Нафлилик — моддий ва маънавий неъматлар, товарларнинг ўз хусусиятларига кўра, эҳтиёжларни қондириш хоссаси; товарлар ва хизматларни истеъмол қилишдан ҳар бир шахс оладиган муайян қониқиш. Иқтисодий назариянинг асосий тушунчаларидан бири. Нафлилик даражаси — субектив тушунча, у шахснинг манфаати, у ёки бу неъматга интилишига боғлиқ. Неъматларнинг инсон учун муҳимлиги ва аҳамияти уларнинг инсон учун нафлилигига — улар қондирадиган эҳтиёжларнинг эҳтиёжлар тартибидаги ўрнига, даражаси ва аҳамиятига боғлиқ. Ҳар қандай неъматларнинг нафтлилик даражаси унинг табиий хоссаларига, сифатига боғлиқ. Маҳсулот нафлилиги ўсиши учун унинг табиий ва сунъий яратилган хоссалари сифатини яхшилаш лозим. Масалан, буюмнинг сифати яхшиланиб хизмат қилиш муддати 2-марта орца, унинг нафлилиги 2-марта ортиб, олдингисига нисбатан 2-марта кўпроқ эҳтиёжни қондиради. Шунинг учун ҳам иқтисодий ўсишнинг муҳим омили маҳсулот сифати ва унинг нафлилик даражасини оширишдир. Айрим товарлардан қониқиш якка қониқишдир, аммо товарларни истеъмол этишда умумий қониқиш ҳам пайдо бўлади. Умумий нафлилик — истеъмол қилинадиган бойликларнинг барча таркибий қисмлари бўйича нафлилигидир. Умумий нафилилик товарлар гуруҳига дахлдор ва кишилар талабини тез ўзгартиради. Умуман, товарлар хилма-хил бўлганда нафлилик пасайишга мойил бўлади. Товарларнинг наф келтириш хусусияти — истеъмол этиш жараёнида истеъмолчида қониқиш ҳосил эта олиши, яъни харидорнинг индивидуал дидига қараб эҳтиёжни қондира олишидир. Товарнинг наф келтириши қанчалик юқори бўлса, шунчалик нархнинг қийматдан узилиши ҳам юз беради. Аммо бундай ҳол кам учрайди, чунки товарлар ғоят кўп бўлганидан айрим товарлар нафлилиги ўта юқори бўлмайди, ўринбосар товарлардаги нафлилик уни тутиб туради.

Нархнинг товар нафлилигига монанд ошиб бориши чексиз эмас. Чунки наф келтириш меъёрининг ҳам энг охирги чегараси бўлади. Шу чегарадан ўтгач, товарнинг нафлиги пасая боради. Шундан сўнг, харид этилган ва истеъмол қилинган товар нафлиги пасаяди. Чунки, харид нархининг чекланганлиги туфайли харидор ўз қўлидаги пулига юксак қониқиш ҳосил қиладиган товарларни олади. Бу нафлиликнинг юқори нуқтаси (максимизацияси) дейилади.

Бозор шароитида истеъмол танловининг асосий чегаралари товарнинг нархи ва истеъмолчининг даромади ҳисобланади. Шу сабабли, нафақат товарнинг нафлилиги, балки нафлиликнинг мазкур товар нархи билан нисбати ҳам аҳамиятга эга. Бундай нисбат чамаланган (ҳисобга олинган) меъёрий нафлилик дейилади. Жамият ривожланишида моддий ва маънавий неъматларнинг нафлилик жуда муҳим масала бўлганидан иқтисодий тафаккур тарихида обектив ва субектив нуқтаи назарларда турадиган бир қанча нафлилик назариялари пайдо бўлди. нафлилик муаммосига сиёсий иқтисоддаги австрия мактаби вакиллари Э.Бём-Баверк, Ф.Визер, К.Менгер, шунингдек, Г.Госсен ва бошқа катта эътибор берганлар. Уларнинг фикрича, кишилар неъматларни Нафлиликга эга бўлгани учунгина қадрлайдилар, истеъмолчи назарида қадрли бўлган нарсагина қадр-қимматга эгадир. Кишилар муайян товарларни қадрлаганларида унинг фақат обектив Нафлиликни ёки субектив нафлиликни (уни истеъмол этишдан олинадиган қониқишни, нафни) ҳисобга олиш билан чекланмасдан, унинг меҳнат натижаси эканлиги, ижтимоий меҳнатнинг мужассам эканлигини, яъни муайян ижтимоий қийматга эга эканлигини ҳам ҳисобга оладилар, товарни обектив нафлилик ва ижтимоий қиймат бирлигидан иборат маҳсулот сифатида кадрлайдилар. Неъматнинг субектив қадр-қиммати унинг обектив қадр-қимматининг, обектив нафлилики ва ижтимоий қиймати бирлигининг инсоний эҳтиёж, фаровонлик нуқтаи назаридан қадрланадиган субектив аҳамиятидир.

Яна қаранг

Адабиёт

  • Самуэлсон П. А., Нордхаусс В. Д., Экономика, М., 2000.

Эрлис Алиқулов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил