Мусиқа ижрочилиги – ижод тури; мусиқа асарларини хонанда ёки созанда томонидан бадиий талқинда ижро этилиши. Мусиқа ижрочилиги вокал, чолғу ёки аралаш (вокал-чолғу), ижрочилар сонига кўра яккахон (якканавоз), ансамбл, оркестр, хор ижрочилигига ажратилади. Ижрочининг услуби, унинг савияси, маҳорати ва бошқаларга қараб асар мазмуни ижрочилик воситалари (артикуляция, динамика, сур’ат, агогика ва бошқалар) ёрдамида турлича ифодаланиши мумкин. Асар яратилган давр ва композиторнинг эстетик қарашлари, бошқа ижрочиларнинг услубларини ўрганиш ҳамда бадиий ифода воситалари (мусиқа безаклари ва бошқалар)ни ўз ўрнида қўллаш ижрочи учун муҳим аҳамиятга эга. Халқ мусиқа ижрочилигида ижрочилар, асосан, ўзининг ички ҳиссиётлари, амалий тажриба ва хотирасига таянади. Оғзаки анъанадаги профессионал мусиқада мусиқа ижрочилиги анъаналари устоз-шогирд муносабатлари орқали сақланиб ривож топади, созанда ва хонандалар эса махсус (аруз, мусиқа илми, бастакорлик каби) билим ва қоидаларга бўйсунади. Шарқ мутафаккир ва мусиқашунослари (Форобий, Ибн Сино, Исфахоний, Урмавий, Жомий, Навоий, Бобур, Кавкабий, Дарвишали Чангий ва бошқалар) мусиқа ижрочилиги масалаларига бағишлаб рисолалар ёзган, мусиқа ижрочилигига оид афсона ва ривоятлар, аниқ қоидалар баён" этишган. Дирижёрликнинг барча турлари ҳам мусиқа ижрочилигига киради.

Адабиётлар