар яратган, лекин улардан бизгача етиб келгани фақат битта — „Тажвизи турки“ асари ҳисобланади. Ушбу асар Қур’они Каримни ўқиш қоидалари, туркий тилда ўқиш, талаффуз қилиш ва имлоси қоидалари ҳақида бўиб, араб алифбосидаги 29 та ҳарфнинг талаффуз қоидалари ҳам унда кўрсатилган[3].

Шогирдлари

Ҳожа Аҳрор вафот этгандан сўнг унинг бир қанча шогирдлари тарбияси билан Муҳаммад Зоҳир шуғулланган. Унинг шогирдларидан бири Ҳазрат Муҳаммад Дарвеш ҳам зоҳирий, ҳам ботиний билимларни чуқур эгаллайди ва Муҳаммад Зоҳиддан тариқат илмини ҳам қисқа муддатда ўрганиб авлиё ва тарбиячи устоз бўлиб етишади. У нақшбандия тариқати пирларининг йигирма биринчи ҳалқасидан жой олган ва пири муршид сифатида Ғарб-у Шарққа танилган[6].

Вафоти

Муҳаммад Зоҳид Вахшивор мавзеида 1530-йил вафот этган ва Вахшиворда дафн қилинган[7].

Хотираси

Манбалар

  1. ↑ „Мавлоно Муҳаммад Зоҳид“ (2019-йил 5-ноябр). 2023-йил 22-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 22-август.
  2. ↑ "Сурхондарёнинг Табаррук зиёратгоҳлари". 2001."Ғафур Ғулом" нашриёти
  3. ↑ 3,0 3,1 „Ҳожа Мавлоний Зоҳид мақбараси“ (2018-йил 5-ноябр).
  4. ↑ 4,0 4,1 Садриддин Салим Бухорий. "Ҳикматдир дунё". Сайланма. Тошкент. "Ғафур Ғулом" нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2011-йил, 348-бет
  5. ↑ Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона нашриёти, 2012 — 291-бет. 
  6. ↑ 6,0 6,1 Абдулла Холмирзаев. Термиздан нур, Қаралди:2023-йил, 77-бет, "Сан'ат" журнали нашриёти, 2015. 
  7. ↑ Йўлдошев Н. Бухородаги айрим авлиёлар тарихи. Бухоро: Бухоро нашриёти, 1993 — 143-бет.