Mulk huquqi
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Мулк ҳуқуқи — моддий неъматларнинг аниқ бир шахсларга тегишлилиги (ўзлаштирилганлиги)ни мустаҳкамловчи, тартибга солувчи ва муҳофаза қилувчи нормалар йиғиндиси; фуқаролик ҳуқуқининг асосий тартиботларидан бири. Ўзбекистон Республикаси ФКга кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг Мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасига[1] биноан, „ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли“. Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. „Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида“ги қонун[2] (1990-йил 31-октабр) асосида бозор муносабатларининг ташкил топиши учун иқтисодий манба ҳисобланган хусусий мулкчиликка йўл очилди. Хусусий мулкчиликнинг ривожланишида „Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида“ги қонун[3] (1991-йил 19-ноябр) муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонунга асосан шўролар давридаги давлат мулкининг ҳукмронлик қилишига барҳам берилди, хусусий мулкнинг ташкил топиши учун имконият яратилди. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ФКда мулкни ўтмишда социалистик жамиятнинг синфларга бўлинишига асосланиб (давлат, колхозкооператив, шахсий) шаклларга ажратилишига ва қайси шаклда, кимга тегишлилигига қараб ўрнатилган тенгсизликка барҳам берилди. Шўролар даврида мулк эгаларининг ҳуқуклари тегишли қоидаларда, шунингдек, амалиётда ҳам доимо чекланиб келинган. Эндиликда мулк эгасига тегишли бўлган мол-мулкни турли сабаблар ва ҳар хил йўл билан давлат идоралари ва мансабдор шахслар томонидан олиб қўйилиши, мулкдан эркин фойдаланиш учун тўсқинликлар вужудга келтирилиши ғайриқонуний ҳисобланади. Мулк ҳуқуқи муддациздир. Мулк эгаси ўз мулкидан абадий фойдаланиш, уни хоҳлаган вақтида тасарруф этиш ҳуқуқига эга[4].
Манбалар
- ↑ „ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУТСИЙАСИ“. Лех.уз. Қаралди: 1-октабр 2023-йил.
- ↑ „ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МУЛКCҲИЛИК ТЎҒРИСИДА“. Лех.уз. Қаралди: 1-октабр 2023-йил.
- ↑ „ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН CҲИҚАРИСҲ ВА ХУСУСИЙЛАСҲТИРИСҲ ТЎҒРИСИДА“. Лех.уз. Қаралди: 1-октабр 2023-йил.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |