Мулкни хатлаш (ЎзРда) — молмулкни рўйхатга олиш ва уни тасарруф этиш ман этилганлигини эълон қилиш, зарур ҳолларда эса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, уни олиб қўйиш ва сақлашга топшириш. Фуқаролик процессида Мулкни хатлаш суд қал қилув қарорларини ижро қилиш босқичида, даъвони таъминлашнинг бир чораси сифатида қўлланади. Жиноят процессуал қонунчилигида эса, фуқаровий даъволарни таъминлаш мақсадида терговчи ҳам Мулкни хатлаши мумкин. Бундай пайтда баённома тузилиб, унинг нусхаси тилхат асосида мулк эгасига берилади. Мулк хатлангач, унинг эгаси: мулкни сотиб юбориш, совға қилиш, алмаштириш, гаровга қўйиш каби ҳуқуқлардан маҳрум бўлади. Мулкни хатлаш далолатнома орқали расмийлаштирилади. Далолатномада: у тузилган вақт ва жойи, суд ижрочисининг, далолатнома тузилишида иштирок этган шахсларнинг исм-шарифлари, Мулкни хатлаш учун асослар, ундирувчи ва қарздорнинг исм-шарифлари, мулк ҳақидаги маълумотнома, унинг тавсифи ва қиймати, мулкни сақлашга берилган шахснинг номи, Мулкни хатлаш жараёнида қатнашган шахсларнинг эътирозлари ва шаҳрик. кўрсатилади. Далолатномага суд ижрочиси,қарздор ва далолатнома тузилишида иштирок этган шахслар имзо чекади. Мулкни хатлаш жараёнида суд ижрочиси ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилган (мас, қонун бўйича хатлаш мумкин бўлмаган мулкни рўйхатга олган) бўлса, манфаатдор шахслар судга шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин.

Музаффаржон Мамасиддиқов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил