Муносабат (фалсафада) — муайян тизимдаги элементларнинг жойланиш характери ва уларнинг ўзаро боғлиқлигини ифодаловчи фалсафий тушунча; бирор нарса ёки ҳодисага нисбатан шахс мавқейининг ифодаси; турли обектларни ёки бирор обектнинг турли томонларини фикран таққослаш.

Муносабатлар тегишли элементлардан турли даражадаги мураккаб тизимларни келтириб чиқаради. Масалан, ҳар қандай қонун нарсалар, ҳодисалар ўртасидаги муҳим муносабат ҳисобланади ва аксинча, айни бир нарса бошқа нарсалар билан турли муносабатда бўлиши мумкин. Бу эса у ёки бу нарсанинг кўп хоссага эга эканлигини билдиради. Ҳар қандай нарсани уни ташкил этувчи элементларнинг ўзаро нисбати деб қараш мумкин. Бу нисбатнинг ўзгариши билан нарсалар ҳам ўзгаради. Жамиятда кишиларнинг фаолияти жараёнида юзага келган ўзаро муносабатлар ижтимоий муносабатлар саналади.

Мантиқда муносабат табиий тиллардаги бирдан ортиқ эгаси (ёхуд бир эга ёки бир неча тўлдирувчиси) бўлган гаплар кесими билан ифода қилинади. Гап эгалари (эга ва тўлдирувчилар)нинг сонига қараб бинар (2 ўринли, 2 бўлакли), тернар (3 ўринли, 3 бўлакли) ва умуман, п—ар (п — ўринли, п — бўлакли) М.лар бўлади. Бу турдаги муносабатларни муносабатлар мантиқи ўрганади. Математик мантиқнинг формаллаштирилган тилларида муносабат тушунчаси ўрнида предикат тушунчаси қўлланади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил



Ҳаволалар