Muhammad ibn Jazariy
Бу мақолага бошқа бирорта саҳифадан
ишорат йўқ. (август 2024) |
Муҳаммад ибн Жазарий (1350—1478) — тажвидшунос, қироацҳунос олим.
Муҳаммад ибн Жазарий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | тажвид,қироат |
Қироат ва тажвид илмининг олими, қори ва муҳаддислар устози, ўз замонасидан тортиб то ҳозирги давригача қироат ва тажвид илмининг шайхи бўлиб келаётган олимнинг тўлиқ исми — Ҳофиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф Жазарий Дамашқий Шерозий Шофиъий бўлиб, Ибн Жазарий номи билан машҳур. Ибн Жазарий 25 рамазон 751/1350 йили 30-ноябр, жума куни Дамашқда таваллуд топган. Ибн Жазарий ўн тўрт ёшида Қуръонни ёд олган. Сўнг илм талаб қилишга юзланиб, қироат илмини Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор ва Аҳмад ибн Иброҳим ибн Таҳҳондан таълим ола бошлаган. 768/1367 йили ҳаж сафарига боради ва Мадинаи Мунаввара имоми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ Хатиб ҳузурларида қироатларни тажвид асосида ўқиб берган. Кейин Қоҳирага бориб, Фахр ибн Бухорий, Димётий каби алломалардан таълим олган. Искандарияга бориб, у ердаги олимларга қироат қилиб берган. Шу орада тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, балоғат, сарф ва наҳв каби илмларни сабоқ олиб, ўзлаштирган. Ҳадис илмини Имод ибн Касир ва Ироқийдан таълим олган. Фиқҳ илмини эса, Шайх Абдурраҳим Иснавий, Булқийний, Баҳо Сабкий каби фақиҳлардан, усул, маъоний ва баён илмларини Мисрда Шайх Зиёуддин Саъдуллоҳ Қазвиний ва бошқалардан ўзлаштирган. Вафотидан олдин, 774/1373 йили шайхулислом, муҳаддис, муаррих Абулфидо Исмоил Ибн Касир, 779/1378 йили Шайх Зиёуддин, шунингдек, 785/1384 йили шайхулислом Булқийнийлар у зотга фатво чиқаришга рухсат беришган. Уммавийлар барпо этган жом’эда қироат илмини мукаммал ўзлаштириб, ўша жойдаги машҳур қориларга раис бўлган ва кўпчиликка қироат илмини ўргатган. Дамашқда Қуръони каримга бағишлаб „Дору-л-Қуръони-л-карим“ номли мадраса бино қилган. 793/1391 йилдан бошлаб Шом (Сурия)да бир неча йил қозилик қилганидан сўнг, 798/1396 йили Рум (ҳозирги Туркия)га сафар қилиб, Бурса шаҳрида Усмонийларнинг султони Боязид ибн Усмоннинг меҳмони бўлиб, шу ерда яшай бошлаган. Боязиднинг ҳурмат қилишининг бир сабаби шундаки, Ибн Жазарий Боязиднинг ҳузурига кираётган чоғида Дамашқда Қуръони каримни тиловат қилиб берган устозларидан бири Шайх Ҳожи номли олимга рўпара келиб қолади. Унинг иқтидорини билган Боязид, ҳурмат қилади, куниги юз дирҳам маблағ тайинлайди, бир неча от ва мулк тақдим этади. Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан имом у ерда бир неча йил истиқомат қилиб, юрт аҳолисига қироат ва ҳадис илмидан таълим берган. Ўша диёрда икки жилдли „Ан-нашр фи-л-қирооти-л-ашр“ („Ўн хил қироат ҳақида нашр“) номли асарини таълиф этган. 805/1403 йили Боязид Йилдирим билан Амир Темур ўртасида жанг бўлиб ўтганида, Боязид билан бирга Ибн Жазарий ҳам асрга тушади. Ибн Жазарийнинг иқтидорини билган Амир Темур у зотни Румдан Мовароуннаҳр диёрига олиб келади. Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида Соҳибқирон салтанати остида ҳаёт кечиради. Кеш ва Самарқанд аҳолисининг бир жамоаси у зотдан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат эҳтиром кўрсатган. Кешда Абдулқодир ибн Тилла Румий, Ҳофиз Боязид Кеший ва Ҳофиз Маҳмуд ибн Муқрийлар ундан ўн хил қироат илмини ўрганиб, қироатлар шайхлари унвонини олишган. Имом Муҳаммад Жазарий Румдан Самарқандга келганида Соҳибқирон катта базм уюштиради. Унга таклиф этилган амир ва зодагонларга чап тарафдан, олимларга эса, ўнг тарафдан жой ажратишни буюради. Имом Жазарийга эса уламоларга ажратилган жойнинг олд қисмидан, аллома Саййид Шариф Журжонийдан юқорироқдан ўрин ҳозирлашга амр қилади. Сабаби сўралганида, Соҳибқирон: „Китоб ва суннат билимдони бўлган зотни ҳурмат қилмай бўладими?!“, — дея жавоб берган экан[1]. Ибн Жазарий Амир Темурнинг вафотидан сўнг, 807/1405 йили Мовароуннаҳрни тарк этиб, Хуросоннинг Ҳирот шаҳрига сафар қилади. У ерда ҳам кўпчиликка ўн хил қироатдан дарс беради. Сўнг Яздинга қайтиб келганида, у ерлик аҳолининг ҳам бир гуруҳи у зот қўлида қироат илмини мукаммал ўрганади. Ҳофизу-л-муқрийи-л-фозил Шамсиддин ибн Муҳаммад Даббоғ Бағдодий шулар жумласидандир. Кейин Исфаҳонга сафар қилади. У ерда ҳам аҳолининг кўпчилиги у зотдан сабоқ олади. 808/1406 йили Рамазон ойида Шероз шаҳрига боради. Шероз султони Бир Муҳаммад у зотни ўз диёрида олиб қолиш мақсадида унга қозилик вазифасини топширади. Шундай қилиб, у ерда ҳам бир оз муддат қолади. Бундан кўпчилик яхши фойдаланиб, у зотдан қироат илмини ўрганади. Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Басра орқали йўлга чиқади. Икки довон ошиб, Унайза шаҳрига этгач, Бани Лом аъробийлари у зотни тутиб, бор нарсаларини тортиб олишади. Унайзага қайтиб, у ерда учта қироатга бағишлаб „Ад-дурра“ („Дур, марварид“) номли назмий асарини ёзади. Сўнг Аллоҳ таоло унга ҳаж ибодати амалини адо қилишни насиб этади. Ҳарамайн шарифайнда бир муддат истиқомат қилади. Шу муддат ичида ҳам кўпчилик у зотдан таълим олади. Қоҳира ва Яманга бир неча марта сафар қилади. Сафар давомида ўзи илм олиш билан бирга жуда кўп инсонларга қироат, ҳадис ва бошқа илмлардан таълим беради. Ибн Жазарийнинг устозлари кўп бўлиб, энг машҳурлари қуйидагилардир: Шайх Аҳмад ибн Иброҳим Таҳҳон (1303—1381), Қози Аҳмад ибн Ҳусайн Ҳанафий (1292—1378), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Соиғ (1305—1376), Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор (1299—1380), Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ (ХИВ аср), Ҳофиз Абулфидо ибн Касир (1302—1373), Шайхулислом Сирожиддин Булқийний (1324—1403) ва бошқалар. Муҳаммад Жазарий замонасининг кўзга кўринган олимларидан таълим олиш билан бирга ўзи ҳам кўплаб шогирд етиштирган. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: ўғли аллома Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад, Шайх Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Сулаймон Шерозий, Шайх Абу Бакр ибн Мусбиҳ Ҳамавий, Шайх Абдуллоҳ ибн Қутб Байҳақий, Шайх Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад Хижозий, Шайх Хатиб Муъмин ибн Али Румий, Шайх Юсуф ибн Аҳмад Хабаший, Шайх Али ибн Иброҳим ибн Аҳмад Солиҳий ва бошқалар. Имом Жазарий илмий фаолияти давомида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва араб тили грамматикаси каби турли фанларга доир этмишдан ортиқ илмий асарлар тасниф этган. Уларнинг кўплари қироат ва тажвид илмига бағишланган.
Асарлари
Бугунги кунда асарлари ичида нашр қилинганлари, қўлёзма нусхалари етиб келмаганлари бўлиб, энг машҳурлари қуйидагилар: Қуръон ва қироат илмига доир асарлари: „Усулул-л-қироат“ („Қироат усуллари“), „Тахбиру-т-тайсир фи қироати-л-ашр“ ("Ўн хил қироатда энгиллатишни чиройли қилиш), „Ал-ақду-с-самин“ („Қимматбаҳо эчим“), „Фазоилу-л-Қуръон“ („Қуръоннинг фазилатлари“), „Ан-нашр фи-л-қироати-л-ашр“ („Ўн хил қироат ҳақида нашр“), „Тақрибу-н-нашр фи қироати-л-ашр“ („Ўн хил қироатда нашр тақриб қилиш“), „Ат-тамҳид фи илми-т-тажвид“ („Тажвид илмидаги энгиллатиш“), „Мунжиду-л-муқриъин ва муршиду-т-толибин“ („Тиловат қилувчилар (ўқувчилар)га қўлланма ва толибларга йўлланма“), „Ал-иълом фи аҳкоми-л-идғом“ („Идғом ҳукмлари ҳақида маълумот“), „Ал-ақду-с-самин фи алфози-л-Қуръони-л-мубин“ („Қуръони мубиннинг лафзлари ҳақидаги қимматбаҳо эчим“), „Туҳфату-л-ихвон фи-л-хулф байна-ш-шотибийя ва-л-унвон“ („Шотибия ва унвонлар ўртасидаги ихтилофи ҳақида биродарларнинг туҳфаси“), „Ат-тавжиҳот фи усули-л-қироат“ („Қироат усуллари ҳақида кўрсатмалар“), „Ал-иҳтидо ила маърифат-л-вақф ва-л-ибтидо“ („Вақф ва ибтидони билиш ҳақида тўғри йўл“), „Ҳидояту-л-барара фи татиммаи-л-ашара“ („Ўнни тугатишда меҳрибон бўлган ҳидоят“), „Ад-дурру-л-маъния фи-л-қироати-л-аиммати-с-салосати-л-марзийя“ („Рози бўлинган уч имомнинг қироати ҳақида манфаатли дур“), „Ниҳояту-л-барара“ („Меҳрибонлик ниҳояси“), „Ғояту-л-маҳара фи-з-зиёда ала-л-ашара“, („Ўн қироатга зиёда сифатида малаканинг ғояси“), „Ғояту-н-ниҳоя фи табақоти-л-қурро“ („Қорилар табақаси ҳақида ниҳоя ғояси“), „Ал-муқаддимату-л-Жазария“ („Жазарий муқаддимаси“). Ҳадис илмига доир асарлари: „Ал-бидоя фи улуми-р-ривоя“ („Ривоят илмларидаги бидоя (бошланиш)“), „Ал-ҳидоя фи улуми-р-ривоя“ („Ривоят илмлари борасида тўғри йўл“), „Муқаддима улуми-л-ҳадис“ („Ҳадис илмлари муқаддимаси“), „Ат-тавзиҳ фи шарҳи-л-масобиҳ“ („Ал-масобиҳ шарҳи ҳақида ойдинлик“), „Ал-ҳисну-л-ҳасин мин каломи Саййиди-л-мурсалин“ („Саййиду-л-мурсалийн каломидан ташкил топган мустаҳкам қалъа“), „Ал-қасду-л-Аҳмад фи рижоли муснади Аҳмад“ („Муснади Аҳмад ровийлари ҳақида Аҳмаднинг мақсади“), „Ал-арбаъин ҳадисан“ („Қирқ ҳадис“), „Тазкирату-л-уламо фи усули-л-ҳадис“ („Ҳадис усули тўғрисида уламолар тазкираси“). Фиқҳ илмларига доир асарлари: „Ат-такрим фи-л-умрат мина-т-танъим“ („Умрада Танъимни (Маккадаги бир жойнинг номи) қадрлаш“), „Шарҳ минҳожи-л-усул“, („Минҳожу-л-усул шарҳи“), „Ғояту-л-муно фи зиярати-л-Мино“ („Минони зиёрат этишдаги истакнинг ғояси“). Наҳв (араб тили грамматикаси)га доир асарлари: „Ал-жавҳара фи-н-наҳв“ („Наҳв илмидаги гавҳар“), „Ал-исоба фи лавозим китоба“ („Ёзувнинг лозим жиҳатлари ҳақида тўғрилик“), „Ал-иътирозу-л-мубдий“ („Асословчининг эътирози“). Тарихга доир асарлари: Мухтасар тарихи-л-ислом" („Ислом тарихи ҳақида мухтасар китоб“), „Зоту-ш-шифо фи сийра-ти-л-Мустафо“ („Мустафонинг сийратида шифо зоти“), „Ал-мавлуду-л-кабир“ („Катта мавлуд“), „Ат-таъриф би-л-мавлиди-ш-шариф“, („Мавлуди шарифнинг таърифи“) ва бошқа турли хил илмларга оид асарлар. Қўлёзма асарларининг кўпчилиги Саудия Арабистонинг Риёз шаҳридаги „Марказу-л-малик Файсал ли-л-буҳус ва-д-диросоти-л-исломийя“ кутубхонасида сақланмоқда. Қироат илмининг беқиёс олими Муҳаммад Жазарий сермазмун умрининг охирини Шерозда ўтказган. У зот 833/1429 йили Рабиъул аввал ойининг бешинчи, жума кунининг тонгида 82 ёшда вафот этган ва ўзи қурдирган „Дору-л-Қуръон“ мадрасасига дафн қилинган[2].
Адабиётлар
Манбалар
- ↑ Тошкубри Зода. Аш-шақоиқу-н-Нуъмония фи уламои давлати-л-Усмония. – Байрут. Дору-л-китоби-л-арабий, 1975. – Б. 29.
- ↑ Қаранг: Зириклий. Ал-аълом. Ж. 7. – Байрут: Дору-л-илм ли-л-малайин, 2002. – Б. 45; Абдулҳай ибн Абдулкабир Каттоний. Фиҳрису-л-фаҳорис ва-л-асбот ва муъжаму-л-маожим ва-л-машаййихот ва-л-мусалсалот. – Байрут: Дору-л-ғарби-л-исломий, 1982. – Б. 304-305.
| Ушбу мақолада Ўрта аср Шарқ алломалари энсиклопедияси маълумотларидан фойдаланилган. |