Муҳаммадниёз Нишотий – Таниқли ўзбек шоири, лиро-эпик шеърият тарраққиётида алоҳида ўринга эга.

Хоразмда 1701-йилда туғилди. Ижодий меросидан лирик шеърлари ва „Ҳусну Дил“ достони етиб келган. Шеърлари „Ғазалиёт ва мухаммасоти Нишотий“, „Баёзи мутафарриқа“, „Баёзи мажмуаи аш’ор“ каби манбаларда жамланган. 1903-йилда Муҳаммад Юсуф Чокар томонидан кўчирилган девони ЎР ФА ШИ да (инв.1197, 7013,1117, 1027, 7054) сақланади.

Йирик асари „Ҳусну Дил“ достони Бухорода 1778-йил ёзилган. Ҳусн ва Дил саргузаштининг сюжети Шарқ адабиётида машҳур бўлиб, Ях’ё Сабоқ Фаттоҳий, Абдураҳмон Мушфиқий томонидан ҳам шу номда асарлар ёзилган. Достон 62 бобдан 15584 мисрадан иборат. Достоннинг қаҳрамонлари Фуод (арабча, кўнгул), Ҳусн, Ақл, Ишқ, Назар, Ҳиммат, Сабр, Вафо, Ҳаёл, Ғамза, Рақиб, Номус каби рамзий тимсоллар орқали муаллифнинг ахлоқий-таълимий ғоялари ифодаланган. „Қушлар мунозараси“ асари ҳам аллегорик — мажозий ҳарактерга эга бўлиб, 300 мисрадан иборат. Шоир 14 қушнинг ўзаро баҳс-у мунозаралари орқали ўз қарашларини баён этади.

Нишотий адабий мероси В.Абдуллаэв, Б.Валихўжаэв, М.Қосимова ва бошқалар томонидан ўрганилган.

Нашр қилинган асарлари

  • Нишотий. Ҳусну Дил. Лирика. -Т.: 1967.
  • Нишотий. Қушлар мунозараси. Журн. «Гулистон». −1970. № 1.

Адабиёт

  • Қосимова М. Муҳаммадниёз Нишотий. — Т.: 1976;
  • Валихўжаэв Б. Ўзбек эпик поэзияси тарихидан. — Т.: 1975;
  • Абдуллаэв В. Нишотий. Китобда: Сайланма. — Т.: 1982.