Муҳаййир (тахаллуси; асл исми Муҳаммадқул Муҳаммадрасул ўғли) (1842, Қўқон — 1918, Риштон тумани) — шоир, таржимон ва хаттот. Ўзбек ва форстожик тилларида ижод қилган. 1875—85 йилларда Бухоро мадрасаларида ўқиган. М.нинг ўз қўли билан кўчирган мукаммал девонининг 2 нусхаси мавжуд. Девонида 350 ғазал, 35 муҳаммас, 3 мусаддас, 6 мурабба, 2 таржеъбанд, 73 рубоий ва "Қирқ ҳадис"нинг шеърий йўл билан қилинган таржимаси бор. М., шунингдек, "Салоти Масъудий" номли фиқҳ илмига оид форсча китобни ўзбек тилига таржима қилган. 1870-йилда Алишер Навоийнинг терма девонини ҳам настаълиқ хатида кўчирган. Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Завкий, Нодим Намангоний ва Мунтазирлар билан яқин ижодий муносабатда бўлган. Лутфий, Жомий, Ҳофиз Шерозий ва Алишер Навоий ғазалларига муҳаммаслар боғлаган, назиралар ёзган. Шеъриятида тасаввуфий оҳанглар, рамз ва ишоралар ҳам бор. Ижодий меросининг умумий ҳажми 10000 мисрадан ошиқроқ. 3 қўлёзма девони Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №7493, 19111) ва Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат адабиёт музейида сақланади (инв. №241). Ад.: Танланган шеърлар, Т., 1967; Девон, Т., 2000.

Акрам Деҳқонов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил