"Мусовот" (араб. – тенглик) – Озарбайжондаги тараққийпарварлар ташкил қилган миллий партия (1911 – 1920). Ганжа ва Боку шаҳарларида тузилган, дастлаб „Мусовот мусулмон демократик партияси“ номи билан яширин фаолият кўрсатган. Асосан зиёлилар, миллий буржуазия вакиллари ва уламолардан иборат бўлган. Партиянинг ғоявий раҳбари ва ташкилотчиси М. Расулзода, нашри дастлаб „Очиқ сўз“, кейинчалик „Истиклол“ ва „Наш пут“ газ.лари. Шиорлари – турклашмоқ, исломлашмоқ, замонавийлашмоқ бўлган. Мусовотчилар билан Туркистондаги тараққийпарварлар ўртасида алоқалар мавжуд эди. Октябр тўнтаришидан сўнг „Мусовот“ озарбайжон халқининг мустақиллик учун курашига раҳбарлик қилди. 1918-йил сентабрда Бокуни қизил аскарлардан озод қилиб, ҳокимият тепасига келган мусовотчилар полиция, армия ва бошқарув аппаратини ташкил этишди. Туркия билан ҳарбий ва сиёсий итти-фоқ тузилиб, турк қўшинлари мамлакатга киритилди. Бироқ минтақада болшевиклар таъсирининг кучайиши оқибатида „Мусовот“чилар ҳукумати фаолияти заифлашди. 1920-йил 28-апрелда Озарбайжон Республикаси қизил аскарлар томонидан ағдариб ташланди ва совет режими ўрнатилди. Партия фаоллари қамоққа олинди. Озодликда қолганлари яширин фаолият кўрсатиб, кейинчалик хорижга кетишга мажбур бўлди. Ад.: История националних политических партий России, М., 1997.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил