Mutrib Xonaharobiy
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Мутриб Хонахаробий (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Ҳасан Ҳожи Табиб ўғли), (1865-Хива-1925) -шоир. Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасида таҳсил олган. Мақомчи бастакор сифатида ҳам машҳур бўлган (Мутриб—созанда, тахаллуси шундан). М. Х.нинг серқирра иқтидорини юқори баҳолаган Феруз уни саройга жалб этиб, девонбегилик вазифасига тайинлаган. Бу йилларда М. Х. ёзган ғазал ва мухаммаслар кўплаб баёз, мажмуалардан ўрин олган, жумладан, Табибий тузган иккала тазкирада шоир асарларидан кўплаб намуналар учрайди. М. Х. ХХ асрнинг 20-йилларида сарой тугатилгач, Хоразмда пайдо бўлган маҳаллий матбуотда фаол иштирок этади, "Хоразм хабарлари", "Инқилоб қуёши" газ.ларида адабий ходим лавозимида хизмат қилади. Илк шеърларини 1890-йилда ёза бошлаган. Унинг баёз, девон ва мажмуалар орқали 16 минг мисрага яқин ғазал, мухаммас, мусаддас, қасидалардан иборат адабий мероси етиб келган.
М. Х. қолдирган ижодий мерос асосини ишқ-муҳаббат мавзуида битилган ғазал, мурабба, маснавий, мухаммас, мусаддас ва рубоийлар ташкил этади. Унинг хон ва шоир Феруз шаънига бағишланган қасидалари ҳам мавжуд. М. Х.нинг илм-маърифатга даъват, ҳуррият мавзуларида ёзилган шеърлари маҳаллий матбуот саҳифаларида, шунингдек, Хивада 1923-йилда нашр этилган „Ўзбекча инқилоб шеърлари йиғурми“ тўпламида чоп этилган. Бу туркум шеърларида („Кўрунг эмди халойиққа…“, „Билинглар, эй халойиқ“, „Кўнглума бир турфа сўз келди равон“ ва бошқалар) тарғибий-ташвиқий руҳ, хитоб, даъват оҳанглари ҳукмронлик қилади. Аммо мазкур тўплам ҳозирги вақтгача топилмаган.
М. Х. меросининг асосий қисми 1909-йилда Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Ёқуб – Харрот тартиб берган девон (300 саҳифа)да жамланган. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида шоир девони (инв. № 903/В, 906/ВИИ, 2679/ИИ) инвентар рақамлари остида сақланади.[1] Лаффасийнинг Феруз давридаги хоразмлик ижодкорларга бағишланган „Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари“ номли қўлёзма тазкирасида М. Х.га оид маълумотлар, хусусан, унинг танбурни маромида чала олиши, форсий тилни мукаммал билгани, девон тартиб қилгани ва „Шоҳ Комрон“ шеърий асари борлиги ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, Лаффасий М.нинг "Хонахароб" тахаллусини олиш сабабини ҳажвий шеърлар ёзиши билан изоҳлайди.[2]
Абдурашид Абдуғафуров.[3]
Ўрганилиши
М.Х ижодига оид кўпгина илмий изланишлар олиб борилган. Хусусан, Матназар Пирназаров 1973-йилда „Мутриб Хонахаробийнинг ижодий йўли“ мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2021-йилда Мадримова Соҳиба филология фанлари доктори (ПҳД) илмий даражасини олиш учун"Мутриб Хонахароб ва унинг адабий мероси" номли илмий тадқиқотини ҳимоя қилган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |