Mutanabbiy
Мутанаббий, (тахаллуси; асл исм-шарифи Абу Таййиб Аҳмад ибн ал Ҳусайн ал-Мутанаббий) (915, Куфа — 965, Рахт) — араб шоири. Араб мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан ва араб шеъриятида фалсафий лирика асосчиларидан бири[1]. 12 ёшидан қасида, ғазал ва ҳажвий шеърлар устаси сифатида шуҳрат қозонган. Сурия, Миср ва Ироқ амирлари ҳузурида сарой шоири бўлган. У Куфа шаҳрида камбағал сув ташувчи оиласида тугилди. Унинг оиласи Жанубий Арабистон бадавийларидан келиб чиққан эди. 925 йилда болғуси шоир, Карматлар шаҳарга бостириб кирганлиги боис, Куфадан Сурияга қочган ва бадавийлар орасида икки йил яшаган. Кочманчилар ичида яшаш кўп жиҳатдан шоирнинг келажакдаги идеалини ҳамда сиёсий ва бадиий симпатияларини белгилаб берди, шунингдек унинг дунёқарашида чуқур из қолдирди. Қабилада шоир бадавийлар характерини яхши кориб қолди ҳамда бадавийлар орасида катта шаҳарлардагига қараганда яхшироқ сақланиб қолган араб адабий тили борасидаги билимларини такомиллаштирди. Мутанаббий асарлари (100 дан ортиқ қасида ва 200 га яқин шеърий парчалар) тилининг бойлиги, мазмундорлиги ва бадиий етуклиги билан ажралиб туради. Уларда исёнкорлик, ватанпарварлик, эрксеварлик руҳи жуда кучли бўлиб, араб ва форс шеърияти тараққиётига катта таъсир кўрсатган[2].
Ал-Мутанаббий шеъриятида деярли барча қасидаларида мавжуд бўлган одатда интенсия шаклига киритилган, лирик-фалсафий чекинишлар алоҳида ўрин тутган. Ушбу лирик чекинишлар пессимизм билан суғорилган бўлиб, ўз шахсий ва ижтимоий идеаллари амалга ошмаслигини англаган шоирни қамраб олган чуқур афсусланишни акс эттирган. „Инсоннинг ҳамма истаги ҳам амалга ошмайди. Шамоллар кемалар истаганидек эсмайди“, деб ёзган эди ал-Мутанаббий. Унинг фикрича, солгин, ночор ҳаёт инсон уни сақлаш учун сарфлайдиган ҳаракатларга лойиқ эмас. Бунинг устига ўлим ҳам муқаррар. Доно инсон ҳаёти чоғида ҳеч қачон бахтли бўлмайди, тақдир ҳам хизматига яраша мукофотламайди, зеро тақдир кўрдир. Шоир ҳаётда фақат ўз кучига ишонишга чақиради, зеро ҳамма одамларни у қўрқоқ, иккиюзламачи ва нодон деб ҳисоблайди. Фалсафий лирика соҳасида ал-Мутанаббий энг таниқли араб файласуфи ва шоири ал-Мааррийдан аввал яшаб ўтган.
Ал-Мутанаббий ижоди бадавий шеърият анъаналари билан ҳам, „қадимги даврга қайтиш“ шерияти билан ҳам чамбарчас боглиқ. „Бадавийликдан“ унинг шеъриятидаги қаҳрамонлик характери, эпиклиги ва малум брутуалност билан боғлиқ. „Қадимги даврга қайтиш“ шоирларининг ижоди билан ал-Мутанаббийни умумий, бадиий ва ахлоқий идеаллар яқинлаштиради. Аммо, ал-Мутанаббийнинг анъанавий жанрларга содиқлигига қарамай, у „қадимги даврга қайтиш“ шоирларидан фарқли равишда, қадимги араб шеъриятининг қонунларига қулдек бўйсунмаган ва ҳатто қасиданинг анъанавий тузилиши тўғри эканлигига шубҳа билдирган: „Ҳар қандай мадҳиядан аввал лирик муқаддима келади. Наҳотки ҳар бир истедодли шоир ошиқ бўлса?“.
Ноёб шоирлик истеъдоди, кузатувчанлик ва ақл жонлилиги ал-Мутанаббийга бадавийлик шеъриятидаги чекланишларни ва кўплаб тақлидларни енгишига ёрдам берган. Унинг шеърлари мазмунини замон, инсоннинг характери ташкил қилган, бунинг оқибатида уларда шоирнинг ҳаётий кузатишлари ҳам, кўпгина амалий ғоялари ҳам бадиий ифодасини топган. Ал-Мутанаббий араб шоирлик техникасининг барча имкониятларидан кенг фойдаланиб, олиб бораётган мумтоз қасидага янги ҳаёт бағишлади, оҳангдорлик ва куч берди. У алоҳида байтларга шу қадар катта шеърий мазмун бера олганки, уларнинг аксарияти кейинчалик ажойиб ҳикматлар ва мақоллар тарзида мустақил ҳаёт кечира бошлади.
Ал-Мутанаббий ижодидаёқ араб шеъриятининг келгусидаги таназзули кўрина бошлаган. Унинг шерларида ҳақиқатдан йироқ қиёслашлар ҳам, шаклдаги маълум жимжимадорлик ва сунъийлик ҳам учрайди. Ал-Мутанаббийнинг аксарият қасидаларида бир аср кейин араб шеъриятининг асосий жиҳатига айланадиган формализим муҳри бор. Шоир кўпинча сохта риторикага киришади, ўз асарларини каламбур ва икки маъноли иборалар билан, тушунарсиз аллегориялар билан тўлдиради, архаизмлардан фойдаланади, чалкаш синтаксик ибораларни ишлатади. Кўп ҳолларда бу мураккаблик асар характери билан боғлиқ бўлган. Масалан, шоир Кафурнинг устидан кулиш учун унга бағишлаган мадҳияларида омонимлардан усталик билан фойдаланган. Бундай мадҳияларнинг айрим байтлари икки маънога мадҳия ва ҳажвия маъноларига эга.
Бир феълни (завқланишни) икки манода ишлатиш байтга сатирик хусусият бағишлайди: „хурсанд бўлиш“ ва „устидан кулиш“.
Араблар барча замонларда ал-Мутанаббийнинг шоирлик маҳоратини юксак қадрлаганлар. Унинг қасидаларида ананавий шеърият тарафдорларини бадавий руҳ ўзига тортган, улар ҳатто шоирни айтиш қийин бўлган, „кескин“ товуш бирикмалари ва оғир қофиялари учун кечирганлар. „Янгиланиш“ тарафдорларини унинг ижодида образларни тузиш маҳорати, уларнинг ҳаракатчанлиги (динамичност), инсон характерига қизиқиш ўзига тортган. Иккала оқим тарафдорларига шоир шеърларидаги лўндалик, шакл яхлитлиги, ибораларнинг аниқлиги, шеърнинг мусиқавийлиги маъқул келган[3].
Манбалар
- ↑ Аййıлдıз, Эсат (2020), „эл-Мутенеббî’нин Сейфüддевлеъе Метҳиелери (Сейфиййâт)“, БЕÜ İлаҳият Факüлтеси Дергиси, 7 (2), 497-518. ДОИ: 10.33460/беуифд.810283
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Зиявуддинова М. Мумтоз араб адабиёти, 2011.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |