Мусулмонқул мадрасаси — Андижонда қурилган мадраса. Қўқон хонлиги мингбошиси Мусулмонқул томонидан қурдирилган[1].

Мадраса
Мусулмонқул мадрасаси
Мамлакат  Ўзбекистон
Ҳудуд Андижон вилояти
Шаҳар Андижон
Мактаб йўналиши сунний
Мадраса тури Катта мадраса
Меъморий услуб Марказий Осиё меъморчилиги
Бинокорлик ташаббусчиси Мусулмонқул
Ҳомийлар Худоёрхон
Бинокорлик 1836—1845
Ҳужралар сони 23

Мусулмонқул Шералихон, Худоёрхон ҳукмронлиги даврида хон саройида етакчи амалдорлардан бўлган. Ишбилармон, тадбиркор инсон бўлган. Шералихон даврида мингбошилик лавозимига кўтарилган. Мусулмонқул 13 ёшли Худоёрхонга қизини никоҳлаб бериб, Муродхонни фитначи сифатида қатл эттиради. Куёвини хон деб эълон қилади. Саройда мингбоши ва оталиқ лавозимини эгаллаган. Мусулмонқул Андижонда катта мадраса барпо этиб, унга катта миқдорда вақф мулки ин‘ом қилган. Мусулмонқул ўз номидаги мадрасага тўтта вақфнома бўйича вақф мулклари та‘сис этган. 1-вақфнома Майгир волостининг Чувама қишлоғидаги ерларидан, 2-вақфнома шу қишлоқнинг Бойсақол деган жойидаги ерларини, 3-4-вақфномаларда Ёрбоши волостининг Найман деган жойидаги ерларни мадрасага вақф қилиб берган. Мадраса қуриб битказилгач, 1845-йили фаолият юритиши учун вақф мулклари берилган. Мадраса хом ғиштдан қурилган, 23 ҳужрадан иборат бўлган. Мадрасанинг бир дарсхонаси, дарвоза устида яна бир хонаси ва айвони бўлган. Ғарб томони Мусулмонқул қўл остидаги ерлар ва қисман катта сой билан, шимоли эса Хушбўта баҳодир ери билан чегарадош бўлган.

Мадраса таркибида айвон борлиги жума ва ҳайит намозларида атрофдаги хонадонларнинг намоз ёшидаги эркаклари чиққанда, одам кўпайиб кетган вақтларда намоз ўқишга мўлжалланган. Дарвоза юқорисида қурилган ҳужрадан талабалар кўпайиб, ҳужралар етмай қолса фойдаланилган.

Вақфномада Мусулмонқул мингбоши томонидан мадрасага вақф қилинган ерларни бошқариш ва даромадлардан фойдаланиш шартлари белгиланган. Вақфни бошқарадиган мутавалли вақфни эҳсон қилувчининг ўзи, унинг вафотидан кейин авлодидан кимдир бўлиши шарт қилиб кўрсатилган. Вақф даромадининг ўндан бир қисмини мутавалли олиши, зарурат туғилганда мадрасани таъмирлаши. Кейинги уч қисми мударрисга ва 6 қисмдан бир қисмини иккига бўлиб, бир қисмини имомга, бошқа қисмини муаззинга, хизматкорлар (фаррош, сартарош) га ва қолган беш қисмини мадраса талабалари ўртасида олий, ўрта, қуйи даражалар бўйича бўлиб бериш белгиланган[2].

Мадрасанинг вақф даромади яхши бўлганлиги учун мударрислар, талабалар сони ҳам юқори бўлган. Мусулмонқул мадрасасида 6 нафар мударрис 90 талабага дарс берган.

Манбалар

  1. ↑ Шодмон Воҳидов. Қўқон хонлиги тарихи (хонлик тарихи – манбаларда), 2014 — 52-бет. 
  2. ↑ И.Алимов. Қо'қон хонлиги мактаб ва мадрасалари тарихи. Тошкент, "Фан", 2017 — 144-бет. ИСБН 978-9943-19-405-2.