Muqarnas
Муқарнас (араб. مقرنص) — меъморий безак тури; равоқли косачаларнинг (уячаларнинг) устма-уст жойлашишидан ҳосил бўладиган мураккаб шакл. Меъморликда асоси 4/6/8 бурчак бўлган меҳроб, тахмон, токча ва бошқаларнинг тепа қисмини гумбаз, ярим гумбаз кўринишига келтиришда, бинолар девори билан шифти оралиғи, устунлар бошаси ва бошқаларни безатишда кенг қўлланади. Дастлаб содда шаклга эга бўлган, кейинроқ мураккаб кўринишга кирган ҳамда безак мақсадларида ишлатила бошланган. Муқарнас ишланадиган жойига қараб ҳар хил мураккабликда бўлади. Эгри сиртга эга бўлган равоқчаларнинг учлари олдинга чиқарилиб, юқори қатор учун таянч ҳосил қилинади. Тархда бу равоқчалар кўпинча тенг томонли учбурчакни беради, 2 ва ундан ортиқ равоқчалар турли бурчаклар остида ўзаро бирикиб косачалар ҳосил қилади.
Муқарнаснинг пастдан кўриниши ва чизмаси гириҳга ўхшаганлигидан уни ҳажми гириҳ (гириҳнинг чўзилгани) деб ҳам аталади. Гириҳ қатъий қонунга асосланганлиги учун тақсим асосини ташкил этган юлдузлар ва бошқа ҳандасий шаклларни наққош ўз ихтиёри билан ўзгартира олмайди; мужассамотни тенг бўлакларга бўлиб, шундан бир бўлагига такрорланувчи нусха (тақсим) чизади. Кенг маънода муқарнас шакли жиҳатидан бир неча кўринишга эга: шарафа, муқарнас (тор маънодаги), калла муқарнас ва ироқи муқарнас. Шарафа равоқли косачалар қаторлари горизонтал йўналиш бўйича такрорланишидан ҳосил бўлади. Тор маънодаги муқарнаснинг ўзи икки кўринишга эга: равоқли косачалар қаторлари вертикал ўқ атрофида ичкарига қаратиб 180° (пештоқ, токча ва бошқада) ва 360° (гумбазда) айлантирилиши натижасида ҳосил қилинади. Шарафалар қаторлари билан гумбаз ва ярим гумбаз қаторлари ўртасида фарқ бор, яъни шарафада косачалар қатори ўзгармайди, гумбаз ва ярим гумбаз қаторларида косачалар ўлчамлари ўзгармаган ҳолда косачалар сони пастдан юқорига томон камайиб боради. Косачалар қаторлари ташқи томонга қаратиб вертикал ўқ атрофида 360° айлантирилиши натижасида калла муқарнас (боша) ҳосил қилинади. Муқарнаснинг энг мураккаб тури — ироқи муқарнас; муқарнаснинг бошқа турларида равоқли косачалар томонлари вертикал (тик) тарзда шаклланса, ироқи муқарнасда қия бўлган ҳолда шаклланади. Ироқи муқарнас нисбатан кейинроқ ХВИ—ХВИИ-асрларда тарқалган.
Ўзбекистон ҳудудида муқарнас илк бор Тим қишлоғидаги Араб ота мақбарасида (997 йилда) қўлланган. Ғиёсиддин Коший „Муфтаҳул қисоб“ асарида (ХВ асрда) муқарнасни аниқ ва равшан таърифлаган; унинг сўзича, „муқарнас уялар (косачалар) поғоналаридан (қаторларидан) ташкил топган ёпмадир …, у адлаълардан (яъни қирралардан) ҳосил бўлади …“. Бу билан Коший муқарнаснинг икки асосий аломати — қирралар (равоқчалар) ва поғоналарини (қаторларини) кўрсатиб берган. Муқарнас Темурийлар даври меъморлигида кенг қўлланган. Бухородаги Мир Араб, Абдулазизхон, Самарқанддаги Улуғбек мадрасаларида, Гўри Амир, Шоҳизинда ансамбли ва бошқаларда муқарнаснинг ажойиб намуналари яратилган.
Муқарнас замонавий бинолар меъморлигида ҳам қўлланади. Масалан, Тошкент куранти, Навоий театри ва бошқа биноларда муқарнасдан фойдаланилган. Тошкентдаги Хотира майдонидаги калла муқарнас, Алишер Навоий, Шаҳидлар хотираси хиёбонларидаги гумбазлар остидаги шарафалар, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ва бошқа кўп биноларда муқарнас анъаналари давом эттирилмоқда[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |