Мутал (Мутаваккил) Музаййинович Бурҳонов (1916-йил 5-май — 2002-йил 15-июн) — бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964), Ўзбекистон ССР халқ артисти (1974). Бурҳонов Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасини ёзган (1947, 1978 ва 1992-йиллардаги талқинларини)[1]. Шунингдек, қатор камер-вокал ва камер-чолғу асарларини ёзган, бир неча опера ва филм, жумладан, „Мафтунингман“ филми мусиқасини басталаган. Ўзбеклар орасида энг севимли қўшиқларга айланган „Дўппи тикдим“ ва „Мафтунингман“ қўшиқлари мусиқасини басталаган[манба керак].

Мутал Бурҳонов
Таваллуди 5-май 1916-йил
Вафоти 15-июн 2002-йил(2002-06-15)
(86 ёшда)
Бухоро, Ўзбекистон
Жанрлар ўзбек миллий мусиқаси
классик мусиқа
опера
Касби бастакор
Фуқаролиги Ўзбекистон
Мукофотлари
O‘zbekiston SSR xalq artisti Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan sanʼat arbobi Hamza nomidagi Oʻzbekiston SSR Davlat mukofoti

Бурҳонов Ўзбекистонда кўп овозли хор ҳамда а капелла жанри асосчиларидан бири ҳисобланади. Бурҳонов бир неча орден ва медал, жумладан, „Шуҳрат“ медали (1994), „Буюк хизматлари учун“ ордени (1998) ҳамда „Эл-юрт ҳурмати“ ордени (2001) билан тақдирланган. Бастакор оила қурмаган ва камтарона ҳаёт кечирган.[2]

Ҳаёти ва ижоди

Мутал (Мутаваккил) Музаййинович Бурҳонов 1916-йил 5-майда Бухоро шаҳрида туғилган. Оилада беш фарзанд бўлган – Мутал Бурҳоновнинг Минҳожиддин ва Мисбоҳиддин исмли икки акаси ва Моҳида ва Фотима исмли икки опаси бўлган. (Опаси Фотима Фитратга турмушга чиққан.) Отаси мадрасада математикадан сабоқ берган. Отасининг ака-укалари, хусусан, Мазҳариддин Бурҳонов, Мукаммил Бурҳоновлар жадидчилар бўлган.

Бурҳонов саккиз ёшида амакиси Мукаммил унга танбур олиб берган. Кейинчалик Бурҳонов Отағиёс Абдуғаниевдан танбур чалишни ўрганган.

1919-йил Бурҳоновнинг отаси вафот этган. Ўн ёшида онасидан айрилган. 1934-йил акаси Мисбоҳиддин Бурҳоновга халқ душмани айблови қўйилиб, Сибирга сургун қилинган. 1937-йил акаси ва амакилари жадидчиликда айбланиб қатағон қилинган, 1938-йил отиб ташланган.

Бурҳонов 1928—32-йилларда Самарқанд мусиқа ва хореография институтида, 1939—41- ва 1946—49-йилларда эса Москва консерваториясида таълим олган. Консерваторияда Сергей Василенкодан композиция, Григорий Столяровдан дирижёрлик бўйича сабоқ олган. Ўша йиллари Уйғун ва Иззат Султон ёзган „Алишер Навоий“ драмасига мусиқа, қатор камер-вокал ва камер-чолғу асарлар яратган.

Бурҳонов 1941-йил Иккинчи жаҳон урушида Москва мудофаасида қатнашган. 1949—51-йилларда „Ўзбекистон“ радиосида бадиий раҳбар, 1955—1960-йилларда Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси бошқарувининг раиси лавозимида ишлаган.

Бурҳонов ижодида вокал мусиқаси, айниқса, романс, жўрсиз хор ва вокал-симфоник жанрлар асосий ўрин тутади: „Табассум қилмадинг“, „Намедонам Чи ном дорад“, „Ишқида“ ва бошқа романслари, „Алишер Навоийга қасида“ (Абдулла Орипов, 1968) ва бошқа Шарқ халқлари қўшиқларини жўрсиз хор учун „маҳорат билан, миллий мусиқага хос нафислик ва жозибалиликни тўла сақлаган ҳолда қайта ишлаган“.[1] Бурҳонов қозоқча „Дударай“, эронча „Гўле гандум“, ўзбекча „Гўзал қизга“, афғонча „Чашми сиёҳ“ ва бошқа кўпгина болалар қўшиқларини басталаган ва хор учун қайта ишлаган.[3]

Шунингдек, Бурҳонов қатор филмларга, хусусан, „Сурайё“, „Абу Али Ибн Сино“, „Мафтунингман“, „Орол балиқчилари“, „Бой ила хизматчи“ каби филмларга мусиқа басталаган. „Алишер Навоий“ операси (1986) ҳамда „Абадий хотира“ реквиемини (1996) ёзган. 1992-йил мустақил Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасини ёзган. Ўзбекистон ССРнинг 1947- ҳамда 1978-йиллардаги мадҳиялари мусиқасини ҳам Бурҳонов яратган.

Бурҳонов оила қурмаган ва камтар ҳаёт кечирган[2]. 1998-йил „Кўнгил хазинаси (Бурҳоннома)“ китобини ёзган. Бастакор 2002-йил 15-июнда 86-ёшда вафот этди. 2016-йил „Ўзбеккино“ миллий агентлиги Бурҳонов ҳаёти ва ижоди ҳақида „Мутал Бурҳонов. Оҳангларда яшайман ҳамон...“ ҳужжатли филмини суратга олган.

Асарлари

Филмографияси

  • 1953 — „Бой ила хизматчи“ (русча: Бай и батрак)
  • 1956 — „Абу Али Ибн Сино“ (русча: Авиценна)
  • 1957 — „Орол балиқчилари“ (русча: Рыбаки Арала)
  • 1958 — „Мафтунингман“ (русча: Очарован тобой)
  • 1961 — „Рад этилган келин“ (?) (русча: Отвергнутая невеста)
  • 1963 — „Самолётлар қўнмади“ (?) (русча: Самолеты не приземлились)
  • 1964 — „Ҳаёт тунда ўтди“ (?) (русча: Жизнь прошла ночью)
  • 1968 — „Икки юрак поэмаси“ (?) (русча: Поэма двух сердец)

Мукофотлари

Бурҳонов бир неча соврин ва мукофот билан тақдирланган. 2016-йил 6-май куни Ўзбекистон бўйлаб Бурҳонов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилди[3]. 2018-йил Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида Бурҳоновнинг уй-музейи очилди[4].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 "Бурҳонов Мутал (Мутаваккил) Музаййинович Бурҳонов". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти. 2006. 
  2. ↑ 2,0 2,1 Левин, Тҳеодоре. Тҳе Ҳундред Тҳоусанд Фоолс оф Год, Тҳе Мусиc оф Cентрал Асиа (анд Қуээнс, Неw Ёрк)]], 2-нашр (инглизча), Блоомингтон: Индиана Университй Пресс, 1999 — 22-29-бет. ИСБН 025321310Х. 
  3. ↑ 3,0 3,1 „Катта юракдан мусиқа гимни“ (русча). Жаҳон Неwс (2016-йил 6-май). Қаралди: 2019-йил 24-ноябр.[сайт ишламайди]
  4. ↑ „Давлат мадҳияси бастакорига аталган музей иш бошлади“. Хабар (2018-йил 28-август). Қаралди: 2019-йил 24-ноябр.

Ҳаволалар