Мушак сабзи, Мушак 195 - эртапишар сабзи нави. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида яхшиланган маҳаллий нав. 1947-йилдан раёнлаштирилган. Барглари бўзранг, баъзан сарғиш-яшил, қалин, майин тукли. Сабзиси шакли калта, учи тўмтоқ, баргларга яқин кисми яшил, ерга қадалиб турган қисми, эти ва ўзагининг ранги сариқ. Узунлиги 8—13 см, диаметри 3,5—4,0 см, ўзаги кичик, ингичка серсув. Ўзбекистонда етиштириладиган сариқ сабзилар орасида энг ширини. Вазни 30—43 г, қуруқ модда миқдори 14%, қанд 11,9%. Ҳосилдорлиги 190—200 с/га. Уруғи униб чиққандан сўнг 85—95 кунда пишиб етилади. Ноқулай обқаво шароитида эркаклаб кетишга мойил. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида раёнлаштирилган. Тошкент вилоятида кўп экилади. Озиқ-овқат ва консерва саноатида ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил