Mumiyo
Мумиё (арабча, лотинча мумиа), мумиёйи асл, тоғ балзами, браг-шун, баргшун, чаотун – физиологик функсияларни кучайтирадиган мураккаб биологик табиий маҳсулот. У кряларнинг ёриқларидан сизиб чиқадиган смоласимон модда. Умуман мумиёни биологик, геологик ва биоминералогик ўзгаришлар маҳсулоти дейиш мумкин.
Табобатда қадимдан ишлатиб келинган. Абу Бакр-ар Розий бош оғриғи, бош айланиши, юз нерви фалажи, тутқаноқ, юракқон томир системаси, нафас йўллари ва бошқа аъзолар касалликларида мумиё ишлатган. Абу Али ибн Сино ўзининг „Тиб қонунлари“да мумиёни меъдани мустаҳкамлайдиган, нафас олишни енгиллаштирадиган, бинобарин энг такомиллашган универсал дори деб тавсифлаган. Мумиёнинг келиб чиқиши ҳақида жуда кўп фикрлар мавжуд.
Мумиё ҳамирдай мулойим, таъми аччиқ, сувда эрийди. Таркибида турли органик моддалар ва микроэлементлар бор. Ўрта Осиё ҳудудида мумиёнинг манбалари кўп. Тилла ранг (қизил), кумуш ранг (оқиш), мис ранг (кўкиш) ва темир ранг (қорамтир-қўнғир) мумиё бўлади. Темир ранг мумиё кўпроқ тарқалган. Асосан, тиббиётда қўлланади. Мумиё йиринглатувчи микробларни ўлдиради, жароҳат, яра ва синган суякларни тез тузатади. Лат еган, синган суякларни даволашда мумиёдан фойдаланиш сир-асрорларини Ўзбекистонда профессор О. Ш. Шокиров илмий жиҳатдан асослаб берган.
Мумиёни мембрана орқали тозалаш, пуркаш усулида қуритиш ва кукунга айлантириш, таблеткасини қобиқлаш технологияси, таркибидаги микроэлементлар, аминокислоталар, ёғ кислоталарининг сифат ва миқдор анализи, стандартлаш усуллари Тошкент фармацевтика институтида ишлаб чиқилди (С. Н. Аминов, В. Е. Ким, Л. М. Солиева). Ҳозирги мумиё Ўзкимёфарм ОАЖ да таблетка ҳолида (М. Усуббоев) ишлаб чиқарилади.
Мумиёдан ўз билганича фойдаланиш ярамайди, уни фақат шифокор тавсия этган ҳоллардагина қўллаш мумкин.
Адабиётлар
- Шакиров А. Ш., Мумиё асил в комплексном лечении переломов костей, Т., 1976; Бурди кин Б., Мумиё. СанктПетербург, 2001.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |