Mustafoqulbek
Мустафоқулбек — (?—1926) — Сурхондарё воҳасидаги машҳур қўрбошилардан бири. Туркистондаги миллий озодлик ҳаракатининг фаол иштирокчиси[1].
| Мустафоқулбек | |
|---|---|
Мустафоқулбек | |
| Сурхондарё воҳасидаги машҳур қўрбоши | |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди | Бойсуннинг Паданг қишлоғи |
| Вафоти | 1926-йил |
Таржимайи ҳоли
Мустафоқулбек Бойсуннинг Паданг қишлоғида таваллуд топган. Келиб чиқиши хуросони уруғидан, ижтимоий жиҳатдан минг қўйли бойлардан чиққан. Бойсундаги маҳаллий мадраса ва Бухорода жойлашган Мири Араб мадрасасини тамомлаган. У ўқимишли бўлиши билан бирга моҳир мерган ва чавандоз, жасур ва довюрак бўлган.
Қўрбошилик фаолияти
1922—1925-йилларда Мустафоқулбек қўрбошининг гуруҳи Сурхондарё ва Қашқадарё тоғларида ҳаракат қилиб, қизил аскарларга қарши бўлган жангларда Мустафоқулбек қўрбошининг 8 йигити ўлдирилган. Совет ҳукумати томонидан кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан қўрбошилар ўз курашларини давом эттирдилар. 1924-йил 15—23-декабрда Мустафоқулбек қўрбоши ва 350 кишилик йигити билан қизил армиянинг бир нечта отрядини қириб ташлади. Кейинчалик улар Бойсун томонга ўтиб кетишади. Қизил армия миллий истиқлолчиларга қарши бирорта чора кўра олмади. 1925-йил баҳорда Мустафоқулбек қўнғирот уруғининг айрим шахобчаларидан катта миқдорда гуруҳ ташкил этади. Мазкур даврда Мустафоқулбек Шеробод туманинг шимолий қисмлари, Бойсун туманинг жанубий ва жануби-ғарбий томонларида истиқлолчилик ҳаракатини давом эттиради. 1926-йил 14-январда Мустафоқулбек ва қизил армия ўртасида Хўжамулкдан 30 чақирим жануби-шарқий узоқликда кескин жанглар бўлиб ўтган. Деҳқонлар Мустафоқулга бой ва руҳонийларнинг ёрдам беришини кўриб, унга тан берганлар ва уни қизил аскарлардан ҳимоя қилувчи деб ҳисоблаганлар. Қатор курашлар натижасида 1926-йил 29-июнда Бойсун вилоятида Мустафоқулбек асирга олинади ва кейинчалик совет ҳокимияти томонидан отиб ташланади. У фаолияти давомида совет режимига қарши кураш олиб борди[2].