Musiqali drama
Мусиқали драма – 1) мусиқа (вокал ва чолғу) ҳамда сўз санъатига асосланган саҳна асари, мусиқали театр жанри. Илк намуналари Шарқ (масалан, В аср Ҳиндистон, ХИИ аср Хитой)да шаклланган. Мазкур жанр Озарбайжонда ХХ аср бошида, Ўрта Осиё ва Қозоғистонда 1920-йилларда вужудга келган. Мусиқали драмада саҳна воқеалари, қаҳрамонларнинг ички кечинма ва ҳолатлари, ўзаро муносабатлари сўз, мусиқа, драматик ҳаракат, шунингдек, рақс орқали ифодаланади, мусиқа ва сўз бир-бирини тўлдириб, асар мазмунини очишга хизмат қилади. Ўзбекистонда мусиқали драма жанри 1910—1920-йиллардан миллий адабий-бадиий томоша санъати ва мусиқа мероси заминида шакллана бошлади. Унинг таркиб топишида ўзбек халқ томошаларида мусиқадан фойдаланиш тажрибалари, шунингдек, озарбайжон театрининг мусиқали драматик спектакллари муҳим рол ўйнади. Ҳамзанинг „Ҳой, ишчилар“, „Қармоқ“, „Қузғунлар“ каби инссенировкалари, „Фарғона фожиаси“ тетралогияси; Ғулом Зафарийнинг „Ҳалима“ песаси; Хуршиднинг Навоий достонлари асосида яратилган „Фарҳод ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“ асарларида Мусиқали драманинг ўзига хос жиҳатлари мустаҳкамлана бошлади. Ўзбек мусиқали драмаси ўз тараққиётида бир неча даврни босиб ўтди. Даставвал песага мос мусиқа материали халқ ижодидан саралаб олинган бўлса, 1930-йилларнинг бошида С. Абдулланинг „Пўртана“, Музаффар Муҳамедов ва Комил Яшиннинг „Ичкарида“ каби замонавий асарлари саҳналаштирилганида халқ мусиқа мероси намуналарини қайта ишлашга урғу берилган. Ўзбек бастакор ва композиторлари мусиқали драма мусиқасининг ифодавий имкониятларини кенгайтиришди. „Лайли ва Мажнун“ (Навоийнинг шу номли достони асосида Хуршид либреттоси; Т. Содиқов ва Н. Миронов мусиқаси), „Фарҳод ва Ширин“ (Навоий-Хуршид, В. Успенский), „Гулсара“ (К. Яшин; Р. Глиэр) каби Мусиқали драмалар шулар жумласидандир. Мусиқали драманинг адабий ва мусиқа жиҳатидан юксалишида драматурглардан К. Яшин, С. Абдулла ва бастакор Т. Жалиловнинг хизматлари катта. Улар қаламига мансуб „Нурхон“, „Равшан ва Зулхумор“ (К. Яшин; Т. Жалилов), „Тоҳир ва Зуҳра“, „Алпомиш“, „Муқимий“, „Гул ва Наврўз“ (С. Абдулла, Т. Жалилов) каби етук Мусиқали драмалар мавжуд. 1950-йиллардан бошлаб бу жанрда мустақил ижод қилувчи ўзбек композиторлари етишиб чиқди: М. Левиев, А. Муҳамедов, С. Бобоев, Ҳ. Раҳимов. Ик. Акбаров, Д. Зокиров, Д. Соатқулов, С. Жалил, М. Юсупов, С. Ҳайитбоев, М. Бафоев, М. Маҳмудов, Ф. Олимов ва бошқа Улар ўзбек мусиқа мероси, Европа профессионал мусиқа услуби, ифода воситалари ва шакллари (жумладан, ария, дуэт ва бошқа ансамбллар, хор ва рақс саҳналари)га таяниб, ўз Мусиқали драмаларида ҳақиқий мусиқий драматургия ҳосил қилишга интилишди. Драматург, композитор ва ижрочиларнинг малакаси ошиши натижасида мусиқали драма замонавий профессионал мусиқали драматик жанр даражасига кўтарилди ва ўзига хос хусусиятларига эга бўлди. „Ватан ишқи“ (З. Фатхуллин, Ш. Саъдулла; С. Бобоев), „Момо ер“ (Ч. Айтматов қиссаси асосида Т. Тула инссенировкаси; И. Акбаров мусиқаси), „Навоий Астрободда“ (И. Махсумов; Й. Ражабий, С. Жалил), „Прометей“ (Й. Марсинкявичюс; М. Бафоев), „Юсуф ва Зулайҳо“ (Р. Бобожон; Ф. Олимов), „Кумуш шаҳар маликаси“ (И. Султон; Ик. Акбаров) каби мусиқали драмалар бунга мисолдир. Соф драма каби мусиқали драма ҳам мусиқали драма, мусиқали фожиа, мусиқали комедия каби турларни ўз ичига олади. Ўзбек композиторлари ижодидан катта урин олган мусиқали комедияни мусиқашунослар мустақил жанр сифатида тадқиқ қиладилар; 2) операнинг дастлабки номларидан бири (италянча драмма ин мусиcа, драмма пер(ла) мусиcа). ХВИ аср охири – ХВИИ аср бошларида Италия (масалан, К. Монтеверди ижоди)да пайдо бўлган. 1639-йил пайдо бўлган янги „опера“ номи мусиқали драма ўрнини эгаллай бошлаган. ХИХ аср ўрталарида Р. Вагнер ўзининг юксак мусиқали-драматик ривожига эга бўлган „Нибелунглар узуги“ тетралогияси, „Тристан ва Изолда“, „Парсифал“ операларини мусиқали драма деб таърифлаган, М. Мусоргский эса „Борис Годунов“, „Хованшчина“ каби асарларини халқ мусиқали драмалари деб атаган.
Адабиётлар
- Жабборов А., Мусикий драма ва комедия жанрлари Ўзбекистон композиторларининг ижодиётида, Тошкент, 2000-йил.
- Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.