Муин Воиз (15-аср) – форс-тожик тилида ижод қилган ҳиротлик шоир ва воиз, мавлоно Ҳожи Муҳаммад Фароҳийнинг ўғли. Номи “Мажолис ун-нафоис”нинг тўртинчи мажлисида тилга олинади.

Алишер Навоий унинг катта воиз экани, муридлари кўплиги, минбарга чиққанда девонага хос ҳаракатлар қилиши ва тахтани тепиши ҳамда ўзини “Муин девона” деб аташи ҳақида маълумот беради. Муин Воиз бир куни Ҳазрат Али (р.а)нинг имонлари тақлидийдир, дегани учун ул зотнинг руҳларидан кўп азият кўради, тавба қилиб, зўрға қутулади. Акаси Мавлоно Низомиддин унга икки марта шаҳар қозилигини таклиф қилганда ҳам рад этган ва шундай жавоб берган экан: “Муини мо қобилияти бисёр дошт, ин зинапояйи чўбин уро зоэъ сохт” (Мазмуни: Бизнинг Муъинимиз ўта қобилиятли эди, лекин бу ёғоч зинапоялар уни йўқ қилди).

Навоий унинг табиатидаги девоналикни инобатга олиб, у ҳар қандай сўз айца, афв эца бўлади, шеърида вазн, қофия ва радифни қўллашдаги баъзи нуқсонлар ҳам кечиримлидир, дейди. “Мажолис ун-нафоис”да унинг қуйидаги байти келтирилган:

Магар фасли баҳор омадки, олам сабзу хуррам шуд,

Магар васли нигор омадки, дил бо васл ҳамдам шуд.

(Мазмуни: Баҳор фасли келдими экан, олам кўкламлашиб, шодликка тўлди, гўзалнинг висоли етишдимикин, кўнгил васл­га ҳамдам бўлди)[1][2].

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий: Қомусий луғат. 
  2. ↑ Мажолис ун-нафоис.