Muso ibn Nusayr
Мусо ибн Нусайр (640-716 ёки 717) — Умавийларнинг Африкадаги лашкарбошиси, Мағриб, Сицилия, Кипр ва Андалусиянинг фотиҳи. Тўлиқ исми: Абу Абдурраҳмон Мусо ибн Нусайр ибн Абдурраҳмон ибн Зайд ал-Лаҳми ял-Бакрий.
| Мусо ибн Нусайр | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
640 Фаластин |
| Вафоти |
716-йил ёки 717-йил Ҳижоз |
| Муносабатлари | Абддумалик ибн Марвон ибн Мусо ибн Нусайр (набираси) |
| Болалари |
|
| Ота-онаси | Нусайр |
| Ҳарбий хизматлари | |
| Жанглари | |
Ҳаёти
Мусо ибн Нусайр (арабча: موسى بن نصير) 640-йили (ҳижрий 19-йил) мусулмонларнинг иккинчи халифаси Умар ибн Хаттоб даврида Фаластин шимолидаги Ал-Халил чеккасидаги қишлоқлардан бирида туғилган. Отаси Нусайр халифа Муовия ибн Абу Суфён қўриқчиларининг қўмондони ва унинг яқин ёрдамчиларидан бири бўлган. Мусо ибн Нусайр ёшлигиданоқ ёзишни ўрганган, сўнгра Қур’он ва ҳадисларни ёд олган[1].
Кипр ва Родоснинг забт этилиши
Мусо ибн Нусайр Кипр оролини қайтариб олиш учун йўлга чиққан қўшинга саркарда этиб тайинланади. Бу юришда Мусо ибн Нусайр ғалабага эришди: Кипрни мусулмонларга қайтарди, у ерда қал’алар қурди ва кейинчалик унга ҳоким этиб тайинланди. Бундан ташқари, 673-йилда (ҳижрий 53-йил) Мусо ибн Нусайр Родосни забт этиш учун юриш қилган қўшин қўмондонларидан бири этиб тайинланди ва бу жангда ҳам мусулмонлар қўшини ғалаба қозонди.
Миср ҳокимининг вазири
684-йилда (ҳижрий 65-йил) Язид ибн Муовиянинг кичик ўғли қисқа вақт ҳукмронлигидан сўнг, Марвон ибн ал-Ҳакам мусулмонлар ҳукмдори бўлади. Шу йилнинг ўзида Марвон Мисрга қўшин тайёрлашни буюради. Халифанинг ўғли Абдулазиз ибн Марвон ва унинг дўсти Мусо ибн Нусайр бошчилигидаги қўшин Мисрга йўл олади. Қўшин ортидан Марвоннинг ўзи ҳам Мисрга етиб келади. У халифаликнинг бу муҳим қисмини Умавийлар ҳукмронлиги остида бирлаштира олди. Кейин Марвон Мисрни тарк этиб, ўғли Абдулазизни волий, Мусо ибн Нусайрни вазир қилиб тайинлайди.
Мусо ибн Нусайр Абдулазиз ибн Марвон ҳузурида бўлган вақтда унинг сирдош ва барча давлат ишларида ёрдам берадиган ишончли одамига айланади. Бу вақтга келиб Мусо ибн Нусайр сиёсат ва давлат бошқарувидаги тажрибасини оширди. Марвон вафот этгач, унинг ўғли Абдулмалик ибн Марвон кейинги Умавийлар халифаси бўлди. Абдулазиз ибн Марвон Мусо ибн Нусайрни укаси олдида тез-тез мақтаб, давлатга содиқ хизматини алоҳида таъкидлар эди.
Бир куни Абдулазиз ибн Марвон акаси халифа Абдулмалик ибн Марвондан мактуб олади, унда укаси Бишр ибн Марвонни Басрага волий қилиб, Мусо ибн Нусайрни эса шаҳарни бошқаришда ёрдам берадиган вазир қилиб тайинлагани ҳақида хабар келади. Кўп ўтмай халифа Абдулмалик ибн Марвон Бишрни Куфа шаҳрига жўнатиб, Мусо ибн Нусайрни Басрага ҳоким қилиб қолдириб, шаҳарни бир ўзи бошқарган.
Мусо ибн Нусайрнинг Шимолий Африкадаги фатҳлари
Кейинчалик Абдулазиз ибн Марвон Мусо ибн Нусайрни Ҳасан ибн ан-Нўмон ўрнига Ифриқия (Шимолий Африка) ҳукмдори этиб тайинлади. Кўп ўтмай Мағриб томон юриш қилди. Чунки аввалги ҳоким Ҳасан ибн ан-Нўмон кетганидан сўнг бу ҳудудларга барбар қабилалари бостириб киришган эди. 706–709-йилларда Мағрибнинг барбар қабилаларига қарши юришда Мусо ибн Нусайр уларни мағлубиятга учратиб, кўп қисмини Умавийлар ҳокимиятига бўйсундиришди. Бундан ташқари, Мусо ибн Нусайр қўшинлари шимолий ва шарқий Мағриб бўйлаб тарқалиб, кўпроқ ерлар, истеҳкомлар ва қал’аларни босиб олдилар.
Шундан сўнг Мусо ибн Нусайр барбарлар ёрдамида Африканинг шимолидаги денгиз соҳилларини Византия ҳукмдори Юлиан қўл остида бўлган Танжерни қўлга киритишга қарор қилди. У Ториқ ибн Зиёд бошчилигидаги улкан қўшин билан бирга Қайрувондан Танжер томонга отланишди. Мусо ибн Нусайр ва унинг аскарлари Танжерни қуршаб олиб, узоқ қамалдан кейин мусулмонлар шаҳарни фатҳ этишди. Мусо бу ҳудудда мусулмонлар учун янги шаҳарлар қурдирди, шаҳар аҳолиси исломни қабул қилди.
Мусо ибн Нусайрнинг мавлоси Ториқ ибн Сайд 7 минг барбар билан бўғоздан Испания соҳилига ўтган (қаранг Гибралтар) ва 711-йил Кадикс (баъзи маълумотларга кўра Херес дела Фронтер) яқинида ғалаба қозонган ва осонлик билан бошқа шаҳарларни бирин-кетин эгаллай бошлаган. Мусо ибн Нусайрнинг бунга ғайирлиги келиб 712-йил 18 минг қўшини билан ўзи ҳам Испанияга ўтган, Ториқни ҳибсга олиб, Испанияни забт этишни ўзи ниҳоясига етказган. Мусо ибн Нусайрнинг қудрати кучайиб кетишидан хавфсираган халифа уни 715-йилда Дамашққа чақиртириб олган ва мол-мулки тортиб олинган[2].
Манбалар
- ↑ „Мусо ибн Нусайр — Мағриб ва Андалусия фотиҳи“ (27-декабр 2022-йил). Қаралди: 2-май 2024-йил.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |