Муҳаммаджон Мўминов — қўқонлик давлат ва жамоат арбоби, педагог.

Муҳаммаджон Мўминов
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1903-йил
Қўқон шаҳри
Вафоти 1938-йил

Ҳаёти ва меҳнат фаолияти

Муҳаммаджон Мўминов 1903-йилда Қўқон шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. У Намангандаги эски мактабда, кейинчалик 1917-йилгача Намангандаги гимназияда таҳсил олган. Отаси Абдумўмин Инағомов маҳаллий қозиликда фаолият кўрсатган. 1917-1920-йилларда Муҳаммаджон Мўминов мустақил равишда ўзи таълим олган. У 1920-йилда Намангандаги комсомол ташкилотига аъзо бўлган. 1921-йил Муҳаммаджон Мўминов Қўқон шаҳридаги ишчи факултетига ўқишга кирган. Аммо ушбу факултет 1922-йил сентабрда тугатилган. У Тошкентга кетишга мажбур бўлиб Ўрта Осиё давлат университети ишчи факултетига қабул қилинган.

Муҳаммаджон Мўминов 1923-йил ушбу факултетни тугатиб диплом олган. У билимини мустаҳкамлаш мақсадида Москва шаҳрига борган[1]. 1923—1924-йили Москва давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга кирган. У 1928-йил сўнгида „Мамлакатнинг бошқарув тизимида прокурор назорати“ мавзусида диплом иши муваффаққиятли ҳимоя қилиб, қизил диплом билан битирган. Муҳаммаджон Мўминов 1929-йилда Самарқандга келган ва Ўзбекистон ССР Олий суди коллегияси аъзоси этиб тайинланган. 1931-йилдан у ЎзССР Адлия халқ комиссарлигида аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш ва суд ҳимоя бўлимининг мудири сифатида фаолият кўрсатган.

Муҳаммаджон Мўминов 1932—1935-йилларда Совет қурилиш ва ҳуқуқ илмий текшириш институти директори вазифасида фаолият олиб борган. 1935-йили Фарғона музофотига прокурор этиб юборилган. 1937-йилда Тошкентга қайтишга мажбур бўлган.

Айблов

1937-йил 28-март куни ЎзССР ИИХК раҳбари Загвоздин қарори билан ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси 1-қисми билан айбланади. 1937-йил 29-март куни унинг уйида тинтув ўтказилган. 1937-йил 20-декабр куни Муҳаммаджон Мўминов ЎзССР ИИХК Леонов томонидан айблов баённомаси имзоланган. 1938-йил 4-октабр куни Муҳаммаджон Мўминов Олий суд қарори билан унга отув ҳукми ўқилган ва ҳукм ўша куннинг ўзида ижро этилган. 1957-йил 23-январ куни СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси қарори билан Муҳаммаджон Мўминов оқланган[2].

Манбалар

  1. ↑ Ирзаев Б. Қўқон тарихидан лавҳалар. Тошкент: „Академнашр“, 2020 — 240-бет. 
  2. ↑ Ҳасанов Б. Тарихнинг номаълум саҳифалари ВИИИ китоб. Тошкент: „Академнашр“, 2018 — 304-бет.