Мулла Абдулқаҳҳор, Қаҳҳорбек (1884, Ғиждувон туманидаги Саидкент қишлоғи — 1924, Қизилқум) — Бухорода Қизил армияга қарши ҳаракат раҳбарларидан бири, йирик уламо. Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Бухоро босқинидан сўнг, собиқ ҳукмдор Сайд Олимхоннинг фармони билан Мулла Абдулқаҳҳор Ғарбий Бухородаги 15000 нафар аскарга Бош қўмондон қилиб тайинланди (1920-йил кузи). Унинг раҳбарлигида Бухоро, Кармана, Нуротадаги 20 дан ортиқ қўрбоши гурухлари бирлаштирилди.

Мулла Абдулқаҳҳор
Таваллуди 1884-йил
Вафоти 1924-йил

1921-йилда Мулла Абдулқаҳҳор Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитанда ўз ҳокимиятини ўрнатгач, Нурота вилоятига юриш қилди. Ўз қароргоҳини Нуротада жойлаштиргач, бу ердан атрофдаги туманларга о’з вакилларини жўнатиб, аҳолини қизил аскарларга қарши курашга кўтарди. Сайд Олимхоннинг ёзишича, бу пайтда унинг қўл остида 25000 йигит тўпланган. Мулла Абдулқаҳҳор Бухорога юриш қилиб унинг бир қисмини эгаллади, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳини қизил аскарлардан озод қилди (1922-йил март). Бироқ, Туркистон фронти жангчилари, Закаспийдан етиб келган С. М. Будённийнннг отлиқ армияси ва қизил аскарларнинг бошқа кучлари Мулла Абдулқаҳҳор қўшинини Бухородан сиқиб чиқарди. Бу мағлубиятдан сўнг у 1923— 24-йилларда ўз ҳаракатларини Кармана ва Нурота вилоятларида яна фаоллаштирди. Мулла Абдулқаҳҳор билан Иброҳимбек ва Сайд Олимхон ўртасида доимий алоқалар бўлган. Мулла Абдулқаҳҳор ва Сайд Аъзам Хўжа имзолари билан „Бухоро, Туркистон ва Кавказнинг барча мусулмонларига“ мурожаатнома чиқарилган (1924-йил март). Қизил аскарлар билан бўлган тўқнашувларнинг бирида (1924.21.6) у оғир ярадор бўлди ва мағлубиятга учради. 1924-йил ёзи ва кузида Ғиждувон туманининг Ғишти ва Катта Ғамхўр қишлоқларида, Нурота тоғларида, Шофиркон туманига туташ Қизилқумнинг Жилвон қумликларида қаттиқ тўқнашувлар бўлди. Қизилқумда бўлган ана шундай жангларнинг бирида Мулла Абдулқаҳҳор ҳалок бўлди[1].

Яна қаранг

Адабиёт

  • Амир Саййид Олимхон, Бухоро халқининг ҳасрати тарихи, Т., 1991; Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб [Ўзбекиетон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ражабов Қ., Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш, Т., 2002.

Қаҳрамон Ражабов.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил