Muso Saidjonov
Мусо Йўлдошевич Саиджонов (1893-йил, Бухоро, Бухоро амирлиги — 1937-йил 25-октябр, Тошкент, ЎзССР, СССР) — ўзбек давлат ва жамоат арбоби. Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг намояндаси, маърифатпарвар; тарихчи, шарқшунос ва манбашунос олим, археолог-профессор (1935). Илк ўзбек профессорларидан бири.
| Мусо Саиджонов | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1893-йил Бухоро, Бухоро амирлиги |
| Вафоти |
25-октябр 1937-йил (44 ёшда) СССР |
| Фуқаролиги |
|
| Турмуш ўртоғи | Ризвонхон Саиджонова |
| Болалари |
Муҳтарама Саиджонова Севара Саиджонова Нарзулло Саиджонов Ҳабиб Саиджонов Улуғбек Саиджонов Салим Саиджонов |
| Онаси | Ҳалима Полвонова |
| Отаси | Йўлдошбой Саиджонов |
| Таълим |
Мир Араб мадрасаси Янги Бухородаги рус-тузем мактаби |
| Дини | Ислом |
Келиб чиқиши
Мусо Саиджоновнинг бобоси Саидбой қоракўлфуруш Бухоро амирлиги пойтахтининг арабон гузарида истиқомат қилувчи энг йирик савдогарлардан бўлган. У қоракўл тери, жун, ипак толаси билан савдо қилишдан ташқари катта ер майдонларига ҳам эга бўлган, уларни маҳаллий деҳқонларга ижарага бериш ҳисобидан даромад кўрган. Саидбой қоракўлфуруш савдо карвонлари билан Россия, Хитой, Германия ва бошқа олис мамлакатларга сафар қилиб, қўлга киритган даромади ҳисобидан кўчмас мулк харид қилган. Хусусан, Германиянинг пойтахтида унинг тўрт қаватлик меҳмонхонаси бўлган. Бухоролик тижоратчилар Берлинга келишганида худди шу меҳмонхонада истиқомат қилишган. Саидбой қоракўлфуруш тижоратининг соф фойдасини савоб ишларга ҳам сарф этган экан. Жумладан, ҳар гал Хитойга сафар қилганида, албатта бозорга кириб, қулликка ҳайдалган Ўрта Осиё халқлари вакилларини сотиб олар ва Бухорога қайтгач уларни озод қилар экан[1].
Мусо Саиджоновнинг отаси Йўлдошбой тез-тез Россия ва Хитойга қатнаб, Москва ва уйғур ярмаркаларида тери билан савдо қилган[1]. У Мусо бошланғич мактабда ўқиб юрган кезларда тўсатдан 47 ёшида юрак хасталигига дучор бўлиб, вафот этган[2].
Тарихи
Йўлдошбой ўғли Мусо савод чиқариши учун уни Бухородаги Хўжа Абдуллойи Сафедмун масжиди олдида фаолият юритган бошланғич мактабга берган. Мусо мактабдаги таълимининг биринчи йилида араб алифбоси ва форс имлосини ўрганган, иккинчи йилида эса Қуръон сураларини ўрганиш учун ўзига хос хрестоматия вазифасини бажарар Ҳафтиякни ёдлаган, сўнгра Қуръонни бевосита мутолаа этишга киришган. У беш йил бошланғич мактабда таълим олиб, савод чиқарган[3].
Мусо Саиджонов 12 ёшида мактабни битирганидан сўнг, 4 йил[4] мобайнида Бухородаги Мир Араб мадрасасида, мулла Абдусалом ҳужрасида ундан алоҳида дарс олиб, араб тилини мукаммал даражада ўрганган, сўнг бир муддат акаси Қурбон Саиджоновнинг дўконида сотувчи бўлиб ишлаган[5].
Мусо Саиджонов 1904-йилда Янги Бухородаги рус-тузем мактабига ўқий бошлаган. У бу ерда рус тили ва адабиёти, Россия империяси ва жаҳон тарихи, амалдаги рус қонунчилиги, арифметика, геометрия, география, тиббиёт, расм чизиш фанларини ўрта билим юрти дастури даражасида ўрганиб, мактабни 1908-йилда тамомлади. Бу даврда рус-тузем мактабининг мудири Василий Вяткин эди[6].
1913-йилдан Ёш бухороликлар партияси сафида. Колесов воқеасидан кейин Бухорони тарк этган. Тошкентда ўқитувчилар институтини тугатгач, Хўжандда муаллимлик қилган ва театр тўгаракларида қатнашган. Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) тузилгач, Саиджонов озиқ-овқат нозири (1920-йил сентябр — 1921-йил март), иқтисодиёт нозири муовини (1921-йил март — август), давлат назорати нозири (1921-йил октябр 1922-йил январ), CҲК (Фавқулодда комиссия) раиси (1921-йил август — сентябр), молия нозири (1922-йил феврал—апрел), Халқ Хўжалик Олий Кенгаши раиси муовини (1922-йил октябр — 1923), маориф нозири (1923-йил июн — 1924). Бухоролик талабаларни Германияга ўқишга юбориш ташаббускорларидан бири. „Миллий иттиҳод“ ташкилоти фаолиятида қатнашиб, А. З. Валидий билан яқин алоқада бўлган. Саиджонов Бухоро илмий жамиятини тузиш (1921) да фаол қатнашган ва БХСР да маориф муассасаларини ташкил қилиш, меъморий обидаларни муҳофазалаш, тарихий қўлёзмаларни тўплаб, уларни тартибга солиш, халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаш каби ишларда жонбозлик кўрсатган. Ўзбекистон тарихий ёдгорликларини муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, унинг Самарқанд бўлими илмий ходими (1925— 36). С. ўзбек олимларидан биринчи бўлиб шарқшуносларнинг Ленинградда бўлган 3-конгресси (1935)да қатнашган ва Кўчкунчихон мақбараси ҳақида илмий маъруза қилган. Илмий фаолияти учун олимга профессор унвони берилган. „Шаҳрисабз меъморий ёдгорликлари тарихи“, „Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари“, „Шайх Сайфиддин Боҳарзийнинг вақфномаси“ номли асарлар муаллифи.
Саиджонов ўзбек давлатчилиги тарихи масалаларини холис тадқиқ қилгани, маданий меросга ҳурмат билан ёндошгани, „Миллий иттиҳод“ ташкилоти фаолиятига катнашгани учун совет режими томонидан Самарқандда қамоққа олинган (1937-йил 13 апрел) ва отиб ташланган. 1965-йил 2 декабрда оқланган[7].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Наимов 2018, с. 6.
- ↑ Наимов 2018, с. 16.
- ↑ Наимов 2018, с. 14—16.
- ↑ Наимов 2018, с. 32.
- ↑ Наимов 2018, с. 17—21.
- ↑ Наимов 2018, с. 32—39.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Адабиёт
Илмий адабиётлар
- Болтаев А. Ҳ.. ХХ асрнинг 20—80-йиллари Бухорода тарихий ўлкашуносликнинг шаклланиши ва ривожланиши. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. Тошкент, 2021 — 52-бет.
- Наимов Н.. Маърифатга бахшида умр (Тарихий қисса). Бухоро: Бухоро, 2018 — 247-бет.
- Муинов А. М.. Мусо Саиджонов ҳаёти ва ижоди (рисола). Бухоро: Бухоро, 2009 — 23-бет.
- Тўраев Ҳ.. Маҳаллий ўлкашуносларнинг илмий меросида тарихий топография ва меъморий обидалар тарихи: Бухоро ўлкашунослиги фанидан ўқув-услубий қўлланма. Бухоро: Бухоро, 2019 — 72-бет.
- Наимов Н.. Жизнь Мусо: реформатор, политик, учёный. Бухоро: Бухоро, 2018 — 201-бет.
Илмий мақолалар
- Болтаев А. Ҳ. Бухоролик букинист (китоб тўпловчи) коллексионерлар // Тамаддун силсиласи. — 2020. — № 2.
- Болтаев А. Ҳ. Мусо Саиджоновнинг маҳаллий ўлкашуносликка қўшган ҳиссаси // Имом Бухорий сабоқлари. — 2018. — № 4.
- Тўраев Ҳ. Юртимиз тарихига оид яна бир муҳим манба // Бухоро мавжлари. — 2014. — № 4.
- Горшенина С. М. Муса Саиджанов — историкб археологб искусствовед // Общественные науки в Узбекистане. — 1995. — № 1—2—3.
- Мухамедова С. Ф. Роль Мусы Саиджанова — историк, археолог, искусствовед // Россия и мусульманский мир. — 2018.
- Эргашев Б. Х., Ходжаев Л. Н. Об архиве М. Ю. Саиджанова // Общественные науки в Узбекистане. — 1993. — № 11—12.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |