Мулла Султон мадрасаси Мулла Султон Мурод Бухоронинг Шоҳ Ахси гузарида жойлашган бўлиб, унинг 12 ҳужраси бўлган. Садри Зиё ҳужралар сонини 10 та деб кўрсатган. Мадраса фаолиятига доир бир нечта ҳужжат сақланиб қолган.

Мулла Султон мадрасаси
Жойлашув Бухоро
Тури мадраса
Харита

Тарихи

Қозикалон Мир Бадриддин арзномасида мулла Султон мадрасаси мударриси мулла И’нон камбағаллиги туфайли мавлона Шариф хонақоҳи ҳужралари мударриси мулла Ғуломнинг ўрнига ўтишдан умидвор бўлиб меҳрибони олийни дуо қилаётганини маълум қилади. Маоши 12 тилла. Ҳужжатнинг давомида таълим олишни якунлаган Аҳмад исмли талаба Мулла Султон мадрасасида мулла И’ноннинг бўш қолган ўрнига ўтказилиши ҳақида ахборот берилади. Маоши 5 тилла. Мир Бадриддин бошқа арзномасида Шоҳ Ахси гузаридаги мулла Султон мадрасаси ҳужрасининг бир тарафида истиқомат қилувчи мулла Абдусаттор кетгани, унинг ўрнига камбағал талаба Ҳотам ўткзалишини маълум қилади. Жой ҳақи 1 тилла. Яна бир арзномада мулла Султон мадрасаси ҳужрасида яшовчи мулла Боқир ўрни бўш тургани, унга мулла Раҳматулла қўйилиши хабар қилинади. Жой ҳақи 1 тилла. Бошқа ҳужжатда мазкур талабаларнинг ўрни яна алмашгани ҳақида гап боради. Бу гал талаба Раҳматулла ўрнига мулла Боқир ҳужрадор бўлади.[1]

Манбалар

  1. ↑ Бухоро та'лим тизими тарихи. Абдусаттор Жуманазар. Тошкент: Академнашр, 2017. – Б. 373.